Меню

Қашқадарё

18.01.2018 1772

SOHIBQIRON.UZ САЙТИ НЕГА ЯНГИЛАНМАЯПТИ?

Албатта, бундай сайтга эҳтиёж бор эди. Чунки жаҳон миқёсида танилган ва тан олинган буюк саркардалар саноқли ва улардан бири вилоятимиз ҳудудидан етишиб чиққани бизга ғурур бағишлаши баробарида фарзандлик бурчимизни тўла-тўкис адо этишни ҳам тақозо этар, янги сайт эса бу йўлдаги хайрли ишлардан бири эди. Бироқ сайт ўша яратилганидан бери янгиланмади ҳисоб. Бугун унда жойлаштирилган маълумотлар 2016 йилнинг март-апрель ойлари билан “қотиб” қолган.

Ваҳоланки, бу орада Амир Темур ҳаёти ва фаолияти, Темурийлар даври билан боғлиқ тадқиқотлар, тадбирлар ўзимизда ҳам, хорижда ҳам тўхтагани йўқ ва муттасил давом этмоқда. Бироқ буларнинг бирортаси сайтда ўз ифодасини топмаётгани чатоқ.

Маълумки, сайт оммабоплиги таъминланиши учун у кунига, керак бўлса, соатига, ҳеч бўлмаганда ҳафтада камида 3-4 марта янгилаб борилиши керак. Чунки у маълумотлар базаси эмас, яъни янгиланиб боришга муҳтож.

Албатта, sohibqiron.uz да эътиборга молик жиҳатлар ҳам кўп. Биргина Амир Темур даври ва фаолиятига оид 20 дан зиёд манба келтирилганини олайлик. Бу манбалар билан танишиш ва уларни кўчириб олиш имкони фойдаланувчиларга маъқул. Бироқ бу манбаларни ҳам янгилари билан бойитиб бориш керак. Шунда сайтнинг рейтинги ошади, айни пайтда Амир Темур ҳақида билишни истаган киши бошқа манба эмас, биринчи навбатда sohibqiron.uz га мурожаат қила(р)ди.

Ёки Амир Темур эгалик қилган давлатлар қадимги ва ҳозирги жойи билан келтирилгани барчага бирдай қизиқ. Бироқ ҳамма мавзуда ҳам шундай маълумотлар учрамайди. Дейлик, Амир Темур таржимаи ҳоли ҳақидаги бўлимга кирган киши бу ерда келтирилганлардан кўра кўпроқ нарсани билади. Яъни мазкур бўлимда фақат умумий фикрлар келтирилган, холос.

“Соҳибқирон авлодлари”, “Соҳибқирон сиёсати”, “Соҳибқирон донолиги”, “Авлодларга сабоқлар” рукнлари номига, зўрма-зўраки ташкил қилингандай тасаввур уйғотади кишида. Аниқроғи, бу рукнларда жойлаштирилган маълумотлар ўқувчи талаби ва эҳтиёжини қондирмайди, зарур ахборотга эга бўлиш имконини бермайди.

Сайтдаги имло хатолари яна қайта кўриб чиқилганида ҳам фойдадан холи бўлмасди. Ҳарҳолда бу сайт дунёда ягона – Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қиладиган, дунё жамоатчилиги учун тасаввур берадиган бошқа сайт йўқ. Шундай экан, уни ишлайдиган, фаол фойдаланувчиларга эга кўринишга келтириш керак. Ҳарҳолда у номига ташкил қилинмаган (бўлса керак)...

Б.ЎКТАМ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!