Меню
Қашқадарё
СОҒЛОМ МУҲИТ ЯРАТАЙЛИК
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида ўтказган семинари ана шу тадбирга бағишланди.
Ушбу тарғибот кампаниясидан асосий мақсад аҳоли ўртасида тамакининг зарари, уни истеъмол қилишнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб бориш, тамаки маҳсулотлари сотилишини, жамоат жойларида чекишни чеклашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2012 йилда дунё бўйича 56 миллион ўлимнинг 38 миллионини юрак қон-томир, қандли диабет, онкологик ва сурункали респиратор хасталиклар ташкил этган. Бу касалликларни келтириб чиқарувчи омиллардан бири эса сурункали тамаки истеъмол қилишдир. Аммо, минг афсуски, бугунги кунда чекиш энг катта иллатлардан бирига айланиб, жаҳон афкор оммасининг жиддий ташвишига сабаб бўлмоқда. Бизнинг республикамизда ҳам кашандаликка қарши курашиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, мазкур ойлик ҳам шулар жумласидандир.
Семинарда шу хусусда батафсил тўхталиб ўтилди ва ойлик давомида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикрлашилди. Қайд этилганидек, ҳозирда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиниши, тамаки маҳсулотлари сотуви рағбатлантирилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳудудлардаги аҳоли хонадонлари, ишхоналар, одамлар билан гавжум савдо ва овқатланиш шохобчалари, жамоат транспортларида тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича жамоатчилик мониторинглари олиб борилади ва тамаки маҳсулоти истеъмол қилинишига қарши огоҳлантирувчи белгилар жойлаштирилади. Ҳар ўн кунда ойлик давомида олиб борилган жамоатчилик назорати натижалари эълон қилинади. Бу даврда тамаки ва тамаки тутунининг саломатликка таъсири бўйича аҳоли саводхонлигини ошириш мақсадида ток-шоулар, турли кўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилади. Давлат ва жамоат ташкилотларида ўқув семинарлари ўтказилади.
- Маҳалламизда 39 та кўп қаватли уй, 2 та мактаб, савдо шохобчалари ва бошқа жамоат жойлари бор, - дейди Қарши шаҳридаги Нуристон маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Малика Юлдошева. - “Соғлом муҳит яратайлик” ахборот кампанияси доирасида ҳар куни 20 та хонадонда мониторинг ва тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Ўйлаймизки, бу кампания орқали аҳолини соғлом турмуш тарзига ўргатиш, тамакисиз ҳаёт кечиришга ундаш мумкин.
Тадбир сўнгида ахборот кампанияси ўтказилаётган ҳудудларда “Соғлом маҳалла” кўрик-танловини ташкил қилиш борасида ҳам фикрлашилди. Ўз ҳудудида соғлом турмуш тарзини олиб борган, бунда фуқаролар фаоллигини оширишга эришган “Соғлом маҳалла” аниқланиб, тақдирланади ва уларнинг илғор тажрибалари оммалаштирилади.
С.АЛЛАЁРОВА