Меню

Қашқадарё

06.07.2021 3633

"СИЗЛАРНИНГ ЯХШИЛАРИНГИЗ АҲЛУ АЁЛИГА ЯХШИ БЎЛГАНЛАРИНГИЗДИР..."

Сараланган сатрлар

"Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар албатта инқирозга учраганлигининг гувоҳи бўламиз. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган".

Айни фикрни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Бахтиёр оила" китобидан ўқиймиз. Қолаверса, китобда қуйидаги далиллар ҳам келтирилади: "Рус мутахассисларининг таъкидлашича, Россиядаги оилаларнинг 66 фоизи фақат битта бола қолдиради. Охирги ўн йил давомида Россия аҳолиси ҳар йили тахминан 900 минг нафарга камайиб бормоқда. Давлат ва жамият бор имконини ишга солиб, бу ҳалокатдан қутулиш чораларини кўрмоқда. Бу давлатда фақат мусулмонлардагина одам сони ортиб бормоқда.

2010 йилнинг иккинчи ярмида АҚШлик мутахассислар ўзларининг давлатлари оила бузилиши бўйича дунёда энг юқори ўринда эканини эълон қилдилар.

Британияда ҳар 6 та янги қурилган оила ҳиссасига 5 та бузилган оила тўғри келади".

Кўриниб турибдики, оила қуриб, бахтли яшаш дунё миқёсида, хусусан, энг ривожланган давлатларда долзарб масалага айланган.

Хўш, бахтиёр оила қандай бунёд этилади? Бунда эрнинг, хотиннинг вазифалари, ўрни, бурчи нималардан иборат? Умр йўлдоши танлашда эътибор бериладиган жиҳатлар нималар? Ҳаёт қийинчиликлари, пасту баландликларидан қандай қилиб мардона ўтиш мумкин? Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, ажримларнинг олдини олиш, дабдабали, серхарж тўй-маросимларга йўл қўймаслик чоралари борми?

"Бахтиёр оила" китобида буларнинг барчасига атрофлича жавоб топамиз. Балки шунинг учундир, ушбу китоб юртимизда қайта-қайта нашр этилиб, оилаларга қувонч элтмоқда.

Қуйида китобдан айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этяпмиз. Ишонамизки, "Бахтиёр оила" китобининг тўла мутолааси барчамиз учун манфаатли бўлади.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас" деганлари имкони бўла туриб никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мўмин-мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас.

* * *

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унга динининг ярмига ёрдам берибди. (Энди) иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин",  дедилар".

* * *

Эмикдош қариндошлар билан никоҳда бўлишнинг ҳаром қилинишининг тўла ҳикмати, бошқа ҳукмларнинг тўла ҳикмати каби, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум.

Аммо бу ҳукмнинг ҳозирча бизга маълум бўлган ҳикматлари ҳам бор. Гўдак фарзанднинг суяги ва эти она сути билан шаклланади. Бу, инсоннинг бутун вужудида унинг эмган сутининг доимий таъсири бўлади, деганидир. Чунки суяк ва эт инсонда умр бўйи қоладиган ва ҳар лаҳзада вужудга ўз таъсирини ўтказиб турадиган нарсалардир.

Ана шундай таъсирга эга бўлган бир хил сутдан эмиб, катта бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари ўта зарарли бўлади. Уларнинг соғлиқларига ҳам, улардан пайдо бўладиган зурриётга ҳам катта мусибат етиши мумкин. Бунинг устига, аёл киши гўдакни эмизганида унга фақат сутинигина ўтказмайди, балки меҳр-муҳаббатини, ўзидаги ҳис-туйғуларини, руҳий-маънавий ҳолатларини ҳам ўтказади. Ана ўшандай нарсалардан шерик бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари яхши эмас.

* * *

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Киши ўз биродарининг совчилиги устига, ундан олдинги совчи тарк қилмагунча ёки унга изн бермагунча, совчи қўймас", дедилар".

Биров совчи қўйиб турган жойга унинг устидан совчи қўйиш ҳаромдир. Фақат биринчи совчи қўйган одам келиша олмай, совчиликни тарк қилганидан сўнг ёки унинг ўзидан изн олгандан кейингина, совчи қўйиш мумкин. Чунки бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш биринчи совчининг ҳаққига тажовуз қилишдир. Бу иш туфайли кишилар ўртасида низо, хусумат, адоват ва уруш-жанжаллар чиқади.

Шу билан бирга, бирданига бир неча киши совчи қўйган, иш пишмай турган бўлиши мумкин. Улардан ҳеч бири билан жиддий муомала қилинмай, иккиланиш ва маслаҳат ҳолати бўлиши мумкин.

* * *

Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:

1. Диндорлик.

2. Серфарзандлик. Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.

3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.

4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.

5. Насаби яхши бўлиши.

6. Ҳуснли бўлиши. Шунда эрнинг кўнгли тўқ бўлади, муҳаббат қўяди,  бошқаларга қарамайди.

7. Қариндошлардан бўлмаслиги. Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади.

8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик. Чунки кўпхотинлиликнинг машмашаси ҳам кўп бўлади, шартларини бажо қилиш ҳам осон эмас.

* * *

Исломда инсоннинг қадри молу мулкига қараб эмас, молу мулкнинг қадри унга молик бўлган инсонга қараб белгиланади. Агар мол-мулк тақводор киши қўлида бўлса, яхши мол-мулк бўлади. Аммо у фосиқ ва фожир киши қўлида бўлса, ёмон мол-мулк бўлади.

Тақводор, аҳли солиҳ одам молу дунёси бўлса ҳам, бўлмаса ҳам яхшидир. Фосиқ ва фожир одам эса ҳар икки ҳолда ҳам ёмондир.

* * *

Синашиб турмуш қурганларнинг оиласи тезроқ ва кўпроқ бузилишини ҳамма кўриб, билиб турибди. Чунки ҳар икки тараф ҳам "синаш" даврида ўз камчиликларини беркитишга, ўзида йўқ фазилатларни ҳам бор қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан уринади. Оқибатда икки томон ҳам бир-бирини алдайди, бир-бирига "фаришта" бўлиб кўринади. Лекин қалбакилик умр бўйи давом этиши мумкин эмас. Никоҳдан кейин икки томон ҳам тезда ўзининг ҳақиқий башарасини очади. Сўнгра келишмовчиликлар чиқади ва оила бузилади. Фақат "синаш" давридаги ҳаром-ҳариш юриш, гуноҳ, баъзи ҳолларда зино, зинодан ортган фарзанд қолади, холос.

* * *

 Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз (сеп) қилиб бердилар".

Оламларнинг саййиди бўлмиш зот - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларининг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда.

Бу ҳолатни билгандан кейин бугунги кунга бир назар солайлик. Бошқаларни қўйиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларга кўз ташлайлик.

Қиз бола туғилганидан бошлаб емай-ичмай, едирмай-ичирмай сеп тўплаб, бўлган-бўлмаган нарсани йиғиб, жамлаб юрадиганларга нима дейиш мумкин?

Сеп масаласини никоҳнинг асосий ва марказий масаласига айлантиргувчиларга нима деймиз?

Келиннинг эпига эмас, сепига қарайдиган қудаларга нима деймиз?

Сеп туфайли келиб чиқаётган уриш-жанжалларга-чи?

Нима ҳам дер эдик. "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг, оталар!" деймиз.

"Фотимаи Заҳродан ўрнак олинг, қизлар!" деймиз.

"Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олинг, куёвлар!" деймиз.

* * *

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, "Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жам қилсин", дер эдилар".

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз аҳлу аёлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига энг яхшингиздирман", деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари аёлларига нисбатан гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсандликда, уларни эркалаган, лутф кўрсатган, нафақаларини кўпайтирган ҳолда ҳаёт кечирганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўрни келганда, аёллари билан ҳазиллашар, кулишар ҳам эдилар. Ҳаттоки, Оиша онамизнинг кўнгиллари учун, у киши билан югуришда мусобақа ҳам қилганлар.

Муҳаддисларимиз бу ҳақда Оиша онамизнинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

"Семирмасимдан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан югуришда мусобақа қилиб, ўзиб кетдим. Семирганимдан кейин яна югуришган эдик, у киши ўзиб кетдилар ва:

"Буниси билан аввалгиси биру бир бўлди", дедилар".

* * *

Ҳаётдаги энг гўзал фазилат қаноатдир. Рисоладаги хотин ўзини бу фазилат билан зийнатламоғи даркор. Турли ҳою ҳавас деб, зеб-зийнат талаб қилиб, эрни қийин аҳволга солиш яхши эмас.

Аввалги момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: "Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз", дер эканлар.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!