Меню

Қашқадарё

06.05.2017 2189

СОҒЛОМ ЧОРВА – ИШОНЧЛИ ВА СИФАТЛИ ОЗИҚ-ОВҚАТ КАФОЛАТИ

КУЙДИРГИ - “ФОРС ОЛОВИ”

Ушбу касаллик ўта юқумли бўлиб, инсон ҳаёти учун жуда хавфли эканлиги билан ажралиб туради. У қадимда "муқаддас олов", "форс олови", "Эрон алангаси" номлари билан ҳам аталган. 1788 йилда рус олими Степан Андреевский Сибирда бу касалликни ўзига юқтириб, одамлар билан ҳайвонларда учрайдиган касаллик бир хил эканлигини исботлади. Касалликнинг патологик анатомияси, клиник хилларини тасвирлаб берди. Даво ва профилактика усулларини ишлаб чиқди. Унинг тавсиясига кўра, касаллик фанда "Сибирь яраси" номи билан атала бошланди.

Куйдиргининг хавфлилиги шундаки, у инсон ва чорва молларига нафақат касал жонивор ёки ундан олинган маҳсулотлар, балки касалланган ҳайвонлар ўлган жойдаги тупроқ орқали ҳам юқиши мумкин. Ушбу касаллик қўзғатувчилари қуруқ тупроқларда 100 йилгача яшаш хусусиятига эга.

БРУЦЕЛЛЁЗ

Бруцеллёз уй ҳайвонлари кўп чалинадиган касалликлардан биридир. Ҳайвонлардан касаллик тарқатувчи бактерия ташқи муҳитга сўлак, сут, қон ва чала туғилган қўзичоқ, бузоқ орқали ажралади ва теварак-атрофни ифлослантиради.

Бу касаллик одамга ҳам юқади. Инсонларда  хасталик кўпроқ сурункали кечади ва бемор узоқ муддатга иш қобилиятини йўқотиши, ҳатто ногирон бўлиб қолиши мумкин.

ҚОРАСОН КАСАЛЛИГИ

Қорасон ҳам хавфли касалликлар сирасига киради. У одатда 3 ойликдан 4 ёшгача бўлган қорамолларда кўп учрайди.

Қорасон билан  касалланган молнинг ҳарорати кўтарилади, мускулли қисм-ларидаги шишган жойларда оғриқ ва ғижирлаш пайдо бўлади. Натижада ҳайвон 3 кунга бормай нобуд бўлади.

ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРАГИК ИСИТМАСИ - “ҚОРА ҲАЛАК”

Касаллик илк бор 1944 йилда Қримда, 1945 йилда эса Конго давлатида расман қайд этилган. Шу боис уни Қрим-Конго геморрагик иситмаси деб номлашган.

Қрим-Конго геморрагик иситмасини ўзида олиб юрувчи ва тарқатувчи асосий манба ҳайвонлар терисида кўп учрайдиган паразит - каналардир.

Касалликнинг одамларга юқиши кана чаққанда, каналарни қўл билан олиб ташлаш, қайчи билан кесиш жараёнида қон сачраши, шунингдек, касал одамлар билан мулоқотда бўлиш жараёнида рўй беради.

ҚУТУРИШ

Қутуриш - ўта хавфли ўткир кечувчи вирус касаллиги бўлиб, асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади ва оқибати ўлим билан якунланади.

Одам, сут эмизувчи ҳайвонлар, паррандалар бу касаллик билан касалланади. Касалликни фильтрланувчи нейротроп (нерв ҳужайраларида яшовчи) вирус келтириб чиқаради. Вирус касал ҳайвоннинг бош миясида кўпаяди ва сўлаги орқали ташқи муҳитга чиқади.

Табиатда вируснинг барқарорлигини тулки, бўри, чиябўри сингари ёввойи ҳайвонлар, каламуш, сичқон каби кемирувчилар таъминлайди. Ит ва мушуклар эса кўпинча касалликни  тарқатувчи манбалар ҳисобланади.

ЭЪТИБОР - ЭНГ МУҲИМ ҲИМОЯ

Бугунги кунда юртимизда чорва молларининг касалликларини ўз вақтида аниқлаш, даволаш ва профилактика ишларини амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу эса аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда. Хусусан, вилоят Давлат ветеринария бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлимлари томонидан чорва моллари ва ҳайвонларнинг юқумли касалликларига қарши чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Шунга қарамай, бу борада олиб борилаётган ишларни етарли, деб бўлмайди. Чунки ҳудудларда аҳоли ихтиёридаги чорва молларини рўйхатга олишда номувофиқлик мавжуд, улар томонидан мол сотиб олинганлиги тўғрисида жойлардаги ветеринария мутахассисларига ўз вақтида хабар берилмайди. Натижада эмлаш ва профилактик тадбирлар жараёнига барча чорва моллари қамраб олинмаяпти. Ваҳоланки, чорва молларини куйдирги касаллигига қарши эмлаш, бруцеллёз касаллигига қарши текшириш ва яна бир қанча чора-тадбирлар Давлат ветеринария бўлимлари томонидан бепул амалга оширилади. Аммо аҳоли хонадонларида боқилаётган молларнинг тўлиқ рўйхати бўлмагани сабаб уларнинг бир қисми эмланмасдан қолиб кетади.

Шоймардон ШОДИЕВ,

вилоят Давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи ўринбосари

ТАҲРИРИЯТДАН: Мамлакатимизда мавжуд тартибга кўра, бозорда сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария кўригидан ўтказилиши шарт. Бу иш бозор ичида ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси мутахассислари, бозордан ташқаридаги савдо объектларида эса туман давлат ветеринария бўлими мутахассислари томонидан амалга оширилиши қонунда белгилаб қўйилган. Бундан кўзланган мақсад истеъмолга яроқсиз, ҳаёт учун хавфли маҳсулот савдога чиқарилишига йўл қўймаслик, шу орқали аҳоли саломатлигини асрашдир. Аммо ҳамма жойда ҳам бу талабга тўла амал қилинаяпти, деб бўлмайди. Мисол учун, баъзи чорва моллари тегишли санитария-гигиена қоидаларига бутунлай зид тартибда, бизга номаълум жойларда сўйилаётгани ва назоратдан ўтмаган гўшт аҳолига сотилаётгани кўзга ташланади. Бундай маҳсулот кишилар саломатлигига хавф солмайди, деб ҳеч ким кафолот беролмайди.

Бундан ташқари, аҳоли чорва молларини қайси касалликларга қарши эмлатиш бепул, ҳудуд ветеринар врачи кўрсатадиган хизматларнинг қайсиси пуллик эканидан деярли хабардор эмас. Бу борадаги тарғибот ишлари сезилмайди.

Демакки, ҳамма иш ҳам рисоладагидек эмас. Билмадик, соҳа масъулларининг ҳисоботу “юқори”га тақдим этаётган маълумотларида нима акс этаяпти, бироқ ҳақиқий ҳолат ана шундай, бундан кўз юммаслик керак. Аксинча "кўза" бир кун синиб қолади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!