Меню
Қашқадарё
СОДДА, ҚУЛАЙ ВА ШАФФОФ БИЗНЕС МУҲИТИНИ ЯРАТАМИЗ
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси халқ фаровонлиги учун 5 мақсад ва 500 вазифани ўз ичига олган Сайловолди дастурини ишлаб чиқди. Дастурдаги биринчи мақсад - барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришиш бўлиб, бу партиянинг асосий ғояларидан биридир.
Биз 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказишни мақсад қилганмиз.
Ўзбекистонни тадбиркорлар мамлакатига айлантирамиз. Тадбиркорлар сафини 3 миллион нафардан ошириш учун барча зарур чораларни кўрамиз.
Барқарор иш жойларини яратиб, камбағалликни қисқартирамиз
Мамлакатимизда камбағаллик кўламини икки карра камайтириш, энг аввало, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг маҳаллабай дастурларини ишлаб чиқиш O'zLiDeP сайловолди дастурида асосий масала сифатида белгиланган.
Янгиланган Конституциямизнинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланган бўлиб, шунга асосан партиямиз ўз сайловолди дастурида туман, шаҳар, маҳаллаларнинг алоҳида мастер-режаларини ишлаб чиқишни, тадбиркорлик оммавий тус олишига эришишни ўз вазифаси деб билади.
Ишсизликнинг паст даражасига эришиш учун касб-ҳунарга ўқитиш кўлами ҳар йили икки бараварга оширилиб, беш йилда камида 1 миллион фуқаро бозори чаққон касбларга ўргатилади. Албатта, бунда ҳар бир туман ва шаҳарда мономарказлар ташкил этилади.
Партиянинг Сайловолди дастуридан ўрин олган вазифалардан яна бири - ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантиришдир. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар беришни таклиф этамиз. Оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун кредит таътиллари бериш тизимини жорий қиламиз.
Содда, қулай ва шаффоф бизнес муҳитини яратамиз
Партия Сайловолди дастурида сув хўжалиги, экология, энергетика соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилишини кенгайтиришни илгари суради. Йўл қурилиши, газ ва электр етказиб бериш соҳаларига хусусий бизнесни кенг жалб этиш ташаббуси билан чиқамиз.
Келгуси 5 йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш бўйича барча зарурий чораларни кўрамиз. Давлат улуши мавжуд корхоналар сонини 6 баробарга камайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Бизнес юритишни янада соддалаштириш, 1000 га яқин бюрократик талабларни бекор қилиш чораларини кўрамиз. Лицензиялар сонини икки бараварга камайтирамиз, лицензия бекор бўладиган 60 та фаолият учун хабардор қилиш тизимини жорий этамиз.
O'zLiDeP ўз ташаббусларида яширин иқтисодиёт иллати билан бизнесга тўсиқ яратмайдиган воситалар орқали муросасиз курашишни ўзининг асосий вазифаси, деб ҳисоблайди.
Давлат харидларида шаффофликни ошириш ва унда кичик бизнес иштирокини янада кенгайтириш мақсадида "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунни такомиллаштиришда фаол иштирок этамиз. "Венчур инвестициялар тўғрисида"ги ва "Краудфандинг тўғрисида"ги янги қонунларни ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.
Барқарор, содда ва адолатли солиқ сиёсати тарафдоримиз
Биз солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритилиши йўналишида иш олиб борамиз.
Шу жиҳатдан айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун товарларни реализация қилишдан олинган жами даромад миқдори чегарасини БҲМнинг 5 минг баробари даражасида белгилашни таклиф этамиз.
Партиямиз Солиқ кодекси ва бошқа меъёрий ҳужжатлардаги тадбиркорлик субъектининг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши учун айрим талабларни бекор қилишни таклиф этади.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, одамларимизда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, кичик бўлса-да, ўз бизнесини йўлга қўйган ҳолда моддий фаровонликка эришишига кўмаклашиш асосий мақсадларимиздан биридир.
Саноат тармоқларини ривожлантирамиз
Юртимизда илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Эндиликда биз саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 бараварга, меҳнат унумдорлигини икки бараварга ошириш, 115 миллиард долларлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур чораларни белгилаймиз. Саноатда таннархни камайтириш сиёсатини олиб борамиз.
Ҳаммамизга маълумки, мамлакатда саноат қанча тараққий этса, иш ўрни кўпаяди, аҳолининг оилавий бюджети мустаҳкамланади, камбағаллик чекинади. Саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш учун астойдил иш олиб борамиз.
Кичик саноат зоналарида инвестиция мажбуриятини бажарган тадбиркорларимизга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратамиз. Салоҳиятли тадбиркорларга кичик ва ёшлар саноат зоналаридан 10 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи билан ер ажратилиши тарафдоримиз.
Мамлакатимизни минтақавий "тўқимачилик хаби"га айлантириш мақсадида, тўқимачилик соҳасидаги тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак берамиз.
Саноатни ривожлантиришда рақамли иқтисодиёт соҳаси муҳим роль ўйнайди. Шу боис рақамли иқтисодиётни тараққий этишига ҳуқуқий ва молиявий шароитларни яратишга оид дастурлар қабул қилинишини таклиф қиламиз.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаймиз ва аграр соҳани ривожлантирамиз
Бугун ҳаёт олдимизга қўяётган улкан масалалардан бири озиқ-овқат хавфсизлигига эришишдир. O'zLiDeP янги Сайловолди дастурида озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш йўлидаги ислоҳотларга алоҳида эътибор берилмоқда.
Хусусан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан олинадиган ўртача даромадни ошириш учун катта имкониятлар мавжуд. Шу боис, 1 гектар ердан олинадиган даромадни 5 минг долларга етказишни таъминлаш муҳим вазифамиздир.
Тадбиркорлар ҳаётини кузатиб шу жиҳатга эътибор қаратдикки, улар учун "Агросаноат кластерлари тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқишга эҳтиёж мавжуд ва биз бу борада қатъий иш олиб борамиз.
Биз қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловлар деградациясининг олдини олиш юзасидан Миллий дастур қабул қилиниши тарафдоримиз.
Экспорт салоҳиятини янада юксалтирамиз
Бугун Ўзбекистон инвесторлар эркин ва тўлақонли фаолият олиб бораётган мамлакат сифатида дунёга танилмоқда.
Партиямиз давлатимиз томонидан бу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, уни тизимли асосда давом эттириб, экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва экспорт географиясини кенгайтиришда фаол иш олиб боради.
50 та нуфузли хорижий бренд билан махсус экспорт зоналари ташкил қилиниши, экспортчи тадбиркорлар учун кредит фоиз ставкалари камайтирилиши борасида иш олиб борилади. Ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил қилинади, IT хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилади.
Рақамли технологияларга ихтисослашган корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш диққатимиз марказида бўлади.
Партиямиз Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги, юртимиз тараққиёти, давлатимиз раҳбари олиб бораётган ислоҳотларни ва халқимизнинг орзу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида қатъий бел боғлаган сиёсий куч!
Ғоя ва қарашларимиз тадбиркорлар, ишбилармонлар, бутун халқимиз саъй-ҳаракатлари билан ҳамоҳанг ва уларни қўллаб-қувватлашга доим тайёрмиз!
O'zLiDeP ва унинг депутатликка кўрсатган номзодларига овоз беринг!
Абдулло АСЛОНОВ,
O'zLiDeP Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари
Гулшана ХУДАЯРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати