Меню
Қашқадарё
ШУНЧАЛИК ҲАМ ЯХШИ ИНСОН БЎЛИШ МУМКИНМИ?
Ҳамкасб ёди
Икки нуфузли даргоҳ - Миллий ҳамда Жаҳон тиллари университетларни тамомлаган, Польша, Туркия, Россия каби давлатларда таҳсил олган, ишлаган, шунга ҳамоҳанг рус, инглиз, турк, польяк тилларини дурустгина биладиган, телевидение, ОАВ соҳасида мониторинг маркази каби номдор идораларда ишлаган бу инсоннинг бир муддат "Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталари таҳририятида фаолият олиб бориши кутилмаган тасодиф эди.
Ўша вақтлар пойтахтда яшашнинг ўзига яраша расм-русумлари бор, "прописка" ҳаммагаям насиб қилмаган дамлар эди - у эса кўплар ҳавасу ҳаракат қилиб юрган шундай муҳру имтиёзга эга бўла туриб, таваккалга қўл уриб, "катта қайтиш"ни амалга оширганди.
Ўша йиллари таҳририятга кимлар ишга келиб-кетмади дейсиз - ҳозир айримларининг номи тугул қиёфалари ҳам эсда қолмаган, мақолаларини-ку қўя туринг. Аммо у ҳақда гап борса, бирга ишламаганлар ҳам дарров билади, яхши инсон сифатида эсга олади.
Гап истеъдодли журналист, камтар ва самимий инсон Жавоҳир Қудратов ҳақида бормоқда. Коронавирус деган бало кўп яхши инсонлар қатори уни ҳам орамиздан олиб кетди. Шум хабарни эшитган борки, тилидаю дилида бир гап: "Эҳ, яхши одам эди..."
Аслида бу эътироф унинг ёш кетганида ҳам эмас, балки чиндан инсон сифатида ҳавас қилишга лойиқ феъл-атворга эга эди.
Яқинда "Янги китоб" нашриётида чоп этилган, турмуш ўртоғи Ирода Хайриддинова ҳамда дўсти Лазиз Раҳматов томонидан нашрга тайёрланган "Мен мангу қоламан тушларда" номли тўплам Жавоҳир Қудратовни ҳассос ижодкор, моҳир қаламкаш сифатида гавдалантиради.
Яна бир эътиборли жиҳати, китобда жамланган долзарб мавзудаги таҳлилий-танқидий, теран мақолаларнинг деярли барчаси "Қашқадарё" газетасида эълон қилинган. Ушбу мақолалар таҳрири, қайта ишланишида бевосита иштирок этганмиз - шунинг учун барчаси муаллиф каби қадрли, дилга яқин.
Энди эса "Мен мангу қоламан тушларда" тўпламида Жавоҳир Қудратов ҳақида билдирилган фикрларга эътибор беринг.
Нурбек Саломов, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари:
- Ишларни тизимли ташкил этиш масаласида Жавоҳирга ҳар қандай шароитда ва ҳар қанча мурожаат қилмай, у эринмасдан тушунтирар, ишнинг ривожига ўз ҳиссасини қўшишдан сира ўзини тортмасди.
Беҳзод Қобулов, Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби - Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси:
- Унинг вафот этганини эшитганимда, негадир дилимга шу сўз келди: алвидо, Жавоҳир! Тилла йигит эди, ҳақиқий ЖАВОҲИР эди раҳматли! Ҳозир шуларни ёзаяпман-у, "эди", деб ёзиш қийинлиги дилимдан ўтаяпти: ёшлигим бирга ўтган тус жўрам, ҳаммага ҳазрат-ҳазрат, деб самимий тавозе кўрсатиб юрадиган дилбар инсон авжи йигитлик палласида...
Ёднома-китоб чиқаётганини эшитиб, уч-тўрт кун ўйланиб юрдим, қайси воқеани ёзсам тузук, нималарни назардан қолдирмаслик кераклигини фикрлаб кўрдим.
Негадир Жавоҳир билан ўтказган барча дамларимизни ёзсам бўлар экан. У билан на "йигитчилик"нинг бадхулқ кўчаларида, майхўрлигу яна қатор-қатор нораво биёбонларида изғимаганмиз. У ўзининг хушхулқи, маданияти билан суҳбатдошини тарбиялаб қўярди...
Шуҳрат Орипов, АТБ "Қишлоқ қурилиш банк" бошқаруви раисининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси:
- Жавоҳир Қудратов билан талабалик йилларида танишганмиз. Илк учрашувдаёқ менда яхши таассурот уйғотганди у. Қалбида қандайдир дард, чеҳрасида ғалати маъюслик бордек эди. Ҳар гал учрашганимизда менга доим нимадир демоқчидек бўлиб кўринарди. Давраларда ўзини жуда вазмин, жиддий тутарди. Кам гапирарди. Бақириб кулганини, қувончини овоза қилганини деярли кўрмаганман.
Носиржон ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:
- Салкам бир ой даволанган бўлса-да, дўсту биродарлари, оила аъзолари қанчалик ҳаракат ва дуо қилмасин, Аллоҳнинг иродасига бош эгишга мажбур бўлдик. Жума куни эди, бош-бошидан касалхонадан жилмаган Адҳам дўстимиз пешиндан сўнг қўнғироқ қилди - Жавоҳир узилган эди. Хаёлимда фақат Тошкентда - ўғлининг тузалиб чиқишини интизорлик билан кутиб ўтирган муштипар ва чорасиз ота-онаси, ҳали йўқотиш изтиробларини тотиб кўрмаган, воқеаларни тўлиқ идрок этмаган норасида икки ўғли айланарди.
Етиб борганимда адойи тамом бўлган келин ва дўстларимиз маъюс кутиб туришарди. Олдимизда энг оғир масала - бу даҳшатли хабарни ота-онасига етказишдек машаққат кўндаланг эди. Шунингдек, дўстимизни тезроқ Шаҳрисабзга - она қишлоғига - азоблардан қийналган вужуди мангу ором топадиган сўнгги манзилга олиб боришимиз лозим.
Ишонасизми, бундан кейинги ҳамма жараёнлар тушимда содир бўла бошлади: бориб ота-онасига айтганим, "морг"да Жавоҳирнинг дийдорини сўнгги бор кўрганим, маййит ортилган машина ортидан Шаҳрисабзга жўнаганимиз, тонгда ўқилган жаноза...
Мен фақат дўстимнинг устига тупроқ тортилаётганда уйғондим - ҳовуч-ҳовуч тўкилаётган тупроқ ва дуолар шивиридан ўзимга келдим. Кўз олдимда Жавоҳирнинг ўрнига бир дўнглик пайдо бўлди. Кейин тўйгунимча йиғладим...
* * *
Китобда бу каби фикрларни кўплаб учратасиз. Гоҳ дўстингизни, унинг феъли, хулқини эслаб кўнгилга ёруғлик киради. Таҳририятда юз берган кўп қизиқ воқеалар, латифалар қаҳрамонига айлангани ёдингизга тушади. Гоҳ шундай иқтидор, қобилият эгасининг увол бўлган жонига ачинасиз.
Биласиз, шоирлар нозик қалбга, мулойим феъл-атворга эга бўлади. Шундай ижодкорлардан бири, таниқли шоир Шодмонқул Салом Жавоҳир Қудратов билан бир муддат суҳбатлашиб, шундай деган экан: "Одам шунчалик ҳам яхши бўлиши мумкинми?!"
Ўйлаймизки, бундай таъриф фақат Жавоҳир Қудратовга ярашади, мос тушади. У ҳақда тугал тасаввур беради...
Б.САЙФИЕВ