Меню
Қашқадарё
СОҒЛОМ АВЛОД – ЮРТ КЕЛАЖАГИ
Унда вилоят, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталарининг раислари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, воҳамиздаги тиббиёт муассасаларининг бош шифокорлари, маҳаллаларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, тиббий патронаж ҳамширалари, фаол аёллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Конференция ишини вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова бошқариб борди.
Конференцияда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими раиси Гулнора Шарипова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида Ғозиева, Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Ҳасанова, “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бўлими раҳбари Замира Маманазарова, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсонбой Ражабов сўзга чиқиб, фонд вилоят бўлими фаолияти, ўзаро ҳамкорлик, биргаликдаги ишлар самаралари ҳақида фикр юритди.
Таъкидландики, тиббий-ижтимоий патронаж тизими жамғарма фаолиятининг асосий қисмини ташкил этади. Бу тизим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йилдаги “Тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган махсус дастурга асосланган бўлиб, оилаларнинг ижтимоий шароити, психологик муҳити, оила аъзоларининг соғлиғи ва айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар ва қарияларнинг саломатлигини ўрганиш, тиббий-ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий муҳофазага муҳтож инсонларни ўз вақтида аниқлаш, ҳар бир хонадонда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Бунда кўпроқ туғиш ёшидаги аёллар саломатлигига жиддий эътибор қаратилади.
Эътиборлиси, бўлим вилоятдаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорликда изчил фаолият олиб бормоқда. Айниқса, ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши кураш мавзусига бағишланган “Соғлом турмуш тарзи” ҳамда репродуктив саломатликка доир жонли мулоқотлар самарали кечмоқда.
- Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган тиббий кўрик давомида касаллиги аниқланган беморларга, кам таъминланган оилаларга мурувват ёрдамлари кўрсатилиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи буклетлар тарқатилди, - дейди Гулнора Шарипова. – Хусусан, 2016 йилнинг май ойида махсус ташкил этилган “Саломатлик поезди” тиббиёт гуруҳи Деҳқонобод тумани маркази ва Оқработ қишлоғида яшовчи 900 нафарга яқин кишини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Тадбир доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли ва ногиронларга, тиббий-ижтимоий муассасаларга қиймати 1 миллиард 317 миллион 376 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, кийим-кечак, дори-дармон, тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари, ўқув қуролларидан иборат мурувват ёрдами кўрсатилди.
Конференция сўнгида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими фаоллари, ҳамкорлар ҳамда ҳомийларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Ш.БОЗОРОВА