Меню
Қашқадарё
ЎСМИР НЕГА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛАДИ?
Таажжуб, дейсан киши. Инсоннинг жони ўзига қанчалар ширин. Агар бехосдан қўлингга бир тикан кириши ҳақида ўйласанг, этинг жунжикади. Улар эса... Яна аксарияти ҳаётнинг энг бахтли, завқли, сурурли дамларини яшаётган беғубор, беташвиш ёшлар. Хўш, уларни ўз ширин жонларига қасд этишга нима мажбур қилмоқда?..
Таъкидлаш жоизки, бугун тинч, дориломон замонда, фаровон ҳаёт кечираяпмиз. Ишлаган, ҳаракат қилган киши борки, кам бўлаётгани йўқ. Шунга яраша одамларимизнинг орзу-ўйлари, мақсадлари ҳам юксалиб бормоқда. Янги уй қуриш, тўй қилиш, машинанинг зўрини миниш ва шунга ўхшаш янги-янги орзу-мақсадлар чиқиб келаверади. Аммо кўпчилигимиз ишдан, ташвишлардан ортиб фарзандларимизнинг қалби, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқмаймиз. Ҳамма шароитни яратиб бераяпман, ҳеч нарсадан ками йўқ, деб ўйлаймиз. Лекин, айниқса, ўсмир ёшида бола моддий эҳтиёжлардан ташқари катталарнинг руҳий далдасига, маслаҳатига, меҳрига ҳам муҳтож бўлади.
Психологларнинг таъкидлашича, айнан 10-22 ёшлар оралиғида ёшларнинг жисмоний ва психик тараққиёти жуда тезлашади, ҳаётдаги турли нарсаларга қизиқиши, янгиликка интилиши ортади, характери шаклланади, маънавий дунёси бойиб боради, зиддиятлар авж олади. Булар таъсирида ўсмирнинг характери, атрофдаги кишилар билан муомаласи, жамиятда содир бўлаётган воқеаларга муносабати тез ўзгариб боради.
Бундан 35 йил олдин Деҳқонобод туманидаги 1-сонли ўрта мактабда директор бўлиб ишлар эдим. Май ойининг қайсидир кунида одатга кўра эрталаб соат еттида ишга келиб, хонани очай десам, эшик тирқишидан бир хат тушди. Унда шундай ёзилганди: "Ҳурматли директор, мен ўзимни ўлдирмоқчиман. 8-синф ўқувчиси О.Қ.".
Тўғриси, бундай вазиятда киши нима қилишни билмай қолар экан. Дастлаб хатнинг ҳазиллигини ҳам, чинлигини ҳам тушунмай, бироз шошиб қолдим. Сўнг қоровулни чақириб, "Бир қиз келиб кетдими?", деб сўрадим. У хабарим йўқ, боғда эдим, деган жавобни берди.
Қалбим мудҳиш ҳодиса рўй бериши муқаррарлигини айтарди. Жонимнинг борича ўша қизнинг уйига қараб югурдим.
Ҳовлида қизнинг онаси сигир соғаётган экан. Мени кўргач ишини чала қолдириб, "Келинг, директор бува" дея қарши олди. "Хола, қизингиз уйдами?" - дея сўрадим шошилиб. - "Бугун Ғузорга мусобақага юборишим керак эди, эртароқ келгин десам, мактабга бормабди".
"Жувормаг ўлсин, кечадан бери уйдан чиқмайди. Ҳеч тушунмадим шу қурмағурни. Охири отасига айтиб..."
Аёл ҳасратини бошлаганда қиз уй деразасидан мунғайиб қараб турганди. Кўнглим хотиржам тортиб, аёлга "Тезда мактабга борсин, мусобақага олиб боришим керак", дедиму ортимга қайтдим. Ҳаял ўтмай, ўша ўқувчим ҳам ортимдан етиб келди. Уни хонага чақиртирдим.
Суҳбат шундай кечганди.
- Буни сен ёздингми?
- Ҳа...
- Нега ундай қилдинг?
- Чиндан ҳам ўзимни ўлдирмоқчи эдим, - деди у йиғлаб.
- Ўзинг ақл-ҳушли қизсан, нега бундай қарорга келдинг? Бундан ота-онанг қандай ҳолатга тушишини ўйладингми? Ҳаётдан мақсадинг шуми?
Қиз титраб йиғлар, уни жонидан тўйиш даражасига олиб келган қандайдир сабаб бордек эди. Аммо бу сабаб ёшликнинг беқарор туйғуларию, ўсмир қалбнинг ўзига хос қайсарлигидан бошқа нарса эмас экан.
Маълум бўлишича, бир кун аввал дарсда синф раҳбари ўқувчиларнинг кундалигини текшираётиб, О.Қ.нинг дафтари орасидан хат топиб олибди. Бу хатни қиз 10-синфда ўқийдиган бир йигитга ёзган экан. Буни кўрган ўқитувчи қизни роса уришиб, кейин бу гапни қўшниси бўлган қизнинг онасига бориб айтибди. Она эса уни билганича қарғагач, воқеани қаҳри қаттиқ отага айтиш билан қўрқитган.
Аслида қиз ўша куни тонгда мактабга келган. Сезишимча, у ўз хаёлидаги режани эрталаб қоровулдан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги учун мактаб ҳовлисида амалга оширмоқчи бўлган. Аммо нимадир халақит бериб, режа бузилган. Дарғазаб қиз хатни ёзиб, директор эшигига қистиргану, уйга йўл олган.
- Қизим, сен жуда нотўғри хаёлга борибсан, - дедим унга қандай маслаҳат бериш ҳақида узоқ ўйлаб олгач. - Сен ўша йигитни чиндан ҳам яхши кўрган экансан, бунинг ёмон жойи йўқ. Фақат бундай ожизлик қилиш ўрнига курашишинг керак. Аввало яхши ўқи, ақлли, одобли бўл. Ўша йигитнинг отаси яқин қадрдоним бўлади. Сўз бераман, вақти-соати келиб, унинг номидан ўзим совчи бўлиб бораман. Сен бунга ишонавер, фақат айтганимдек, яхши ўқисанг, одобли, оқила қиз бўлсанг бўлгани.
Биласизми, ўша воқеадан сўнг қизнинг ўқишида ҳам, хулқ-атворида ҳам кескин ўзгариш кўзга ташлана бошлади. У аввал ўртамиёна ўқийдиган ўқувчилар сирасига кирган бўлса, тез орада аълочига айланди. Ҳаётга ёруғ кўз билан боқиб, фақат олға интиларди. Мактабни битириб, шаҳодатномасини қўлига олган куни уни чақириб сўрадим:
- Мана қизим, мактабни ҳам аъло баҳоларга битирдинг. Мен ҳалиги қадрдонимга айтиб қўйибман келин тайёр деб, совчи бўлиб бораверайми? - дедим жиддий оҳангда.
- Йўқ, муаллим, зинҳор ундай қилманг, илтимос, - дея қизариб кетди қиз. - У болани унутиб юборганман. Ҳозир ўқишга кирмоқчиман, шунга тайёрланишим керак.
Кўраяпсизми ўсмирликнинг тизгинсиз туйғуларини. Икки йил олдин қиз ўша боладан бошқаси ҳақида ўйламаётганди. Ўқитувчининг, онасининг дағдағаларини кўриб, гўёки севгисига бошқалар тўсиқ бўлаётган, ўзини ундан айиришаётган, қалбидаги туйғуни топтаётгандек ҳис этиб, жонига қасд қилмоқчи эди, бунга бир баҳя қолганди ҳам. Гўё шу йўл билан севгиси учун курашмоқчи эди. Энди эса ўша севгиси ҳам, орзуси, мақсади ҳам тамомила ўзгариб кетган.
Демоқчи бўлганим, 12-22 ёшлар ўртасидаги аксарият ёшларда ҳис-туйғу жуда кучли ва беқарор бўлади. Бу вақтда камдан-кам ёшларгина ақл билан иш кўради, қолганлари юрак амрига бўйсунади. Ур деса урадиган, от деса отадиган ёш бу. Ана шу жараёнда биз катталар, айниқса, ота-она фарзандларимизга яқин бўлиб, у билан сирлашишимиз, диллашишимиз, қалбидаги ўзгаришлардан огоҳ бўлиб, тўғри маслаҳат беришимиз, тўғри йўлга йўналтира олишимиз лозим. Ўйлайманки, агар ҳар биримиз бу борада ўзимизда чуқур масъулият ҳис этиб, ёшларимиз қалбини англаб, уларга тўғри маслаҳат бера олсак, бир йилда 2 минг 600 дан ошиқ киши ўз жонига қасд қилмаган, уларнинг аксарияти ёшлар бўлмаган бўларди.
Абдиолим ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси