Меню
Қашқадарё
СОҲИБҚИРОН ТАВАЛЛУД ТОПГАН КЎҲНА ҚИШЛОҚ
Шу ўринда Хўжа Илғор қишлоғи шаклланишига чуқурроқ назар ташласак. Бугунги кунда зиёратгоҳ жойлашган тепалик тўртбурчак шаклида бўлиб, томонлари 250х220 метр, энг баланд жойи 7 метр атрофида. Тепалик ва унинг атрофларидан V-VIII, IX-XII ва XIV-XVI асрларга мансуб кулолчилик идишлари, меъморий безаклар парчалари ва бошқа археологик топилмалар намуналари учрайди. Бу топилмалар ушбу ёдгорликда минг йилдан ортиқроқ вақт давомида одамлар яшаганликларини кўрсатади.
Археологларнинг фикрича, милодий V-VI асрларда бу ҳудудда дастлабки қишлоқ макони шаклланган бўлиб, фаол ҳаёт араблар истилосигача давом этган. Археолог олим, тарих фанлари доктори Абдисобир Раимқуловнинг Хўжа Илғор ёдгорлигига яқин (3,5 километр) масофада жойлашган Киндиктепада 1980-1981 йилларда олиб борилган археологик қазишма ишлари натижаларидан келиб чиқиб билдирган тахминига кўра, Хўжа Илғорда шаклланган илк қишлоқ араблар истилоси даврида қисман, Муқанна бошчилигидаги "Оқ кийимлилар" қўзғолонини бостириш жараёнида буткул вайрон этилган. Олим Хўжа Илғор тепа ва Киндиктепа ўз топографик хусусиятларига кўра бир-бирига айнан ўхшаш ёдгорликликлар бўлиб, уларнинг тарихи ва тақдири ҳам бир-бирини такрорлаган бўлиши керак, деган фикрда.
Араблар истилосининг дастлабки йилларига келиб, шу ҳудудларда исломни тарғиб қилишда фаол иштирок этган Хўжа Илғор ота мана шу қишлоқда қисқа вақт яшаган ва шу ерда дафн этилган. мазкур даврлардан бошлаб бу қишлоқ Хўжа Илғор номини олган. Дастлабки қишлоқ харобалари устида қайта шаклланган Хўжа Илғор қишлоғи IX аср охирларидан ривожланиш босқичига чиққан. Мўғуллар истилоси сабаб қишлоқ яна вайрон этилган. Сўнг манзил тепаликка айлана бошлаган ва кейинроқ қишлоқ асосан тепалик атрофида шаклланган.
Тарихдан биламизки, Чиғатой улуси маъмурий бошқарувида иштирок этиб келаётган туркий қавмлар нуфузи XIV аср бошларига келиб сезиларли даражада ошган. Бу асрнинг иккинчи чорагидан бошлаб, ниҳоят, улар ўзларини мустақил ҳис қила бошлашган. Кеш вилоятини бошқариб турган барлослар шаҳар ташқарисида ҳам ўз мавқеларини мустаҳкамлаш мақсадида Кеш-Қарши йўлида жойлашган Хўжа Илғор қишлоғи ва унинг атроф ҳудудларини бошқариш учун амир Тарағайни кўчирадилар. Бу "кўчиш"нинг сабабларидан бири Кешда амакилар ўртасида ҳокимият учун кейинчалик келиб чиқиши мумкин бўлган нозик жиҳатларнинг олдини олишга қаратилган бўлса, яна бири Хўжа Илғор қишлоғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилган стратегик муҳим жой бўлганлигидир. Хўжа Илғор қишлоғининг XIV асрга оид деб қаралаётган маданий қатламларида кўпдан-кўп шлакларнинг учраши шундай фикр юритишга изн беради.
Ибн Арабшоҳ ўзининг "Ажойиб-ул мақдур фи тарихи Таймур" асарида Амир Темур туғилган жойга аниқлик киритиб, "...унинг туғилган жойи Хўжа Илғор деб аталадиган қишлоқдир. Хўжа Илғор Кешга қарашли жойлардандир", деб ёзиб қолдирган маълумоти XIV асрда Хўжа Илғор тепа атрофларида қишлоқ мавжуд бўлгани тасдиғидир.
Тарихий жараёнлар талотўпида қайта-қайта шаклланиб келган мана шу қишлоқ ва унинг атроф ҳудудларини бошқарган амир Тарағай манбаларда келтирилганидек мўмин табиат инсон бўлган. Бу босиқликда теран мушоҳада, сиёсий-ижтимоий масалаларга кенг миқёсда қараш хислатлари яширинган. Унинг мақсадида тор доирадаги маъмурий бошқарувни мустаҳкамлаш эмас, балки бутун Мовароуннаҳрни мўғуллардан озод этиш бош масала эди. Шу боис ҳам Хўжа Илғор қишлоғидаги амир Тарағай хонадонида юрт улуғлари билан кўпдан-кўп суҳбатлар уюштирилган.
Амирнинг умр йўлдоши Текина бегим улуғ хонадонда тарбия топган покиза хулқли аёл бўлиб, унинг фикрлари ҳар жиҳатдан эрининг қарашлари билан уйғун эди. Бу эса амир Тарағай баҳодирга улуғ мақсадлар қўйиб ҳаракат қилишга далда беради. 1336 йил баҳорида Хўжа Илғор қишлоғида янграган чақалоқ йиғиси юртга озодлик, ярим дунёга адолат овози бўлиб сингиб кетди. Бу фарзанд чаққон ва уддабурон, фавқулодда истеъдодли бўлиб, ҳали 10 ёшга тўлмасданоқ ўзида ҳукмдорларга хос аломатларни намоён қилади. Амир ўғлининг диний ва дунёвий билим олиши, ҳарф ишларини мукаммал ўрганиши учун устозлар тарбиясига беради. Ҳали ёш бўлишига қарамай отасининг топшириғига биноан Кеш шаҳрида бўладиган сиёсий тадбирларда иштирок эта бошлайди. Юрт мустақиллиги учун ҳар қадамда учрайдиган тубсиз гирдоблар майдонига ишонч билан кириб келаётган исми жисмига монанд бу фарзанд Темурбек ибн амир Тарағай эди.
Қутлуғ тетапояси Хўжа Илғор қишлоғидан бошланиб, етти иқлимни бир туғ остида бирлаштирган, марказлашган давлат барпо этган Соҳибқирон бобомиз бу салтанатни Тўра-тузукка асосланган ҳолда шундай моҳирлик билан бошқарганки, ҳали дунё тарихи Амир Темурдек султону, бутун бошли қўшиндан тортиб оддий бир ҳолат қадар тартиб-интизом ўрнатилган улкан мамлакатни кўрмаган эди.
Бу мамлакат соҳиби, рус князликларини Олтин ўрда зулмидан озод этиб Россия давлати пайдо бўлишига йўл очган, мўғуллар, салибчилар ва бошқа подшоҳлар ҳам дахл қила олмаган қалъа ва мамлакатларни бир ҳамладаёқ маҳв этиб, карвон йўллари хавфсизлигини таъминлаган, бутун Европани ларзага солиб турган Боязиднинг енгилмас қўшинини мағлуб этиб, Европа халоскори деган номга мушарраф бўлган, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини амалга оширган, илм-фан ҳомийси ҳам Амир Темур хазратлари эди.
Албатта, Президентимиз ташаббуси билан Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган заминда бугун бажарилаётган ишлар буюк аждодимизга авлодларининг ҳурмат-эҳтироми намунасидир. Ўйлаймизки, бу хайрли ишларда юртдошларимиз нафақат фикр ва таклифлари билан, балки молиявий қўллаб-қувватлаши билан ҳам иштирок этишади.
Ибодулла МЕЙЛИЕВ,
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Яккабоғ туман муассасаси бошқаруви раиси
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.