Меню
Қашқадарё
СОҒЛОМ ВА МАЪНАВИЙ ЕТУК АВЛОД – ЮРТ КЕЛАЖАГИ
- Ўқитувчиларимиз бизга уқтирганлари каби кўп китоб ўқиган бола бошқа тенгдошларидан устун бўлади, унинг фикрлаши ўсади, дунёқараши кенгаяди, - дейди Эъзоза Йўлдошева. – Бугунги тадбирда мен бармоқлар ҳақида ёзилган шеърий машқимни ўқиб бердим ва бунинг эвазига бир даста китоб совға қилишди. Бундан жудаям хурсандман. Уйимдаги кичик кутубхонам бойиди. Мен албатта бу китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиқаман.
“Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги” шиори остида бутун республика бўйлаб ўтказилаётган мазкур фестиваль доирасида Қарши шаҳрида ҳам ташкил этилган китоб байрамида иштирок этган Эъзоза сингари ўғил-қизлар китобнинг аҳамияти, унинг бебаҳо бойлик эканлигини яна бир бор ҳис этишди. Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси, маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирга Қарши шаҳридаги мактаблар ўқувчилари таклиф қилинди. Тадбир давомида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган нашриётларда чоп этилган китоб маҳсулотлари, шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси қошидаги ахборот-ресурс маркази янги китоблар фонди кўргазмаси, китоб савдоси ташкил этилди. “Истеъдод чорлови” ва “Ҳайрат” ижодий тўгараклари аъзолари иштирокида мушоира уюштирилди, ўқувчиларнинг зукколиги, билимдонлиги қизиқарли савол-жавоблар асосида синовдан ўтказилди. Якунда фаол иштирокчиларга китоблар ҳадя қилинди.
Х.ҚИЛИЧЕВА