Меню

Қашқадарё

30.07.2021 1933

ШУНДАЙ АҲВОЛГА ТУШИБ ҚОЛДИЛАРКИМ, НА ХУДО ЭСЛАРИГА КЕЛАДИ ВА НА ПАЙҒАМБАР

 

Сараланган сатрлар

       Убайд Зоконий XIII асрда Қазвин яқинидаги Зокон деган жойда собиқ вазир оиласида дунёга келган. Дастлаб ўз ҳудудида, кейин Бағдодда таҳсил кўрган. Ўқишни тамомлаб келгач, давлат идораларида амалдор бўлиб ишлай бошлаган. Ўзининг ёзишича, тинч ва тўқ ҳаёт кечиришига етарли шароит ва маблағ мавжуд бўлган. Бироқ маълум вақт ўтиб, номаълум сабабларга кўра ишдан бўшатилади. Шундан сўнг унинг асосий машғулоти адиблик бўлиб қолади. Унинг ишдан бўшатилишига танқидий назари, ҳажвчилиги сабаб бўлиши мумкинлигини тусмол қиладиганлар кўп. Нима бўлганда ҳам у ҳажв ва пародиянинг турли йўлларида ижод қилиб, ҳукмдорлар фаолиятига халқ томонда туриб баҳо беради, фақирликда кун кечирса-да, миннатли эҳсонлардан юз ўгиради.

Қуйида Убайд Зоконийнинг "Ўн фасл рисоласи" ҳамда "Юз ўгит" рисоласидан намуналарни ҳукмингизга ҳавола этамиз. Муаллифнинг ўзи ёзганидек, у гапларни мазах учун айтмаган, ҳазилини қўйиб, жиддийсини олиш керак...

* * *

Бир киши мавлоно Азудиддиндан:

- Халифалар замонида одамлар орасида худолик ва пайғамбарлик даъвосини қилувчилар кўп бўлар эди. Нима учун энди ундайлар топилмайди? - деб сўрабди.

- Ҳозирги кишилар, - деб жавоб берибди у, - зулм ва очликдан шундай аҳволга тушиб қолдиларким, на худо эсларига келади ва на пайғамбар.

* * *

Бир хуросонлик карвонда эшагини йўқотиб қўйибди ва бошқа бир эшакни меники деб миниб олибди. Карвон аҳли ундан:

- Эшагинг эркакмиди, урғочимиди? - деб сўрашибди.

- Эркак эди, - деб жавоб берибди у.

- Ахир бу эшак урғочи-ку, - дейишибди одамлар.

- Ростини айтсам менинг эшагим унчалик эркак ҳам эмас эди, - дебди хуросонлик.

* * *

Бир даъвогар туркман кўзани оҳакка тўлдириб устига думба ёғ қўйибди-ю, пора тарзида қозига олиб борибди. Қози кўзани олиб, ишни туркман фойдасига ҳал қилибди ва унинг қўлига муҳр қўйиб, имзо чекилган бир қоғоз қилиб берибди. Бир ҳафтадан кейин кўзанинг сири очилибди. Қози туркманни қозихонага чақириб:

- Ўша қоғозни олиб кел, озгина хато кетган экан, тузатиб берай, - дебди.

- Тақсир, қоғозда-ку хато йўғ-а, кўзада бўлса бордир, - дебди туркман.

* * *

Тулкидан:

- Итдан қочиб қутулиш учун қанча айёрлик ишлата оласан? - деб сўрашса, тулки:

- Юздан ортиқ, лекин энг яхшиси унга рўбарў келмаслик, - деб жавоб берибди.

* * *

Султон Маҳмуд оч қолган экан, унга бақлажон қовуриб беришибди. Бу овқат Султон Маҳмудга маъқул тушибди ва у, "бақлажон ҳам чакки таом эмас экан", деб қўйибди. Бу сўзни эшитиб қолган надими дарҳол бақлажонни мақтаб кетибди. Султон Маҳмуд қорни тўйгандан кейин: "Ва-а, шуям овқат бўлдими, турган-битгани кони зиён", дебди. Надим ўша заҳоти бақлажоннинг зарари ҳақида бир дунё гап айтибди.

Султон Маҳмуд ҳайрон бўлибди:

- Ҳой инсон, ҳозиргина уни мақтаб тургандинг-ку? - дебди. Шунда надим:

- Эй шаҳриёр, мен бақлажоннинг эмас, сизнинг надимингизман, шунинг учун сизга хуш ёқадиган нарсани гапиришим керак, - дермиш.

* * *

Хуросонда Халаф деган бир ҳоким бор экан. Унга фалон қишлоқда бир киши бор, айнан сизга ўхшайди,  дейишибди. Ҳоким дарров ўша одамни топтириб келибди ва ундан:

- Онанг чайқовчилик қилиб, улуғларнинг эшигига бориб юрмасмиди? - деб сўрабди.

- Мутлақо, тақсир, - дебди ҳалиги одам, - онам умрида остона ҳатлаб чиқмаган эди. Аммо отам улуғларнинг хизматини қилиб, эшигида ўтин ёриб, сув ташиб юрарди.

* * *

Бир турк ҳар гал ҳаммомга кирганида: "Уним йўқолибди, буним йўқолибди", деб ҳаммомчининг ёқасидан тутаркан. Бориб-бориб, отнинг қашқасидай ҳаммага маълум бўлиб қолибди ва уни ҳеч қайси ҳаммомга киритмайдиган бўлибдилар. Бир куни: "Агар бир нима деб даъво қилсам, одам эмасман" деб уч-тўрт кишини гувоҳ қилиб ҳаммомга кирибди. Ҳаммомчи дарров туркнинг кийим-бошини ўраб, ўз уйига юборибди. Турк ҳаммомдан чиқиб "ғинг" деёлмабди ва қип-яланғоч баданига қайишни боғлаб, қиличини осиб олибди-да, одамларга қараб:

- Эй мусулмонлар, мен-ку, даъво қилолмайман ва даъво қилишга ҳаққим ҳам йўқ, аммо сизлар бу ҳаммомчидан сўранглар-чи, наҳотки мен шўрлик шу алфозда ҳаммомга келган бўлсам? - дебди.

* * *

Бир киши боғида айланиб юрган экан, қараса, ўғри бир талай пиёзни қоплаб қўйганмиш.

- Бу боғда нима қилиб юрибсан? - дебди боғ соҳиби ўғридан.

- Кўчадан ўтиб кетаётган эдим, қаттиқ шамол туриб мени кўтариб шу ерга ташлади, - дебди.

- Пиёзларни нега суғурдинг?

- Шамол яна учириб кетмасин деб пиёзнинг бандидан ушлаган эдим, таги юмшоқ экан, илдизи билан чиқиб кетди.

- Бу гапингга кўндим. Бўлмаса айт-чи, қопга ким солди?

- Худо ҳақи, мен ҳам шуни ўйлаб ҳайрон бўлиб турган эдим, сен келиб қолдинг.

* * *

Бир камбағал кишининг уйига ўғри тушган экан. Бирдан уй эгаси уйғониб қолибди ва ўғрига:

- Эй биродар, сен қоронғида излаётган нарсани биз куппа-кундузи қидириб тополмаймиз-ку, - дебди.

* * *

Султон Маҳмуд қаҳратон қишда Талҳакдан сўрабди:

- Мен бу совуқда шунча кийим билан дийдираб юрибману сен аврасиз тўн билан қандай чидаяпсан?

- Сен ҳам мен қилган ишни қилсанг маза қилиб юраверасан? - дебди Талҳак.

- Сен нима қилдинг?

- Мен бор тўнимнинг ҳаммасини кийиб олдим.

* * *

Бир киши  Талҳакдан:

- Турнани қандай қилиб кабоб қилса бўлади? - деб сўрабди.

- Сен аввал тутиб келгин, кейин бир гап бўлар, - дебди  Талҳак.

* * *

Давлатманд бир киши ғуломига: "Ўз пулингга озгина гўшт олиб, бир нима пишириб бер, еб, сени озод қиламан", дебди.

Ғулом суюниб, гўшт қовуриб хўжасининг олдига келтириб қўйибди. Хўжаси озгина еб, қолганини ғуломига қайтариб берибди. Эртасига ўша гўштдан нўхат шўрва қилиб келишини буюрибди ва нўхат шўрвани ичиб, уни озод қилишга ваъда берибди. Ғулом унинг амрини бажо келтирибди. Хўжаси буни ҳам паққос урибди. Тўртинчи кун гўшт эскириб бузилиб қолибди.

Бой ғуломига:

- Бу гўштни сотиб озгина ёғ олиб келгин-да, менга овқат пишириб бергин, еб, сени озод қиламан, - дебди.

- Эй бой, - дебди ғулом, - мен ғуломликка кўникиб қолган одамман. Агар бирор хайрли иш қилмоқчи бўлсанг, шу гўштни озод қилиб қўя қол.

* * *

Бир одам ҳар кеча ўғриликка чиқаркан. Бир кеча ови барор топмади ва ночор салласини ўраб қўлтиғига солибди.

Уйга келгандан кейин хотини:

- Нима топиб келдинг? - деса, у:

- Салла! - дебди.

- Ўзингнинг салланг-ку?! - дебди хотини.

- Товушингни чиқарма! Одамлар менинг ўғрилигимга шубҳаланмасин, деб шу ишни қилдим! - дебди.

***

Бир киши пайғамбарлик даъво қилган экан, уни гуноҳкор сифатида халифа ҳузурига олиб борибдилар. Халифа ундан:

- Пайғамбар бўлсанг қандай мўъжиза кўрсата оласан? - деб сўрабди.

- Мўъжизам шуки, - дебди ҳалиги одам, - кўнгилларингиздан нимаики ўтса, менга аён бўлади. Масалан, ҳозир ҳаммаларинг ҳам: "Бу одам ёлғон гапираяпти", деб ўйлаяпсизлар.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!