Меню

Қашқадарё

18.04.2017 1989

ШУНДАЙ БУЮК БОБОМ БОР МЕНИНГ...

Франция – Европанинг тарихи бой, машҳур давлатларидан. Париж эса дунёнинг энг номдор шаҳри. 24 кунлик малака ошириш курси давомида мутасаддилар бизга Парижни томоша қилдириш учун бир ҳафта вақт ажратишди. Табиийки, Парижга келган ҳар бир сайёҳ дунё маданий маркази ҳисобланмиш бу азим шаҳарнинг тарихий жойлари, осори атиқаларини кўришга, унинг беқиёс гўзаллигидан баҳраманд бўлишга, донгдор бу шаҳардан имкон қадар кўпроқ таассурот билан қайтишга интилади. Биз ҳам – 10 нафар ўзбек муаллими кўп қатори Парижни саёҳат қилар эканмиз, дунёга машҳур Лувр музейи, Ғалаба арки, Париж Биби Марям ибодатхонаси, Елисей майдони, Сена кўприклари ва албатта, Эйфель минорасини томоша қилдик. Бениҳоя гўзал! Машҳур француз адиби Александр Дюма, Жан Жак Руссо, Виктор Гюго асарларида тасвирланган гўзал ва шавкатли масканлар томошаси албатта, дилимизга ўзгача шукуҳ, завқ бағишлади.

Сена дарёси Парижни қоқ иккига ажратиб оқиб ўтган. Ҳар иккала қирғоқни боғлаб туриш учун дарё устига кўплаб кўприклар қурилган. Шулардан бири – 9-кўприк аталмиш иншоот олдида ҳайратдан тўхтадик. У ерда дунё соҳибқиронларига ҳайкаллар ўрнатилган экан. Ҳар бир ҳайкал пойида эса машҳур исм шарифлар битилган: Наполеон Бонапарт, Александр Македонский, Чингизхон ва ҳоказо. Улар сафида ғурур билан қад керган ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалига кўзим тушди-ю, юрагим ҳаприқиб кетди. Ҳайкал пойидаги ёзувни ўқиганимда эса бу ҳаяжон ғурур билан алмашинди: “Амир Темурга миннатдор Европа халқидан...”

Миннатдор Европа халқи... Бу сўзларни ўқиган ҳар бир миллатдошимиз кўксини фахру ғурур, чексиз ифтихор туйғулари чулғаб олиши тайин. Ҳамроҳларим ҳам худди шу ҳиссиётни бошларидан кечираётгани, қалбан ҳис этишаётганини сезиб турардим. Ҳаяжон оғушида барчамиз беихтиёр ўз фикрларимиз, таассуротларимизни изҳор эта бошладик:

- Қойил... кутмагандим сира, рости, билмас эканман буни...

- Нимасини айтасиз! Қандай буюк аждодимиз бўлган-а!

- “Бўлган”, деманг, муаллим, бор денг, бор! Амир Темур ҳамиша барҳаёт сиймо!

- Ҳа, рост айтасиз, буюк саркардамиз ҳамиша барҳаёт!

Айни дамда дилимни қуршаган фахрбахш туйғунинг яна бир боиси у туғилган макон – Қашқадарёдан эканлигим ҳам эди...

Кейинроқ бизнинг ҳаяжонли, ғурурли бу суҳбатимиз мазмунидан хабардор бўлган ўқув маркази раҳбари – Режис Жандр кулимсираб, шундай дегани яхши эсимда:

- Бу ҳайкал бежиз барпо этилмаган. Сизнинг аждодингиз Европани лол қолдирган буюк туркий жаҳонгирдир. Унинг азим салтанати, қудратини бизнинг бобокалонимиз – Карл VI ҳам тан олган, эътироф этган. Европаликлар эса Амир Темурдан ўзларини турк истибдодига тушишдан асраб қолгани учун ҳам  тоабад миннатдор. Ушбу ҳайкал эса шу миннатдорлик рамзи ўлароқ бунёд этилган...

Бу сўзларни тинглай туриб, хаёлимни олис мозий манзаралари ўзига тортди: шавкатли Амир Темур Кўрагон саройи. Улуғ саркарда француз қироли Карл VI элчиларини қабул қилмоқда. Бирмунча  кейинроқ испан элчиси Руи Гонзалес де Клавихо батафсил тасвирлаган сарой ҳашаматлари, гўзал ва доно малика – Сароймулкхоним иштирокидаги тантанали қабул маросими. Икки юрт, икки миллат вакилларининг ўзаро савдо-сотиқ, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадидаги музокаралари, мактуб ёзишувлар...

Тарихнинг шу биргина лавҳаси орқали буюк Амир Темурнинг донғи дунёни тутган салтанату қудрат соҳиби экани яққол намоён бўлганди.

Юртга қайтдик. Шундан бери ўтган 20 йилдан зиёдроқ вақт давомида мактабда ўқувчиларга француз тилидан сабоқ бердим. Қанчадан- қанча шогирдлар тайёрладим, мактабдан ортиб, малака ошириш институтида ҳам дарс бердим. Шу сабоқ, машғулотлар чоғида ажнабий тилни ўргата туриб, ўқувчиларимга доимо ўзим гувоҳи бўлганим шу воқеани қайта-қайта сўзлаб бердим. Бизнинг шундай бобомиз бор! Биз шундай буюк зотнинг авлодимиз!..

Эштўхтар ЭЛМУРОДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!