Меню
Қашқадарё
"СИЗЛАР УЧУН УЛАРДА ЯХШИЛИК БОРДИР"
Инсон ва дин
Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан дунё уламолари ва йирик фатво марказларининг хулосаларига таянган ҳолда 2020 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни шу йил 31 июль, жума кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинди.
Шариатимизга кўра йил давомида фақат уч кун мобайнида адо этиш мумкин бўлган улуғ ибодат - қурбонликнинг ҳам ўзига хос аҳкомлари мавжуд. Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти айни масалалар бўйича маълумотларни ҳавола этдики, умид қиламизки, бу кўпчилик учун манфаатли бўлади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвон қандай бўлиши керак?
Қўйдан жазаъ - олти ойлик ва ундан каттаси, бошқадан саний ва ундан каттаси қурбонликка ярайди. Саний деб бир ёшли қўй ва эчкига, икки ёшли молга ва беш ёшли туяга айтилади.
Бу ҳукмлар ҳадиси шарифдан олинган. Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қўйларни ўз саҳобаларига қурбонлик қилишларига тақсимлаб бериш учун бердилар. Бас, бир ёшли улоқча ортиб қолувди, бу ҳақда Расулуллоҳга айтилган эди. У зот: "Уни сен қурбонлик қил", дедилар" (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиси шарифдан бир ёшли улоқни қурбонлик қилиш мумкинлиги келиб чиқади.
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлади", дедилар" (Имом Муслим ривояти).
"Мусинна" туядан беш ёшли, қорамолдан икки ёшли, қўй-эчкидан бир ёшли бўлганидир.
"Жазаъа" Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, қўй-эчкининг олти ойлигидир. Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчкини қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли бир ёшли қўй-эчкининг иложини қила олмаса, олти ойлик бўлса ҳам кифоя қилади.
Қурбонликка айланбош, шохсиз, бичилган ва қўтир ҳайвонларни сўйса бўлади. Аммо ўта озғин ва сўйиладиган жойга юриб бора олмайдиган чўлоқ жониворни сўйиш жоиз эмас. Шунингдек, қулоғининг ярми йўқ, кўзи кўр, думбаси ва думининг учдан бири кетгани ҳам бўлмайди. Бу ҳукмларга ҳадислар далил.
Барро (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: 1) ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, 2) касаллиги очиқ-ойдин ҳайвон, 3) чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва 4) мияси чатоқ ҳайвон", дедилар" ("Сунан" эгалари ривоят қилишган).
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга; ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен: "Муқобала нима?" дедим. "Қулоғининг бир томони кесилган", деди. "Мудобара нима?" дедим. "Қулоғининг учи кесилган", деди. "Шарқо нима?" дедим. "Қулоғи ёрилган", деди. "Харқо нима?" дедим. "Қулоғи белги учун йиртилган", деди" ("Сунан" эгалари ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоғи буткул кесик ва шохи синиқ ҳайвонларни қурбонлик қилишдан қайтарганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Қайси ҳайвонлар қурбонликка ярамайди?
Кўр, тишларининг аксарияти тўкилган, қулоқлари ёки қуйруғининг ярмидан кўпи кесилган ёки тушиб қолган, шохларининг бири ёки иккаласи ҳам тубидан синган, елинлари қуриб қолган, қулоқлари ёки қуйруғи туғилганидан йўқ бўлган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди. Суякларида илик қолмас даражада ориқлаб кетган, сўйиладиган жойгача ўзи юриб бора олмайдиган ногирон ёки касал ҳайвон билан ҳам қурбонлик қилиш жоиз эмас.
Бу камчиликлар қурбонликка сотиб олингандан кейин юзага чиқса, қурбонлик қилувчи киши бой бўлса, бошқа ҳайвон сотиб олиб сўяди. Агар қурбонлик қилувчи киши фақир бўлса, ўша ҳайвоннинг ўзини қурбонлик қилаверади. Бошқа ҳайвон сотиб олиши шарт эмас. Ҳатто фақир киши шундай камчиликларга эга ҳайвонни сотиб олиб, сўйиши мумкин. Чунки қурбонлик фақирлар учун нафл ибодатдир. Нафл ибодатларда эса енгилликнинг чегараси кенгдир, яъни кўп нарсаларга рухсат бордир.
Бой киши қурбонлик учун сотиб олган ҳайвон ўлиб қолса, унинг ўрнига бошқасини сотиб олади. Фақир киши сотиб олган ҳайвон ўлиб қолса, унинг ўрнига бошқасини сотиб олиши шарт эмас. Бой киши қурбонлик қилиш учун олган ҳайвони йўқолиб қолса ёки ўғирланса, унинг ўрнига бошқасини сотиб олиб қурбонлик қилганидан сўнг йўқолган ёки ўғирланган мол топилса, топилган ҳайвонни сўйиши шарт эмас. Чунки у вожибни, яъни қон оқизишни бажарди. Аммо бу ҳукм фақирга тегишли эмас. У топилган ҳайвонни ҳам сўяди.
Баъзи сабабларга кўра, Қурбон ҳайитининг уч кунида ҳам қурбонлигини сўёлмаган бой киши қурбонликка аталган ҳайвонни ёки унинг қийматидаги маблағни эҳтиёжмандларга садақа қилади.
Шериклик асосида сўйиладиган қурбонликда шериклардан бири вафот этса, унинг ворислари марҳумнинг ҳиссасини қайтариб ололмайди.
Қайси пайтда бўлса ҳам, касал ҳайвон сўйилганда ҳаракат қилса ёхуд унинг қони оқса, гўштини ейиш мумкин. Бу икки ҳолатдан бири бўлмаса ва сўйилаётганда жонсиз бўлса, унинг гўшти ейилмайди.
Сўйилмасдан ўзи ўлиб қолган ҳайвон ўлимтик бўлгани каби, боши узиб олинган, мияга тўқмоқ урилган, қулоқ пардасига қичқириқ юбориб ўлдирилган ҳайвонлар ҳам ўлимтикдир. Шаръий қоидаларга риоя қилинмасдан, ҳалқуми ва икки қон томири кесилмай бўғизланган ҳайвоннинг ҳам гўшти ейилмайди ("Неъматул Ислам", 678-бет).
Тепаликдан қулаган, бошқа бир ҳайвон билан шохлашиб қулаган ёки бўри бўғизлаган ҳайвон ҳам ўлимтикдир. Бундай ҳайвонларни ўлишидан аввал шаръий қоидалар асосида бўғизланмаса, уларнинг гўшти ейилмайди.
"Басмала" - ҳалол бўлиш шартидир
Аллоҳ таоло: "Аллоҳнинг номи айтилмаган нарсалардан емангиз! Зеро, у фосиқликдир" (Анъом сураси, 121-оят), дея марҳамат қилиб, жонлиқ сўйишда, албатта, басмала айтишни шарт қилди.
Сўйиш пайти "Бисмиллаҳ"ни айтиш сўйишнинг икки шартидан бири ҳисобланади.
Аллоҳ таоло: "(Қурбон қилинадиган) туяларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Бас, уларга (сўйиш учун) саф тортган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз! Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (жонлари чиққанда) улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, тиланчига ва сўраёлмай турган муҳтожга ҳам едирингиз! Шукур қилишингиз учун Биз уларни (чорва молларини) сизларга бўйсундириб қўйдик" (Ҳаж сураси, 36-оят).
Ояти каримада қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг энг йириги - туя ҳақида сўз бормоқда.
Туя тик турган ҳолда, олд оёқларидан бири бўйнига боғлаб сўйилади. Бу ҳол араб тилида "саваффа" дейилади. Демак, туяни қурбонликка сўйиш учун олд оёқларидан бирини боғлаб қўйган чоғда Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйиш керак.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Аллоҳнинг номи айтилмаган нарсалардан емангиз! Зеро, у фосиқликдир. Шайтонлар эса, ўз дўстлари (мушриклар)ни сизлар билан баҳслашишлари учун васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар (ҳам) мушрикларсиз" (Анъом сураси, 121-оят).
Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол, деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.
Тановули ҳалол қилинган ҳайвонларни сўйиш пайтида Аллоҳ таолонинг исмини айтиш шарт қилиб қўйилиши улкан ҳикматни ўзида мужассам қилган. Сўювчига ҳам, сўюлувчига ҳам жонни Аллоҳ таоло берган. Аллоҳ таоло берган жон ила ҳаракат қилаётган сўювчи, Аллоҳ таоло жон берган ва унга таом учун ҳалол қилиб қўйган ҳайвонни жонини чиқариб гўштга айлантириш пайтида унга жон берган Аллоҳ таолони эсламаслиги улкан маънавий жиноятдир. Ана шу жиноят ила сўйилган ҳайвон ҳаромга айланади.
Сўювчи ҳайвоннинг томоғига пичоқ тортаётиб "Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар" демоғи керак.
Сўйиш пайтида Аллоҳ таолонинг исмидан бошқа исмни айтиб бўлмайди. Ҳатто "Бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар, бу Фалончидан қурбонлик", дейиш ҳам макруҳдир.
Динимиз сўйиладиган ҳайвонни қийнамасликка буюради. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!" дедилар".
Пичоқни ҳайвоннинг олдида қайрашга рухсат берилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайвонни ётқизиб пичоғини қайраётган одамга: "Буни ётқизишингдан олдин қайрасанг бўлмасмиди!" деганлар.
Шунингдек, бир ҳайвоннинг ҳузурида иккинчисини сўйишга ҳам рухсат берилмаган.
Ҳайвоннинг томоғига пичоқ тортганда суякка етказиб юборилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайвонни сўйганда пичоқни оқ мия деб аталувчи умуртқа поғанасидаги оқ нарсага етказиб пичоқ тортишдан қайтарганлар. Чунки бундай ҳолатда ҳайвон азобланади.
Ҳайвоннинг бўғзига пичоқ тортгандан кейин танаси совумагунча, калласини узиш ва терисини шилиш мумкин эмас.
Қурбонлик гўшти қандай тақсимланади?
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг оттирмасин", дедилар. Келаси йили бўлганда: "Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?" дейилди. У зот: "Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим", дедилар" (Имом Бухорий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифга асосланиб, одатий ҳолатларда қурбонлик гўштини учга бўлиб, бир қисмини ўзи ейиши, иккинчи қисмини камбағалларга бериши, учинчи қисмини сақлаб қўйиш яхши, дейдилар. Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарур. Оилали киши уларга кенгчилик бўлиши учун садақа қилишни тарк қилмоғи мандубдир.
Бу ҳукмларнинг ҳаммаси вожиб ва суннат қурбонликларга хосдир. Аммо назр қилинган бўлса, эгаси ўзи ҳам ейиши ва бойларга ҳам едириши мумкин эмас. Сўйишни яхши билса, ўз қўли билан сўймоғи мандубдир. Бўлмаса, бошқага сўйдиради. Бошқага сўйдирганда ҳам ўзи ҳозир бўлиши лозим.
Мусулмон бўлмаган кишиларга қурбонлик гўштидан берса бўлади. Қурбонлик қилган кишининг оила шароити унча яхши бўлмаса, у одам қурбонлик гўштини фақат оиладагилар билан ейиши мақсадга мувофиқдир.
Шерикликда сўйилган туя ва қорамол гўшти тахминан эмас, балки тарозида тортилиб, тақсимланади. Калласи бир кишига, оёқлари тўрт кишига, териси икки кишига берилади. Агар улардан бирининг нияти қурбонлик эмас, балки гўшт олиш бўлса, ҳаммаларининг қурбонликлари бекор бўлади. Зеро, қурбонликнинг рукни гўшт олиш эмас, сўйишдир. Қурбонликнинг териси бир фақирга садақа қилинади. Бу терини сотиш ҳам, қассобга "пичоқучи" сифатида бериш ҳам жоиз эмас.
Қурбонлик гўшти сотилса, унинг пули садақа қилинади. Икки киши адашиб бир-бирининг қурбонлигини сўйиб қўйса, бўлаверади. Тўлаб бериш йўқ. Чунки қўй шундоқ ҳам қурбонликка аталган бўлади. Иккиси сўйиб бўлиши билан ўзиникини қайтариб олади. Агар гўштни еб қўйган бўлсалар, бир-бирларининг ҳақларини ҳалол қилишади. Қурбонлик сўйишда бошқанинг ёрдамидан фойдаланишга рухсат бор.
НАСРИДДИН тайёрлади.