Меню
Қашқадарё
СОБИҚ ЭР-ХОТИН БОЗОРДА ЖАНЖАЛ ҚИЛДИ
Эҳтимол асли косонлик Х.Н. ва Қарши шаҳрилик А.П. бир вақтлар ажрашиб, ўзлари учун тўғри қарорга келишгандир, бироқ 2018 йилнинг 15 сентябрь куни Қарши шаҳридаги "Ерқўрғон" бозорида ўзаро жанжаллашиб кетиши ҳеч бир ахлоқий меъёрларга тўғри келмайди. Яна икки орадаги даҳанаки "жанг"га Х.Н.нинг қизи ва А.П.нинг хотини қўшилиб кетганига нима дейсиз. Улар бир-бирларини камситадиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, уришиб-тортишгани ҳар ҳолда одамлар ўртасида чиройли манзара ҳосил қилмаган. Натижада Х.Н. ва унинг қизига енгил даражада тан жароҳати етказилган. Аммо улар ҳам "бўш" келмаган, аёл зотига ярашмайдиган сўзлар билан "рақиб"ларини "сийлашган". Албатта, қонунда бунинг учун ҳам жавобгарлик бор.
Вилоят маъмурий судида ўтган очиқ суд мажлисида, кутилганидек, уларнинг барчаси қилмишига пушаймонлиги, бу каби ҳолат қайта такрорланмаслигини маълум қилишди.
Суд ҳуқуқбузарларга жазо тайинлашда уларнинг шахсини, илгари маъмурий жавобгарликка тортилмаганини, оилавий аҳволини инобатга олиб, қилмиши даражасига қараб турли миқдорда жарима жазоси тайинлашни лозим деб топди.
Қайд этиш лозим, ўтган йил давомида бошқаларни ҳақорат қилгани учун 14 минг 153 шахсга нисбатан иш кўрилган бўлиб, уларнинг 3528 нафари жарима тўлашига тўғри келган. Енгил тан жароҳати етказганлик ҳолати бўйича эса 4167 шахсга оид 3 минг 8 та иш очилган, 1394 ҳуқуқбузар жаримага тортилган.
Баҳром НАРМУРАТОВ,
вилоят маъмурий суди судьяси