Меню
Қашқадарё
СОҲИБЖАМОЛ
- Ишонаверинг, жанобим, бунақасини ҳали кўрмагансиз! Жуда чиройли, жуда келишган!
-Соғломми? – сўради меҳмон.
- Албатта, саломатлиги текширилган, сира айби йўқ! – корчалон бир зум жим қолиб, яна шавқ билан қўшиб қўйди, - Бўйи ҳам, ёши ҳам худди сиз истагандай... Эҳ, терисининг нафислигини айтмайсизми? Соҳибжамол! Нақ ҳурлиқо!
- Бўпти, бўпти, аввал кўрайлик-чи!
Корчалон сал нарида имога илҳақ турган йигитга буюрди:
- Чампани келтиринглар!
Йигит чиқиб кетди. Мезбоннинг тинимсиз бидирлашларига қулоқ тутиб ўтирган меҳмон интиқ нигоҳларини эшикдан узмасди.
Ниҳоят, эшик очилди ва йигитнинг ортидан Чампа кўринди.
- Мана, кўринг, жанобим! Айтмадимми, бу – энг ноёб қоплон!
- Яхши! – жилмайди меҳмон, - энди нархини келишсак бўлади...
СЮЖЕТ
Майдонда барваста бир одам қўлларини орқага қилганича, алланималарни пичирлаб, айланиб юрарди. Майдон четида турган икки киши ундан кўз узмасди. - Хўш, уни қандай қилиб ўлдириш мумкин? – сўради бири папирос тутатиб.
- Тоза бошни қотирди-да бу масала! Айтувдим-ку, ҳаммасини олдиндан пухта ўйламагунча, ишни бошламаслик керак, деб! – шеригининг қовоғи осилди.
- Балки ортидан пусиб бориб, ҳамла қилган маъқулдир?
- Йўқ, бу ер очиқ майдон, бўлмайди. Яхшиси, бирор хилватроқ ерга бошлаб бориш керак... Эҳ, - тишларини ғижирлатди у, - бунинг учун яна битта одам керак бўлади...
- Яна бирор йўли борми? – сўради биринчиси.
Икковлари ўйга толишди. Бу орада майдонни айланиб ўтган киши уларнинг орқасида пайдо бўлди.
- Кечирасиз, жаноб режиссёр, - деди у хижолат аралаш, - мумкин бўлса, тасвирга олишни бошласак, бугун уйга эртароқ қайтмоқчи эдим...
МАНЗАРА
Қаршисидаги манзарадан кўз узолмай қолди. Нақадар гўзал! Шарқираган сой. Қирғоғида мажнунтоллар савлат тўкиб турибди. Қушлар сайраяпти. Осмон ложувард,тиниқ.
У завқ билан кўксини тўлдириб нафас олди.
- Ё раббий! Шу қадар гўзал, шунчалар мусаффоки бу ҳаёт!
У бошини кўтариб осмонга тикилди. Бир дақиқадан сўнг яна ўша манзарани кўришни истаб, рўпарасига қаради. Аммо манзара ғойиб бўлганди...
У ишларини йиғиштириб, кетиб бораётган мусаввирнинг ортидан югурди:
- Тўхтанг, шу суратни менга сотинг! Истаган нархингизни бераман!
Х.АБДУЛЛАЕВА