Меню

Қашқадарё

08.11.2016 2094

ШУНЧАКИ СОТИБ ОЛИШГА ҲАМ РУХСАТ ЙЎҚ

 

Пиротехника воситалари билан боғлиқ қоидабузарликларни тартибга солиш ҳамда мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш, пиротехника воситалари намойиш қилинадиган маданий-томоша ва бошқа тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чора-тадбирларини кучайтириш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2009 йил 10 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Шу билан бирга, 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон   Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2501-модда ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1851-модда билан тўлдирилиб, қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди.

Мазкур қонун билан яна бир тартиб жорий қилинди, яъни пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан ташқари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, фойдаланиш, йўқ қилиш ва утилизация қилиш – амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатига киритилди.

Пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, аниқлаш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганига қарамасдан, ушбу йўналишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилаяпти.

Бу борадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 11 та ҳолатда қиймати 42 миллион 628 минг сўмлик 945 минг 16 дона пиротехника воситасининг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Мисол учун, Қарши шаҳрида яшовчи Акрам Холматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) республикамиз ҳудудига турли айланма йўллар орқали ноқонуний равишда қиймати 20 миллион сўмлик 301 минг 600 дона  пиротехника воситасини Тошкент шаҳридан Қаршига олиб келди. Мазкур буюмларни қайта сотиш (албатта қимматига) мақсадида яқин қариндошлари билан жиноий тил бириктирди.

Бу “уддабурон”ларнинг жиноий ҳаракатига вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда чек қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукми билан айбдор деб топилган фуқароларга нисбатан тегишли жазолар тайинланди. Шунингдек,   жиноятни содир этишда фойдаланилган, тергов ва  суриштирув давомида жиноят қуроли деб топилган “Кобальт” автомашинаси давлат фойдасига мусодара қилинди.

Шуни айтиш лозимки, яқинлашаётган қиш мавсуми, қолаверса, Янги йил байрами турли пиротехника воситаларисиз ҳам зўр ўтади. Улардан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдир.

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!