Меню
Қашқадарё
СОҲИБҚИРОНИ ДИНПАРВАР
Амир Темур таваллудининг 684 йиллигига
Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур салтанатини мустаҳкамлаш учун кучли ғоявий-мафкуравий замин ҳам зарурлигини чуқур англаган. Бу қудратли омил ислом дини бўлиб, унинг асослари давлат мафкураси даражасига олиб чиқилган. Мовароуннаҳрдек қадимдан исломий юрт бўлиб келган заминда таваллуд топган Соҳибқирон "Исломга тааллуқли ишларни мен ҳар доим дунёвий ишлардан устун қўйдим. Аввал Тангри тоатини адо этиб бўлгандан кейингина кундалик ишларга қўл урдим" дея ўз ҳаётий тамойилини ифода этади. Зеро, бундай эътиқодий фазилатлар пойдевори унда отаси томонидан гўдаклик чоғиданоқ мустаҳкамланган.
Соҳибқироннинг падари бузруквори Муҳаммад Тарағай Баҳодир фарзандига ўқиш-ёзишни ўргатиш, саводини чиқариш, ислом динидан илк сабоқлар беришни мулла Алибекка топширади. Ёш Темур ўнг қўлда ҳам, чап қўлда ҳам бирдек хат ёза оларди, ёд олиш қобилияти ҳам кучли эди. У етти ёшида мадрасага боради. Мадраса таълими даврида Қуръони каримни қизиқиш билан ўрганиб, уч йилда муқаддас китобни тўла ёд олди, сура ва оятларни тажвид билан чиройли тиловат қиладиган бўлди. Тўққиз ёшида намоз ўқишни бошлади. Шу тахлит илм йўлида ўз тенгдошларини ортда қолдирди.
Ёш Темур мадрасада ўқиб юрган кезларида мударрис домла толиби илмларга Аллоҳнинг муборак 99 исмини ёдлаб, айтиб беришни топширади. Талабалар ичида фақат Темур Аллоҳ таолонинг барча исмларини адашмай айтиб беради.
Шу тариқа диний, турли дунёвий билимларни, ҳарбий санъатни эгаллайди. Иймон-эътиқодли, ҳалол-пок инсон бўлиб етишади. Мўғул босқинчиларига қарши курашда ҳам, турли мамлакатларга ҳарбий юришлар вақтида ҳам ислом арконлари асосида иш кўради.
Амир Темур "Тузуклар"нинг "Мамлакатларни забт этиш тузуги"да шундай дейди: "Қайси мамлакатда шариат заифлашган бўлса, Аллоҳ улуғ қилган нарсаларни хор тутсалар ва Худонинг хос бандаларини ранжитсалар, чинакам жаҳонгир султон ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг дин ва шариатига ривож бериш учун ўша мамлакатга кирсин. Худонинг расули унга мададу иноят кўрсатгай".
Соҳибқирон бунга Ҳиндистонга юришини мисол қилиб кўрсатади. У бу мамлакатни фатҳ этиб, Маллухон ва Сарангни ҳукмдорликдан маҳрум этади. Бутхоналарни бузиб, дину шариатни тарқатади. Ироқ ва Форс вилоятларини малъун динсизлардан тозалайди. Шом вилоятига кириб, бузуқ эътиқодли кишиларни жазолайди. Гуржистон кофирларининг туғён кўтаргани ҳақидаги хабар келиши биланоқ кенгаш ўтказиб, ғалаён кўтарилишига йўл очилмасин деб амр қилади.
Буюк бобокалонимизни "Зафарнома" асарида "Соҳибқирони динпарвар" деб таърифлаган Шарафиддин Али Яздий Амир Темурнинг Турк султони Йилдирим Боязид билан жангга ўзини руҳий жиҳатдан қандай тайёрлаганини тасвирлайди.
Буюк саркарда қоронғи тушиши билан хилватхонага кириб, юзини тупроққа қўйиб, Аллоҳ таолога ниёз ва тазарру қилиб, жангда ундан фатҳ ва нусрат тилайди. Бундай ибодат тонггача давом этади. Жанг олдидан эса икки ракат намози фатҳ ва нусрат ўқийди.
Манбаларда ҳазрат Соҳибқироннинг кўчма масжиди бўлганлиги ёзилган. Зафарнишон лашкарбоши ҳарбий юришлар даврида ҳам ана шу кўчма масжидда беш вақт намозни ўз вақтида ўқиб борган. Бу ҳам Соҳибқироннинг ислом талабларига садоқатини ифодаловчи далилдир.
"Динга ҳар доим бирдек қарадим, - дейди Соҳибқирон. - Тангрининг амрини ва Пайғамбар ҳадисларида айтганларини тўла адо этишга интилдим. Барча қилмишларимда шариат йўсинларига буткул амал қилдим ва нопок ишлардан бутун вужудим билан ўзимни тийдим.
Пайғамбарни ва унинг маслакдошларини энг яхши дўстларим деб билдим. Мен ислом байроғини баралла кўтардим ва иймон тарқатишни ўз буюклигимнинг қудратли замини деб билдим".
Амир Темур ўз жангчиларини ҳам ислом ғоялари руҳида тарбиялади, уларга Қуръон ва ҳадиси шариф талабларига қатъий риоя қилишни амр этди.
Ҳазрат Соҳибқирон Шамсуддин Кулол, Саййид Барака, Зайниддин Тойободий каби шайхларни ўз диний устози, пири деб ҳисоблаган. Бу ҳақда "Амир Темур тарихи" асари муаллифи Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: "Темур доимо - "Салтанатдан эришган жамийки нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишим - булар ҳаммаси Шамсуддин ал-Фоҳурийнинг дуоси, шайх Зайнуддин ал-Хавофийнинг ҳиммати туфайли ва барча топган баракатларим эса фақат Саййид Барака ёрдамида бўлди".
Амир Темур ёшлик давридаёқ Нақшбандия тариқатининг асосчиларидан бири, бу тариқатни такомилига етказган шайх Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти асосларидан хабардор бўлган. Бу тариқат инсоннинг Аллоҳ ризолигига мукаммал ахлоқ, поклик йўли билан эришиш мумкинлигини тарғиб қилади. Бинобарин, Нақшбандия тариқати бу йўлга кирганларни қалбида Аллоҳни жо қилиб, меҳнат қилишга, фойдали, хайрли ишлар билан шуғулланишга даъват этган. Амир Темурнинг пиру муршидлари бу тариқатнинг унинг қалбида ва амалий фаолиятида мустаҳкам ўрин олишига ижобий таъсир ўтказгани табиийдир.
Соҳибқирони динпарвар, давлат агар дину ойин асосида қурилмаса, тузукка боғланмаса, бундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади, деб ҳисоблаган. Шунинг учун буюк бобокалонимиз ўз салтанатини дини ислом ва тузуклар асосида мустаҳкамлаган. Ислом динини равнақ топтириш учун саййидлар орасидан аҳли исломга садр тайинлашни жорий этди. Мутаваллий, муфтий, мухтасиб тайинлашни садрга топширди. Шунингдек, саййидлар, шайх, уламо ва диний арбобларга суюрғол белгилаш ҳам унинг вазифаси эди.
Раият учун алоҳида қози, лашкарлар учун махсус қози вазифаси жорий этилди. Шунингдек, буюк империя тасарруфидаги ҳар бир мамлакатда мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб, савоб ишларга даъват қилувчи шайх ул-ислом лавозими ҳам бор эди.
Шу тариқа буюк Темур ислом динини ривожлантириб, шариатни бошқа ўлкаларга ёйди. Шу боис ислом олимлари Амир Темурга дини исломни бошқа халқларга тарқатувчи, унга ривож берувчи улуғ киши, яъни Қутбиддин деган ном беришади. Ислом дини тарихида бундай унвонга Соҳибқирон билан бирга саккиз киши сазовор бўлган холос.
Ҳазрат Соҳибқирон асосий пиру муршидларидан ташқари бошқа замондош дин пешволари ва уламолари билан ҳам яқин муносабатда бўлган, уларни иззат-ҳурмат қилган. Қайси шаҳарни фатҳ этишга борса, албатта уларни суриштириб, суҳбат қилган, уламолардан руҳий мадад олган. Бунга Дамашқда машҳур тарихчи олим, билимдон закий Валиуддин Абдураҳмон ибн Халдун, Халаб шаҳри уламолари ҳамда ислом дунёсининг таниқли олимларидан Саъуддин Тафтазоний, Бобо Сангу, Мавлоно ас-Сарбадал, Хожа Али ибн Муайд ат-Тусий, Саййид Абул Маолий ва бошқа фозилу алломалар билан учрашгани далил бўла олади.
Амир Темур саройида жуда кўп ислом уламолари хизмат қилган. Хусусан, Абдулжаббор ибн Нуъмон унинг имоми, Мавлоно Убайд эса қисса ва тарих китобларини ўқиб берувчи қори бўлган. Мавлоно Қутбиддин ва Хожа Абдулаввал давлатнинг қозилари лавозимида ишлаган. Амир Темур Анқара жангида Йилдирим Боязидни енггач, ўша пайтда Румда турган асли дамашқлик ал-Жазорийни Самарқандга олиб келади. Конигулда бўлган тўй тантаналарида ал-Жазорий оила қураётган Темурий шаҳзодаларга никоҳ ўқийди.
Соҳибқирони динпарвар ўз юртида, шунингдек, фатҳ этган шаҳар ва қишлоқларда яшаб ўтган марҳум ислом уламоларига ҳурмат кўрсатиб, хотираларини шарафлаган. Улар ётган мозорларда қабрларнинг ҳолатига эътибор қаратган. У 1384 йилда Райни эгаллаганда Муҳаммад Шайбоний дафн этилган мозорга бориб, унинг қабрини зиёрат қилади. Суриянинг Хомс шаҳрида бўлганида мусулмонларнинг йирик ҳарбий қўмондони Холид ибн Валиднинг, Бағдодда ҳанафия мазҳаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг, Дамашқда ислом тарихида биринчи азон айтувчиси Ҳазрати Билолнинг муборак мозорларига келиб, дуои фотиҳа ўқийди. Дамашқда дафн этилган жаноби Пайғамбаримизнинг завжалари Умму Салама ва Умму Ҳабибанинг мақбаралари устига гумбазлар қурдиради.
Амир Темур ҳазратларининг ўз юрти - Мовароуннаҳрда муқаддас қадамжоларни обод қилишга доир хайрли ишлари ҳам бениҳоя кўп. Хусусан, Самарқандда Қусам ибн Аббос, Шайх Бурҳониддин Соғарчий, шайх Нуриддин Басир, Тошкент шаҳри жанубида Занги ота, Сайрамда Хожа Аҳмад Яссавий, Шаҳрисабзда Шамсуддин Кулол, Термизда Ҳаким ат-Термизий мозори устида гумбазлар солдиради.
Амир Темур ўз фаолиятида вақф ишларига катта эътибор беради. Унинг бу соҳадаги йўл-йўриқлари "Тузуклар"нинг "Авлиёлар, дин пешволарининг мозорларини тузатиш, вақф ва назр ишларини тартибга келтириш тузуги"да баён этилган. Унда Али ибн Абу Толиб, Имом Ҳусайн, Имом Аъзам Абу Ҳанифа, Салмон Форсий, Имом Али Ибн Мусонинг, Эрон ва Турондаги шайхларнинг мозорлари ва қабрлари учун вақф ажратиш белгиланди. Масжид, мадраса, хонақоҳ ва мозорларга сарфланадиган маблағлар вақф ҳисобидан қопланган.
Хўш, ҳазрат Соҳибқироннинг бошқа динларга муносабати қандай бўлган? Шубҳасиз, мусулмон ҳукмдори бўлган Амир Темур оташпарастлар, бутпарастларни, ислом динига эътиқод қилувчиларга озор берган насронийларни ёмон кўргани аниқ. Унинг дипломатик топшириқларини бажариб борган Султония архиепископи Иоанн ўз эсдаликларида ёзишича, Амир Темур аҳли китоблар - насронийларнинг диний эътиқодини ҳурмат қилган. Уларнинг мамлакат ҳудудида эмин-эркин юришлари учун рухсат берган. Айниқса, савдогарларга ўз эътиқодларига риоя қилишлари, ўз амалларини адо этишлари учун барча шароитларни яратиб берган.
Темур бобомизнинг бағрикенглиги, олижаноблигини қарангки, у Йилдирим Боязид билан бўлган жангда асирликка тушган тутқунларни озод қилиб, Оврупага қайтариб юборади. Шунингдек, Боязид ҳарамидаги насроний жорияларни элчи Муҳаммад Кеший орқали Испания қиролига топширади.
Ҳазрати Соҳибқирон умрининг охиригача эътиқод қўйган, унинг кенг ёйилиши, ривожи учун курашган ислом дини истиқлолдан кейин яна халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Шўролар даврида оёқ ости қилиниб, харобаларга айланган масжиду мадрасаларимиз, қутлуғ қадамжоларимиз халқимиз ибодат ва зиёрат қиладиган муборак жойларга айланди. Истиқлол йилларида юртимизда яшаб ўтган исломнинг буюк арбоблари эъзозланиб, уларнинг таваллуд саналари кенг нишонланмоқда. Бу эса Темур ва темурийлар даврида қарор топган диний қадриятлар, дин ва илм аҳлларига улкан эътибор ва ғамхўрлик, аждодларимиздан қолган бебаҳо меросга ҳурмат жадал суръатлар билан тараққий қилиб бораётган янги Ўзбекистонда янада равнақ топаётганининг далилидир.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист