Меню

Қашқадарё

24.02.2022 1385

Собиқ президентлар қўшни мамлакат ҳудудида миллий адоват қўзғашда айбланиб, қидирувга берилди

Озарбайжон ҳарбий прокуратураси Арманистоннинг собиқ президентлари - Роберт Кочарян ва Серж Саргсянга нисбатан қидирув эълон қилди, дея хабар тарқатган мамлакатдаги маҳаллий оммавий ахборот воситалари.

"Арманистон собиқ президентлари - Кочарян Роберт Седракович ва Саргсян Серж Азатович жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка жалб қилиниб, уларга нисбатан қидирув эълон қилинган. Кўрсатилган шахслар 1988 йил февраль ойидан озар ва арман халқлари ўртасида миллий адоват қўзғаш мақсадида Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги ташкилот ва муассасаларда миллати арман бўлган ишчилар иштирокида йиғинлар ташкил этган ва ўтказган", дейилади хабарда мамлакат ҳарбий прокуратураси махсус тергов бўлими бошлиғи Эмила Тагиева сўзларига таяниб.

Прокуратура масъулининг сўзларига кўра, Кочарян ва Саргсян ўзларини давлат ҳокимияти вакиллари кўрсатиб, Қорабоғ арманларга тегишли ва унда фақат арманлар яшаши кераклигини айтган ва озарларни ишдан бўшатишга, шаҳарлар ва Тоғли Қорабоғдан мажбуран кўчиришга, уларнинг уйларини ёқишга чақирган. 1991 йил 2 сентябрда Озарбайжон Республикаси конституциясига зид равишда собиқ Шаумян шаҳрини ўз ичига олган "Тоғли Қорабоғ Республикаси"ни эълон қилиб, ҳокимиятни тўлиқ вилоят халқ депутатлари кенгаши ва унинг ижроия қўмитасига ўтказган.

"Шунингдек, улар ушбу ҳудудда Озарбайжон Республикаси конституцияси ва қонунлари амал қилишини тўхтатиш ҳақида ноқонуний қарор қабул қилган. Мана шу ҳаракатлари ва бошқа содир этган жиноятлари учун номлари тилга олинган шахсларга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қидирув эълон қилинди", дея аниқлик киритган ҳарбий прокуратура вакили.

Эслатиб ўтиш ўринли, 1988 йилда бошланган зиддиятлар ортидан Арманистон таъсиридаги Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Озарбайжон таркибидан чиққанини эълон қилган. 1992-1994 йиллардаги қуролли тўқнашувлардан кейин мамлакат ҳудуд устидан назоратни тўлиқ йўқотган. 2020 йил сентябрда қўзғалган эски можаро натижаси қандай тугаганидан эса кўпчилик хабардор.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!