Меню
Қашқадарё
Собиқ номзод амалдаги президент томонига "оғди"
Давлат раҳбари лавозими учун ўтказилган сайловнинг биринчи турида 5 фоиздан ортиқроқ овоз тўплашга муваффақ бўлган Туркия президентлигига "Отатурк альянси"дан собиқ номзод Синан Оған мазкур сиёсий тадбирнинг иккинчи турида мамлакатнинг амалдаги лидери Ражаб Тоййиб Эрдўғанни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. У бу ҳақда матбуот анжуманида эълон қилган, дея хабар беради Hurriyet газетаси.
Сиёсатчи ўз нутқида Туркия ҳудудидан бир неча миллион ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш, шунингдек, депортация жадвалини ишлаб чиқиш муҳимлигини айтган. Бундан ташқари, президентликка собиқ номзод барча террорчи гуруҳларга қарши курашни давом эттириш кераклигини кўрсатиб ўтган.
Синан Оған давлат раҳбари лавозими учун курашни давом эттираётган икки номзод билан ҳам учрашганини айтган. Унинг таъкидлашича, сайловнинг иккинчи турида кимни қўллаш тўғрисидаги "қарор қандайдир савдолашишлар доирасида қабул қилинмаган".
"Халқ альянси бизни ишонтира олмади. 14 майда ўтган сайловнинг биринчи турида ким мен учун танлов қилган бўлса, уларни 28 майда ўтадиган иккинчи - ҳал қилувчи турда ўз овозини Ражаб Тоййиб Эрдўғанга беришга чақираман", деган сиёсатчи.
Туркия президенти лавозими учун ўтказилган сайловнинг биринчи турида Ражаб Тоййип Эрдўған 49,52 фоиз, унинг рақиби, мухолифатдаги партиялар иттифоқи (Халқ альянси) кўрсатган номзод Камол Қиличдорўғли 44,88 фоиз овоз олган. Синан Оғанни эса сайловчиларнинг 5,28 фоизи қўллаб-қувватлаган.