Меню

Қашқадарё

30.09.2024 882

Соҳа фидойиларига давлат мукофотлари ва кўкрак нишони топширилди

Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида вилоят ҳокимлигида таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган ходимларга давлат мукофотлари ва “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони топширилди.

Маълумки, мамлакат Президентининг тегишли фармонига мувофиқ Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида вилоятимиз вакиллари ҳам бўлиб, хусусан,  Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг академик лицейи математика фани ўқитувчиси Ачилова Манзура Шералиевна “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан, Китоб туманидаги 96-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Турдиева Ирода Ғайратовна “Дўстлик” ордени билан, Яккабоғ туманидаги 75-умумий ўрта таълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Боқиев Акрам Васиевич II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан, Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Тухтамуродов Элбек Дилмуродович, Қарши шаҳридаги 18-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Халиқов Азамат Қахрамонович, Миришкор туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг география фани ўқитувчиси Худойбердиева Ойтула Муртазакуловна  “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғига асосан баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасида фидокорона меҳнат қилган ҳамда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фуқаролар “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Давлат мукофотлари ва кўкрак нишонларини топшириш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов тадбир қатнашчиларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш ва соҳада ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган воҳадошларимизга давлат мукофотлари ва “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.

Тадбирда ўқитувчи ва мураббийларнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги катта хизматлари алоҳида эътироф этилиб, уларга юқори малакали кадрларни тайёрлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, фарзандларимизни Ватанга меҳр ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти учун чуқур миннадорлик билдирилди.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!