Меню
Қашқадарё
СИФАТЛИ ПИЛЛА – ПИШИҚ ИПАК ДЕГАНИ
Ҳудуддаги “Тўраев Миробид Зарипович” кўп тармоқли фермер хўжалигида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ҳамда боғдорчилик билан бир қаторда пилла тайёрлаш тармоғи ҳам йўлга қўйилган. Жорий пилла мавсумида хўжалик аъзолари 6 қути ипак қурти парваришлашди.
- Пилла тайёрлашнинг меҳнати машаққатли бўлгани билан ўзига яраша гашти, завқи бор, - дейди хўжаликнинг тажрибали пиллакорларидан Мукаррам Набиева. - Меҳнатидан эринмаган, чарчамаган одам бугунгидек ҳосил териш пайтида гашт қилиб пилла теради. Сифатли пилла – пишиқ ипак дегани, бунинг учун куну тун тинмай ипак қуртини парваришлаш талаб этилади. Ҳар йили пилла етиштирганимиз учун бу иш биз учун у қадар қийин туюлмайди. Сафимиз ёш пиллачи қизлар билан кенгайиб бораяпти, билганимизни уларга ҳам ўргатаяпмиз.
Хўжаликда бугунги кунда 10 нафар хотин-қиз шу иш билан банд. Пилла териш учун эса қишлоқдаги бошқа хотин-қизлар ҳам жалб этилади. Фермер хўжалиги раиси Миробид Тўраевнинг айтишича, бу йилги об-ҳаво шароити пилла учун бироз ноқулай келганига қарамасдан шартнома режасини ошиғи билан уддалашни кўзлашаяпти.
- Бу йилги ҳосилимиз мўл бўлди, - дейди фермер. – Ўзимизнинг чамамизга кўра, 600 килограммдан ошади. Тўғри, мавсумда ёғингарчилик кўп бўлди, аммо пиллакорларимиз бўш келишмади, ипак қурти ривожи учун керакли шароитни яратиш, етарли ҳароратни ҳосил қилишга эришдик.
Албатта, қилинган меҳнат ўз самарасини бериб, бугун ғанакдан бирма-бир терилиб, уюм-уюм қилинаётган пилла ҳосили эртага тўқув дастгоҳларини ишга туширади, пишиқ ипга, кўрган кўзни қувнатадиган матоларга айланади.
Х.ҚИЛИЧЕВА
Суратда: тажрибали пиллакорлар Мукаррам Набиева ва Сарвиноз Бобоқулова.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.