Меню

Қашқадарё

19.05.2022 1838

Собиқ ўқувчилар қироличадан узр сўрашни талаб қилаяпти

Канаданинг туб аҳолиси Буюк Британия қироличаси Елизавета II ни ерли халқ болаларига мўлжалланган мактаб-интернатлар фаолияти учун узр сўрашга ва уларнинг ҳозирда ҳаёт бўлган ўқувчиларига компенсация тўлашга чақирди, дея хабар беради CBC телеканали.

Ана шундай баёнот билан мактаб-интернатларнинг шафқатсиз муносабатлардан омон қолган собиқ ўқувчилари, жумладан, Метислар миллий кенгаши раҳбари Кэссиди Кэрон чиққан. Унинг сўзларига кўра, қиролича Канада раҳбари ва Англикан черкови етакчиси сифатида интернатлар фаолияти ва улар билан боғлиқ фожиали воқеалар учун узр сўраши керак.

Кэссиди Кэрон шунга оид талабнома қироличанинг жорий ҳафтада Канадада бўлиши кутилаётган ўғли, шаҳзода Чарльга тақдим этилиши режалаштирилганини маълум қилган. 

Телеканал унинг: "Биз жамиятимизда асосий инсоний эҳтиёжларни қондиришимиз керак, бу мустамлакачилик асоратлари ҳисобланади. Бу ассимиляция (тил ва маданиятни зўрлаб сингдириш) билан боғлиқ ва айрим молиявий компенсациялар жуда фойдали, шунинг учунки, олдинга интилишимизга ёрдам беради", деган фикрларини келтирган.

Ўтган йили майда Канаданинг Британия Колумбияси провинциясидаги собиқ мактаб-интернат ҳудудидан уч ёш ва ундан катта бўлган 215 нафар бола жасади қолдиқлари топилган. Ушбу ҳинду болалар учун мактаб 1890-1969 йилларда черков назорати остида фаолият юритган. Кейинчалик у федерал ҳукумат назоратига ўтган ва 1978 йилгача мавжуд бўлган.

Мамлакат бош вазири Жастин Трюдо бундай муассасалар очиш амалиётини қоралаб, уни фожиа деб атаган. Унинг сўзларига кўра, болалар оилаларидан олиб кетилган ва "синдирилган ҳолда қайтишган ёки тушунарсиз тарзда умуман қайтишмаган". Канадада 150 минг ўсмир шундай мактаблар синовларидан ўтган. Шафқатсиз муносабат ва ғамхўрликдан бебаҳралик натижасида ушбу интернатларда камида 3 минг 200 тарбияланувчи вафот этган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!