Меню
Қашқадарё
СОҲИБҚИРОН МИРОНШОҲДАН НЕГА ҒАЗАБЛАНГАН?
Ёҳуд бир воқеанинг уч хил талқини
Тарихда шундай воқеалар бўлганки, асрлар мобайнида муҳокамаларга мавзу саналади. Табриздаги саройида адабий базмлар ва айшу ишрат билан машғул бўлиб, Соҳибқироннинг ғазабига учраган ўғли Мироншоҳ Мирзо воқеаси ҳам мана олти асрдирки манбаларда турлича талқин этиб келинади.
Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" ва Давлатшоҳ Самарқандийнинг "Тазкират уш-шуаро" асарларида шундай ёзилган: Нақл қилинишича, султонзода Мироншоҳ Амир Темур ҳукмронлиги даврида етти йил Хуросонга подшоҳлик қилди. Шундан кейин Соҳибқирон ҳазратлари Хуросонни Шоҳруҳ султонга, Табриз, Озарбайжон мамлакати ва унга тобе ерларни Мироншоҳ мирзога инъом этади.
Бир куни (Мироншоҳ) отдан йиқилиб, миясига заҳма етди. Табиблар қанчайин уринмасинлар, фойдаси тегмади. Ақли шу қадар заифлашдики, савдойилик ва жунунлик даражасига етди. (У) ҳамма вақт масхарабозлар билан бўлар, амирлар, ноибларни шармисор этар, уларни ўз ҳолига қўймас эди. Амир Темур Кўрагоннинг тамом инояти ва марҳаматини қозонган хотини Хонзодани унинг амри билан боғлаб, изза қилдилар, қийнадилар. Малика ундан қочиб, Самарқандга Соҳибқирон олдига борди. Қонга беланган кўйлагини кўрсатиб, ўғил аҳволини отага баён қилди. Улуғ амир йиғлаб юборди ва бир ҳафта мобайнида бирон киши билан сўзлашмади, сўнг Озарбайжонга лашкар тортди.
Мазкур воқеа 1393 йил март-апрель ойларида содир бўлди ва уч йиллик юришга сабаб кўрилади. Ўшанда амирзода Мироншоҳ мажлисининг надимлари (яқин кишилари) бўлмиш уч нафар фозилни, яъни кўпчилик илмларга моҳир ва айниқса, камёб илмлардан хабардор мавлоно Муҳаммад Коҳагий Кўҳистоний, устод Қутбиддин Нойи ҳамда Абдулмўмин гўянда (шоир, ҳофиз, машшоқ)ни, шулар суҳбати туфайли шаҳзодани ақлдан озганликда айблаб, ўлимга ҳукм этишди. Уларнинг ҳар учаласини Казвин дарвозасига осдилар...
Соҳибқирон ҳазратлари амирзода Мироншоҳнинг яқин суҳбатдошларини қатл эттиргач, икки ойгача ўғлини кўришни истамади.
Навоий "Мажолис ун-нафоис"да мажлис надимларидан бири Хожа Абдулқодир номини келтириб, у қаландар қиёфасида жазодан қутилиб қолганини айтган. Гўянда узоқ вақт яшириниб юрган. Аммо уни Ироқда тутиб олишиб, Амир Темур ҳузурига келтиришади.
"Ул ҳазрат (Амир Темур) тахтда эрдиларким, Хожаи фақир (Хожа Абдулқодир гўянда)ни девоналиққа қўймай, судраб тахт илайига келтурдилар. Андин бурунким, сиёсат ҳукм бўлғай, чун Хожа (Абдулқодир)нинг камолотидин бири Қуръон ҳифзи ва қироат илми эрди, филҳол бийик ун била қуръон ўқумоқ бунёд қилдиким, ул ҳазрат (Амир Темур)нинг ғазаби лутфқа мубаддал бўлиб, фазл ва камол аҳли сори боқиб, бу мисра (рубоийнинг тўртинчи мисраси)ни ба вақт ўқудиким:
Абдол зи бим чанг бар мусҳаф зад.
(Таржимаси: Қаландар қўрқувдан Қуръонга чанг солди).
Шундан сўнг Амир Темур "Хожаға илтифот ва тарбиятлар қилиб, ўз (Амир Темур) олий мажлисида надим ва мулозим қилди."
Ҳиротлик тарихчи Хондамир ҳам "Хабиб ус-суяр" асарида Давлатшоҳ Самарқандий каби Мироншоҳ малика Хонзодани хўрлагани учун надимлари билан бирга жазога тортилганини ёзган. Аммо яна бир тарихчи Муиниддин Натанзий ўзининг "Мунтахаб ут-таворихи Муиний" асарида маишатга муккасидан кетган шаҳзоданинг қилмишлари учун айнан малика Хонзодани айбдор ҳисоблаган.
Ривоят қилинишича,"у малика (хотини)нинг туҳмати билан ишончли кишиларидан бир гуруҳини қатл этди ва шу сабабли унинг даргоҳида қадимдан умид билан юрганлар ноумид бўлишди. Шундан сўнг малика ўз макри билан бечора Мироншоҳни анвойи таъналар доираси ичида нуқта мисол ўраб олди ва бир гуруҳ муфсидлар ҳамроҳлигида Самарқандга жўнаб, ўзини ҳимоя қилиш учун эрини итоатсизликда айблаб, муттаҳам қилди. Султони ғозий, агар ҳаялласа, Озарбайжон муаммоси маддалаб кетишини англади...
Соинқалъа манзилига келиб тушишганда, ранглари учган хушқомат амирзода Мироншоҳ шундай бир ҳолатда истиқболга чиқдики, шаҳзодани олдиндан танийдиганлар унга қараб ўз кўзларига ишонишмасди. Султон Соҳибқирон уни шу қадар хароб ва тушкун аҳволда кўриб, ҳасрат қўлини бошига уриб, таассуф кўз ёшларини тўкди. Аммо ихтиёр жилови қўлдан чиқиб кетгани учун чора тополмади".
Мироншоҳ Мирзо воқеасини Шарафуддин Али Яздий ҳам ўз "Зафарнома"сида тасвирлаган: Унда зикр этилишича, "Соҳибқирон Рай ва Шаҳриёрдин ўтиб эрдиким, амирзода Мироншоҳ келди. Ул кун ҳазрат кўриниш бермади... Тонгда амирзода Мироншоҳ кўриниш бериб, амирзода юкуниб, қалин пешкашлар тортти. Аммо Соҳибқирон унга ҳеч илтифот қилмади, ул жиҳатдинким ундин ёмон ҳаракатлар зоҳир бўлуб эрди. Ва Темур Хожаи Оқ Буға ва Жалол ал-Ислом ҳукм билан Табризга бордиларким, шаҳзоданинг аҳволини таҳқиқ қилғайлар. (Алар тезда) Табризга бориб, ноибларини ва омилларини тутуб банд қилдилар ва девоний дафтарларни тилаб, (неча йиллиқ) "ду данга" молким, девони аълои хоссага тааллуқ эрди, шаҳзода уни олиб харж қилиб эрди, барчани ҳавола қилдилар. Ҳазрат (Соҳибқирон) эшиттиким, шаҳзодаға айшу ишратиға боис бир жамоат созандалар бўлғон эрмиш, алар жиҳатидин шаҳзода ишратқа машғул эрмиш. Бу жиҳатдин вилоятқа ташвишлар пайдо бўлғон турур, ҳукм бўлуб эрдиким, аларни тутуб ясоққа еткургайлар. Шаҳзоданинг нойиблари (шоир, хонанда ва созандалар) мавлоно Муҳаммад Кўҳистонийким, барча илмда беназир олим эрди ва устод Қутбуддин Нойи ва Ҳабиб Удий ва Абдулмўмин гўяндаким, булар мусиқий фанида ягонаи рўзғор эрдилар, тутуб пойи дорга келтурдилар. Мавлоно Муҳаммад ҳазил билан дедиким: "Хизмати устод Қутбуддинким, барчадин пешво ва муқаддам эрур, керак бу ерда алардин илгари дорға мушарраф бўлғайлар". Жаллод аввал Қутбуддин Нойини дорға ости. Мавлоно Муҳаммадқа навбат етконда, бу икки байтни назм қилиб ўқиди ва қазо ҳукмини ўз ҳукми билан айтди, байт:
Поёни кор ва охир дур аст мулҳидо,
Гар боядат ва гар на ба даст ихтийор нист.
Мансурвор гар ба рандат ба пойи дор,
Мардона пой дор, жаҳон пойдор нист.
(Мазмуни: Мушрикнинг ишини охири ва умрининг охири келди, Кўзида йиғи ва қўлида карнай ихтиёрсиз. Шафқатсиз жаллод дор остига ташлар, дор пойига мардона бор, жаҳонда ҳақиқат йўқ.)
Ва алар (Мироншоҳ)нинг мусоҳибларини тақи дорға остилар."
Ибн Арабшоҳ "Амир Темур тарихи" китобида юқоридаги ҳикоятдан фарқли ўлароқ, Мироншоҳ Мирзо ва унинг надимларининг жазоланишига сабаб қилиб, бир "сирли" мактуб билан боғлиқ воқеани келтирган. Аниқроқ қилиб айтганда, Соҳибқирон Ҳиндистонда бўлган чоғида Мироншоҳдан мактуб келади. Падари бузрукворга ёзилган хат бошдан-оёқ ҳақоратдан иборат бўлган: "Мироншоҳнинг мактубида кўпдан кўп адабдан ташқари, гуноҳга сероб иборалар бор эди.
Темур бу мактубдан воқиф бўлгач, ўз оти жиловини Табризга қараб бурди. Мироншоҳ ҳузурида бир гуруҳ (адоватда) ҳаддидан ошганлар бўлиб, улар ер юзида фасод тарқатишда жидду жаҳд кўрсатгандилар. Улардан бири Қутб ал-Моусилий бўлиб, у бевафо замоннинг мўъжизаси, мусиқа ва қўшиқлар илмида (катта) устоз эди. (Қачонки) у қамишни сайратганда эътиборли кишилар ҳам сукутга борар: (у) найни лабига қўйганда Исҳоқ ва унинг отаси удининг овози чиқмай қоларди; башарти у куйлашни бошласа, киши руҳи унинг майин нафасига "менинг азоб-уқубатларимни енгиллат" деб зорланар эди; унинг қамиш (найи) эса бармоқларга ишорат қилиб, "бош устига" деб жавоб берарди. Кейин чолғувчи унинг ичига руҳни пуфлаб, ҳар қандай мажруҳ қалбга шифо ва яраланган юракка даво бағишларди. Агар унинг найи ўзининг келишган қадди-қоматини ростлаб, ўз оҳанги остида "рақсга" тушиб кетса, унда чанг орқасини эгилтириб, унинг жозибали овозига бўйин эгарди. Агар най ўз куйини (кишилар) қалблари тинглаши учун оғзини очса, унда уд қулоқ солмоқ учун бўйнини эгиб, адаб бармоқлари билан қулоқларини чўзиб эшитарди. Айтишларича, у (Қутб Нойи) оддий ва мураккаб, ясама ва асосий куйларнинг жамийки нағмаларини ўз удининг ҳар қандай бўлимларидан чиқарар экан. Унинг мақомларга бағишланган асарлари бўлиб, (бу борада) у билан устоз Абдулқодир ал-Мароғий ўртасида баҳслар бўлиб ўтган.
Мироншоҳ унга жуда меҳр қўйган бўлиб, унинг суҳбати ва ишратини (ўзига) ғанимат билар эди. (Соҳибқирон) Темур бўлса, ажиб нарсалардан ажабланмас, ўйин-кулги ва мусиқа уни ўзига мафтун этмасди. Бинобарин у (Амир Темур): "Гўё Абдулқодир Мароғий (Бағдод ҳукмдори) Шайх Увайснинг ўғли Аҳмаднинг ақлини олиб, уни тўғён (йўли)га бошлаганидек, ал-Қутб (ал-Моусилий) ҳам Мироншоҳнинг ақлини олиб, уни фасодга бошлади", деди.
Кейин Амир Темур 802 йил рабиул-аввал ойининг ўн еттинчисида (1399 йил 17 ноябрь) Қорабоққа етиб келди ва уни манзилгоҳ қилиб тўхтаб, унда уловларига дам берди. У Озарбайжон ерларини забт этиб, ўша фасодчилар ва адоват аҳлларини қатл қилди, лекин Мироншоҳга ҳеч бир озор бермади, чунки у унинг ўғли бўлиб, ўз пушти камаридан яратилган эди. Улар (икковлари) ўртасида сирли суҳбатлар бўлиб ўтдию, тафсилоти ёлғизгина тангрига аён."
Маълумотларга қараганда, Темур ўғлини бу мактуб ва йўл қўйган хатолари учун қатл ҳам этмоқчи бўлган. Аммо унинг атрофидаги маслаҳатчи саййидлар, дин пешволари, алломалар бунга йўл қўйишмаган. Аммо шаҳзода шундан сўнг Соҳибқирон эътиборидан қолган дейиш мумкин. Мироншоҳ 1408 йил 22 апрелда қора қўюнлилар билан жангда ҳалок бўлди.
Ш.ПЎЛАТХОНОВ,
адабиётшунос