Меню
Қашқадарё
СИНДИРИЛГАН ЎЙИНЧОҚЛАР, УЗИЛГАН ГИРЛЯНДАЛАР, БУЗИЛГАН ҚУРИЛМАЛАР...
Ёшлигимиздан яхши биламиз, Янги йил томошаларининг аксариятида эзгулик ва ёвузлик ўзаро тўқнашиб, эртак қаҳрамонлари - ижобий ва салбий персонажлар бир-биридан устун келишга ҳаракат қилишади.
Энг қизиғи, Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биноси олдида Янги йил арчаси ўрнатилиб, уни безаш ишлари ҳали якунланмаган бўлса-да, атрофида аллақачон эзгулик ва ёвузликнинг ҳақиқий кураши бошланиб кетди. Яхшилик тарафдорлари бир неча ҳафтадан буён рекорд баландликдаги арча ва майдон ҳудудини турли хил ўйинчоқлар ва шакллар, тунги чироқлар ва иллюминация воситалари билан кўркам қилишга уринаётган бир пайтда ёмонлик истовчилар ранг-баранг шарларни уриб синдириш, ёруғлик диодли гирляндаларни узиб улоқтириш, ясалган қурилмаларни бузиб ташлаш билан овора.
Номаълум кимсаларнинг маданиятсизлиги, халқ мулки ва ўзгалар меҳнатига ҳурматсизлиги шунчаликка етдики, улар шаҳримизда қалин қор ёққан 13 декабрь кунининг ўзида майдондаги безатилган кўпгина жойлар, ҳатто Янги йил тимсолларини ҳам оёқ ости қилишган. Эртаси куни майдонда кузатилган айрим манзаралар суратларда акс этар экан, табиий бир савол туғилади: шу каби безориликлар ва назоратсизлик давом этаверса, Янги йилгача театролди майдонида одамларга аъло кайфият бағишлайдиган нима қолади? Ёки мутасаддиларимиз Янги йилда эзгулик барибир ёвузлик устидан ғалаба қозонади, дея безаш ишларининг натижаси билан қизиқмай қўйдими? Халқ учун, халқнинг пули эвазига бажарилаётган бу муҳим ишларга муносабат шуми?
Биродар АЗИЗОВ
Муаллиф олган суратлар.