Меню

Қашқадарё

20.07.2021 1432

Сизда дунё фуқароси паспорти бўлишини истармидингиз?

Яқинда Ғузор туманида ўтказилган семинар-тренинг иштирокчилари мазкур тадбирга қадар ушбу саволга нима деб жавоб беришни билишмасди. Бироқ “Глобал фуқаровийлик. Зўравонликка асосланган экстремизмга қарши кураш” мавзусига бағишланган бу семинар-тренингдан сўнг уларнинг аксарияти дунё фуқароси бўлиш учун чет элларга бориш шарт эмаслиги, балки ўз юрти, ўз тумани ва ўз қишлоғида яшаб ҳам глобал фикрлаш, дунё миқёсидаги муаммоларга бефарқ бўлмаслик, уларни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиш орқали дунё фуқаролигига эришиш мумкинлигини англашди.

“Сумбула” ўқув марказида Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ташкил этилган бу семинар-тренинг Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтказилди. Унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг вакиллари, туман бандлик бўлими мутасаддилари ва фаол ёшлар иштирок этишди.

Интерфаол тарзда ўтказилган тадбир давомида лойиҳа тренерлари “Танишув сайри”, “Ассоциация”, “Дунё паспорти” сингари машқлар ҳамда шахснинг ўзини англаши,  фуқаровий фаоллик ва глобал фуқаровийлик ҳақида “ақлий ҳужумлар уюштиришди. Зўравонликни келтириб чиқарувчи низолар, радикал қарашлар ва экстремизм тўғрисида кенг тушунча беришди, аёлларни экстремизмга бошловчи сабаб ва омиллар таҳлили билан таништиришди.

Семинар-тренингда “Юксалиш” АМРМ ва мазкур ННТ томонидан DVVнинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди. Бунда, айниқса, аҳолининг заиф қатламлари вакилларига психологик, юридик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!