Меню
Қашқадарё
ЎСМИР ҚИЗНИНГ ЖАСОРАТИ
Айни вақтда вилоятимизда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, фронтнинг оловли нуқталаридаги аёвсиз қирғинбаротларнинг бевосита гувоҳи бўлган икки нафар аёл истиқомат қилмоқда.
Улардан бири Қарши шаҳри Шайх Али маҳалласида умргузаронлик қилаётган Сония Нурмагамбетова бўлса, иккинчиси вилоят марказидаги Қарлиқхона маҳалласида яшовчи Вера Носировадир.
Вера Носирова 1925 йилда Украинанинг Харьков вилояти, Волчанский тумани, Верхний Салтов қишлоғида, зиёли оилада таваллуд топган. Ёшлигидан зеҳнли, илмга чанқоқ бу қиз келгусида олийгоҳда ўқиш, катта олима бўлишни мақсад қилганди. Аммо 1941 йилда, Вера ҳали мактаб ўқувчиси бўлган бир пайтда кўплаб халқлар бошига адоқсиз кулфатларни ёғдирган уруш бошланиб қолдию, Вера ва унинг оиласи ҳаёти ҳам синган шишадек тўзғиб кетди.
Айниқса, қаттол уруш даҳшатлари Вера яшайдиган ҳудудга жуда тез етиб келди. Шаҳару қишлоқлар бирин-кетин душман қўлига ўта бошлади. Одамлар асир олинар, уйлар ёқиб юборилар, тинимсиз ўқ овозлари, бомбаларнинг даҳшатли гумбурлашидан қулоқлар қоматга келарди. Кўп ўтмай отаси Андрей Иванович урушда вафот этиб, укаларини боқиш 16 ёшли қизнинг зиммасига тушди. Кейин акасининг ҳам урушда ҳалок бўлганини эшитди.
Бу воқеалар ўсмир қизнинг қалбида душманга нисбатан чексиз нафрат уйғотиб, у жангга кириш, ўз аскарларига амалий ёрдам беришни истай бошлади. Ёш Веранинг бу фикрини эшитган зобитлардан бири у билан белгиланган тартибда савол-жавоб қилганидан сўнг, разведкачи сифатида хизматга қабул қилди. Қиз эса ҳеч иккиланиб ўтирмай, шу куниёқ ишга киришди ва зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришни бошлаб юборди.
Верада разведка хизмати учун керак бўлган ҳамма нарса бор эди. У немис тилини яхши билар, жуссаси кичик ва ёшига нисбатан анча ёш кўринарди. Шу боис икки йил давомида гўёки ўйнаб юрган болакай каби фашистларнинг ўқ-дори, озиқ-овқат омборлари, муҳим объектлари ҳақида кўплаб керакли маълумотлар тўплаб, совет аскарларига етказиб турди.
Бироқ ёш Веранинг ҳаракатларини ўз ҳудудидан бўлган ва фашистларга хизмат қилаётган сотқин "староста" англаб қолади ва бу ҳақда немис аскарларига хабар етказади. Қиз тезда қўлга олиниб, Польша Республикаси Судецкий вилоятида жойлашган концлагерга жўнатилади.
Вера Носирова концлагердаги қийноқлар, азоб-уқубатлар ҳақида сўзлар экан, кўзига ёш олиб, асир тушган кўп жангчилар бу азобларни кўтара олмай, ўлиб кетишганини айтади. Очлик ва қийноқлар азобидан Веранинг ҳам ҳаёти сўниб бораётган эди. Яхшиямки концлагернинг кули кўкка совурилдию, у ва қолган асирлар ҳам озод этилди.
- Шундан сўнг ортга қайтиб, ўз яқинларимни излай бошладим, - дейди Вера Носирова. - Донецк шаҳрида ёлғиз укамни топдим. Сўнгра Пенза шаҳрида оғир ярадор ётган ўзбекистонлик аскар - Нажим Носиров билан танишдим. Кейинчалик у киши билан ҳаёт йўлларимиз боғланди.
Турмуш ўртоғи соғайгач, Вера Носирова 1947 йилда у билан бирга Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига келиб яшай бошлайди. Сўнг Қарши чўли ўзлаштирилиши муносабати билан шу ерга ишга юборилади. Шу-шу Вера Носирова Қарши шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда.
Айни пайтда 95 ёшни қаршилаган онахон фарзандлари, невара ва чеваралари ардоғида бахтли ва тўкис ҳаёт кечирмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.