Меню

Қашқадарё

30.08.2019 2092

СОFЛОМ АВЛОД - МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ

Вилоят ёшлар марказида давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида "Соғлом авлод - миллат келажаги" мавзусида бўлиб ўтган конференцияда шу ҳақда айтиб ўтилди.

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, I ва II даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳиблари, вилоятдаги ННТ вакиллари  ва ёшлар иштирок этди.

Конференцияда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Махсуда Мустафоева, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими раиси Гулнора Шарипова, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Дилбар Тўхтаева сўзга чиқдилар.

Таъкидландики, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллат генофондини сақлаш ва яхшилаш, аҳолининг умр кўриш давомийлигини ва турмуш даражасини ошириш, соғлом зурриёдни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун шаҳару қишлоқларимизда фаолият юритаётган замонавий мактаблар, академик лицейлар, болалар ижодиёти марказлари, спорт саройлари, тиббий муассасалар соғлом ва баркамол авлодни ўстиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки даражадан иборат "Соғлом авлод учун" орденига эса мана шу жабҳада фидокорона меҳнат қилаётган фидойи юртдошларимиз сазовор бўлмоқда.

Конференцияда, шунингдек, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган ишлар хусусида ҳам айтиб ўтилди.

Маълумотларга кўра, фонд томонидан вилоятимиздаги тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, Меҳрибонлик, Мурувват, Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш учун дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, гигиена воситалари, кийим-кечак, озиқ-овқат, ногиронлик аравачалари, спорт инвентарларидан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берилмоқда. Жорий йилда фонд ёрдами билан юқори лаб ва танглайида нуқсони бўлган 12 ёшгача бўлган 18 нафар бола Тошкент тиббиёт академиясида бепул операция йўли билан даволаниб чиқди. 1 бола Германия давлатининг нуфузли клиникасида  куйишнинг асорати бўйича даволанмоқда.

Тадбир сўнгида орден соҳиблари ва фонд ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратда тадбирдан лавҳа.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!