Меню

Қашқадарё

23.04.2021 1596

Собиқ полициячи айбдор деб топилди

АҚШнинг Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳар суди маслаҳат кенгаши собиқ полициячи Дерек Шовинни афроамерикалик фуқаро Жорж Флойд ўлимида айбдор деб топди.

Шовин жиноят ишининг барча уч банди бўйича айбдор, дея эътироф этилди. У суд маслаҳат кенгаши қарорини ҳеч бир ҳис-ҳаяжонсиз қабул қилган.

Энди собиқ полициячига 40 йилгача бўлган қамоқ жазоси хавф солаяпти, бунга судья аниқлик киритади. Ҳукм икки ойдан кейин эълон қилиниши кутилаяпти.

Маслаҳат кенгаши қароридан сўнг Шовин қўлларига кишан тақилиб, суд залидан олиб кетилди. Унгача у гаров эвазига озодликда юрганди. Энди собиқ полициячи суд ҳукмини қамоқда кутади.

Суд маслаҳат кенгаши қарорини шарҳлаган АҚШ президенти Жо Байден уни "ҳақиқатга қараб босилган улкан қадам" деб атади. Шунингдек, Америка раҳбари шунга ўхшаш суиистеъмолларга йўл қўймаслик учун полицияни ислоҳ қилишга чақирди. Ана шунинг ортидан Жо Байден ва вице президент Камала Харрис телефон орқали жабрланувчи - Жорж Флойднинг акаси билан мулоқот қилди.

Флойдлар оиласи адвокати Бен Крамп эса суд маслаҳат кенгаши қарорини "тарихдаги бурилиш палласи", деб атаган.

Собиқ полициячи Дерек Шовин қўлга олиш чоғида Жоржни ўлдирганликда айбланаяпти. Воқеа 2020 йилнинг май ойида рўй берганди ва кенг жамоатчилик норозилигини уйғотган эди. Натижада АҚШда бутун мамлакат бўйлаб полиция куч ишлатиши ва қора танлиларни таҳқирлашига қарши намойишлар бошланиб кетганди. Жорий йил март ойи охирларида эса  Миннеаполисда Шовин устидан суд бошланди.

Аввалроқ штатдаги Хеннепин округи бош суд тиббий эксперти Эндрю Бейкер Флойд қўлга олиш чоғида полиция томонидан қўлланган куч усули натижасида ўлганини эълон қилган. Аммо бунга    жабрланувчида мавжуд юрак касаллиги ва гиёҳвандлик моддаси истеъмоли ҳам ёрдам берган.

Ўшанда Шовиннинг адвокати афроамерикалик юрак касалидан ёки гиёҳванд модда таъсиридан вафот этган бўлиши мумкинлигини иддао қилганди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!