Меню

Қашқадарё

20.03.2020 1904

СИНОВ КЕЛИШИ ЭМАС, СИНОВЛАРДАН ЎТА ОЛМАСЛИК ЁМОНДИР

Инсон ва давр

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни нималар билан синашини маълум қилар экан, ушбу синовларни қандай қабул қилиш кераклигини ҳам тушунтиради: "Албатта биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: "Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз", - дейдиган сабрли кишиларга хушхабур беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчидирлар (Бақара сураси, 155-157 оятлар).

Ушбу ояти кариманинг маъносини  Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ таъвил қилиб шундай дейдилар: "Биламизки, аслида  кишилар бошига синовларнинг келиши  ёмон эмас, балки унинг синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган.  Балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо, бор куч-ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида  имтиҳонлар   яхшидир".

Бугун дунё аҳоли бошида бир ташвиш: коронавирус. Ушбу касалликни юқтирганлар юртимизда ҳам қайд қилинди. Хўш, ушбу касалликдан ваҳимага тушиш ва қўрқув нечоғлик ўринли, динимизда бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ, дейилган?

Қўрқув ва ваҳималар ичра яшайдиган кишиларга айтар сўзимиз шуки, қўрқув билан келиши мумкин бўлган хатарни янада кучайтирмоқдасиз. Сизнинг бу хавотир ва ваҳимангиз  хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан, яхшиси ўзингизни қўрқитаётган ишнинг олдини олишга ҳаракат қилинг, унинг содир бўлишига йўл қўйманг! Ҳали бошингизга келмаган муаммодан қўрқиб яшашни бас қилинг!

Дунё ислом уламолари бу  касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора-тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. "...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!" (Бақара сураси 195-оят).

16 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқиш, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этиш, жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилиши, масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилиши,  мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклиги, ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилиши лозимлиги, касалликнинг олдини олиш борасида тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш, бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситалар нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром эканлигини чуқур англаб, ушбу қоидаларга қатъий амал қилишга чақириб, фатво эълон қилди.

Минг афсуски, мазкур вазиятда карантин жараёнлари ва юқоридаги фатво талаблари тўғрисида аҳоли орасида турли нохолис ва текширилмаган, бир ёқлама фикр юритилган ахборотларни тарқатишга уринишлар содир бўлиб турибдики, бундайин ишлардан қатъий сақланиш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятида қуйидагича марҳамат қилади: "Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар".

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг эшитган ҳар нарсасини гапиравериши гуноҳ учун кифоя қилади", дедилар. Шунингдек, инсон ҳар қандай фитналарга алданмаслик, ниҳоятда ҳушёр бўлиши кераклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади", деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим.

Бинобарин, ҳар қандай маълумотга ишониб, қарор қабул қилавериш дунё ва охиратда пушаймонга сабаб бўлиши мумкин. Текширилмаган хабарни тарқатган одам ҳам айни гуноҳга шерик бўлиб қолади. Маълумотни олиш ва аниқлашда аввало, ҳар бир соҳанинг мутахассисига мурожаат қилиниши керак.

Қуръони карим, сўзсиз, инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган: "Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир" (Шарҳ сураси 6-оят). Демак, бало-офатлар тарқалганда бандалар ибодат, зикру тасбеҳга, истиғфорга янада зўр беришлари, доимо дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашлари керак. Аллоҳ таоло дунёдаги мўмин-мусулмонларни, жумладан, юртдошларимизни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин.

Раҳматилла УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!