Меню

Қашқадарё

29.08.2017 2016

СИНГАПУР: ДУНЁДА ТОЗАЛИКДА УНГА ТЕНГ КЕЛАДИГАНИ ЙЎҚ

Мамлакатда гиёҳванд моддалар сотуви ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Жиноятчилик кам. Хуллас, Сингапурдан ибрат оладиган нарсалар кўп.

Маҳаллий тадбиркор Чанг билан очиқ ҳаво – табиат қўйнида ташкил этилган емакхонада суҳбатлашиб ўтирибмиз. Чанг гурунг асносида бир неча бор сигарета чекиб, қолдиқларини ишхонасидан қайтгунча чўнтагига солиб қўйган темир қутичага батартиб жойлаб чиқаяпти. Суҳбатимиз поёнига етиб, кетишга ҳозирлик кўраётганимизда Чанг қўлидаги қутича билан 100 метрлар нарида жойлашган чиқинди ташланадиган махсус жойга бориб, сигарета қолдиқларини ташлаб келди.

- Агар уни дуч келган жойга ташласангиз жаримаси салкам 400 АҚШ доллари атрофида бўлади, - дейди Чанг. – Биласизми, бу одатлар ёшлигимдан миямга ўрнашиб қолган. Сақич, конфет қоғозларини кўчага ташламаймиз. Чиқинди солинадиган қутиларни кўрмагунимча қўлимда ушлаб кетавераман. Одам шунга ўрганиб қоларкан. Тартибни бузсангиз дарҳол жаримага тортишади. Бўйин товлаёлмайсиз. Ҳамма жойда кузатув камералари ишлаб турибди.

Чангнинг айтганича бор. Катта миқдордаги жарима, кузатув камералари, қолаверса, одамларнинг онггига сингиб улгурган одат Сингапур кўчаларининг саранжом-саришталигига хизмат қилаяпти.

- Булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, - дейди Чанг бизни одатлари билан таништиришда давом этаркан. – Бундан уч ойларча олдин қўшнимнинг 18 яшар ўғли мустамлакачилик давридан қолиб кетган қандайдир бир эски бинонинг деворига расм солган экан. Суд уни маданий ёдгорликларни ваҳшийларча вайрон, оёқости қилишда, маданиятсизликда айблаб, унга нисбатан савалаш жазосини қўллади. Қўшимчасига бир ҳафта қамоқда ҳам ётиб чиқди. Жисмоний жазо қўллаш бизда тез-тез учраб туради.

Сингапурда эришилган юксак турмуш фаровонлиги даражасининг шафқатсиз қоидалар билан қандай уйғунлиги бор? Қуйида шуларни аниқлашга ҳаракат қиламиз.

РИМ ПАПАСИ ҲАМ ЁРДАМ БЕРОЛМАДИ

Агар мамлакатга кириб келаётганлардан кимдир ўзи билан катта миқдорда гиёҳванд моддаларни олиб кирса ёхуд унинг савдоси билан шуғулланса – бу одам ўлимга ҳукм этилиши тайин. 2002 йилда Чанги аэропортида австралиялик 22 яшар бир фуқарони тўхтатишди. У ўзи билан 400 грамм миқдорида кокаин гиёҳвандлик моддасини олиб кираётган экан. Уни Австралия бош вазири ҳимоя қилиб, агар тезда қўйиб юборилмаса, ушбу мамлакатга турли кўринишдаги санкциялар эълон қилиниши мумкинлигини айтиб, таҳдид қилган. Бундан ташқари, халқаро ҳуқуқшунослар, ҳаттоки Рим папаси ҳам Австралия фуқаросини афв этишни сўраб мурожаат этган. Аммо шунча уринишларга қарамасдан йигитчани барибир осишди. Шундан бери гиёҳвандлик моддалари сотуви билан шуғулланувчилар мамлакатимизни айланиб ўтадиган бўлишган. Гап шундаки, Сингапурда қонунларга нафақат оддий, камбағал фуқаролар, балки барча бирдек итоат қилишга мажбур. У миллионер ёки бош вазир, машҳур артист ёхуд Евроиттифоқ фуқароси бўладими – бунинг аҳамияти йўқ. Қонунни буздингми – жазо муқаррар.

Сингапур кўчалари бўйлаб кетар экансиз, йўл ёқалари, дўконлар атрофи, бекатлар – хуллас кўзга кўринарли барча жойда огоҳлантирувчи ёзувлар битилган тахтачалар ўрнатилган. Уларнинг ҳаммасида у ёки бу нарсани қилиш тақиқланиши тўғрисида эслатиб ўтилган. Масалан, сақич фақат дорихонада сотилиши ва уни шифокор рецепти бўйича харид қилиш мумкинлиги эслатилган. Сайёҳларга ўзлари билан сақич олиб кириш тақиқланмаган, аммо уни метрода қаергадир ёпиштириб кетиш яхши эмас. Бунинг учун салкам 800 доллар жарима тўлашингизга тўғри келади. Шаҳардаги тўрт кунлик саёҳатим давомида қизиқ ҳолатларга дуч келдим. Бўйнига иқрорлик белгиси – “Мен атрофни ифлос қилдим” деб ёзилган тахтачани осиб олган кишиларга кўзим тушди. Улар сигарета чекиб, қолдиғини ерга ташлашган экан. Шу боисдан бундайлар бир ҳафта мобайнида кўча супуришга мажбуран жалб этилган. Кенг жамоатчилик фойдаланадиган ҳожатхонадаги тартибга риоя этмасангиз нақ 100 доллар тўлашга мажбурсиз. Агар лифтда кета туриб ножўя ишга қўл урсангиз, махсус ўрнатилган асбоб – детектор шу заҳотиёқ ахлоқсизлигингиз ҳақида полицияга хабар беради. Мамлакатда бу каби антиқа қонунлар жуда кўп. Масалан, кўчадаги каптарларга дон-дун бериш, омма олдида қўшиқ айтиш, ҳаттоки уйда ўстирилаётган гулларга керагидан ортиқча сув қўйиш (сувнинг мўллиги пашша, чивин кабиларнинг кўпайишига сабаб бўларкан) ҳам тақиқланади. Ёнғин чиқишининг олдини олиш мақсадида чекувчиларга метрога “зажигалка” – ўт олдиргич олиб кириш тақиқланади. Бунга амал қилмаганлар салкам 100 долларлик жарима тўлашларига тўғри келади.

ДАРРА – КЎП ҲОЛЛАРДА У РАМЗИЙ МАЪНО КАСБ ЭТАДИ

- Ғаройиб қонунларнинг аксарияти фақат қоғозда мавжуд, - дейди маҳаллий сайёҳлик фирмаси раҳбари Муҳаммад Кабир-Кажария. - Кейинги йигирма йил ичида уларни бузганлик учун кимнидир жазолашганини кўрмадим. Унда нега бу қонунлар амалда мавжуд? Улар фуқаролар бўшашиб кетмасин, деган мақсадда ушлаб турилади. Бироқ асосий қонун-қоидалар ижроси қатъий назорат қилинади. Дейлик, дўконда вояга етмаган болага сигарета сотишди. Бунга алоқадор бўлганларнинг барчаси жазога тортилади: дўкон эгаси катта миқдорда жарима тўлайди, “кашанда” болага дарра урилади, сигарета сотган киши ҳам бенасиб қолмайди, камига қамоқда ҳам ўтириб чиқади.

Бундай тартиб ўзини оқлаяптими, деган савол туғилиши табиий. Мана шундай қаттиқ тартиб-интизом туфайли Сингапурда ҳуқуқбузарликлар сони кескин камайган. Ўтган асрнинг 70-йилларида йўлларимизда шундай тартибсизлик вужудга келгандики, юриб бўлмасди. Ҳайдовчилар маст ҳолда машина бошқаришарди, светофорга умуман риоя этишмасди, у ўзига ўзи ёниб-ўчиб ётарди. Қаттиқ тартиб жорий этилгач, бир йилга бормасдан ҳаммаси ўз жойига тушди. Эндиликда маст ҳолда машина бошқараётган ҳайдовчи полициядан пора бериб ҳам қутулолмайди. Унга битта квартира нархи миқдорида жарима солинади ҳамда бир неча йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади. Шундай бўлгач, ким ҳам таваккал қилишга жазм этарди...

Сингапурга биринчи бор ташриф буюрган киши бу ердаги саришталикни кўриб, қўлидаги қоғозми ёки бошқа нарсани ерга ташлашга журъати етмайди. Музқаймоқ билан метрога киришни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Аммо бундай саришталикка путур етаётган жойлар ҳам йўқ эмас бу ерда. Масалан, “Кичик Ҳиндистон” деб номланувчи ҳудудга келсангиз, манзара бироз ўзгаради. Автобус бекати, йўл четларида сувдан бўшаган идишлар ётганига кўзингиз тушади. “Нега бу ерда аҳвол бошқача?” – деган саволингизга сингапурликлар кулиб шундай жавоб беришади: “Ҳа, шунақаси ҳам бўлиб туради. Ҳар доим ҳам қоидабузарларни жиноят устида тутолмайсиз-ку. Аммо сиз ўзингизни билинг. Ўзингизнинг хатти-ҳаракатингиз учун жавоб беролсангиз бўлгани”.

Кўп мамлакатларда, масалан, Вьетнамда сайёҳлар доим сергак юришга ҳаракат қилишади. Чунки кўча безорилари мотоциклда келиб, қўлингиздаги нарсаларни олиб қочиши мумкин. Парижда эса бошпанасиз исқирт одамлар, тиланчилар кўплигидан шаҳарни тузукроқ томоша ҳам қилолмайсан киши. Россияда ҳам бу борадаги ишларни кўнгилдагидек деб бўлмайди. Одамлар кераксиз нарсаларни ўнгу сўлига бепарво ирғитишда давом этмоқда, тозаликка риоя этиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Сингапурда эса бунинг мутлақо акси. Қаттиқ тартиб-интизом, ҳаддан ташқари катта жарима ва шафқатсиз қонунлар боис Сингапур бугун шундай тоза-озода, иқтисодий жиҳатдан барқарор, ҳар жиҳатдан хавфсиз, ибрат олса арзийдиган мамлакатга айланди.

Георгий ЗОТОВ

М.МУРОДОВ таржимаси

Манба:  “Аргументы и факты” газетаси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!