Меню
Қашқадарё
ШУНЧАКИ ИШЛАБ ҚАЙТМАДИ, ҲУНАРЛИ БЎЛДИ
Бу касбилик ёш ҳунарманд Дол Жумаевнинг мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш борасидаги фикрлари. У бу қарашларини бот-бот такрорлайди ва унга аввало, ўзи амал қилиш мақсадида ҳунармандчиликнинг ноанъанавий йўлини танлаган. У ўзи ясаган маҳсулотларда воҳамизнинг дунёга машҳур обидаларию мард ва танти одамлари қиёфасини, тоғликлар ва поёнсиз чўлларнинг бетакрор манзарасини қандай бўлса шундайлигича тасвирлашга интилади. Ёш ҳунарманд ўзи ясаган маҳсулотлар француз, инглиз, италиялик, ҳатто узоқ аргентиналик сайёҳларнинг уйида сақланаётганидан севиниб қўяди. "Мен ясаган буюмлар ҳали дунёнинг ҳамма нуқтасида бўлади", деб қатъий аҳд қилади.
- Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Касби туман бўлими раҳбари Ҳалим Маматов. - Хусусан, Президентимиз туризм салоҳияти мавжуд ҳудудларда имкониятларни тўлиқ ишга солиш, янги йўналишлар ташкил этиш, уларни тарғиб қилиш, меҳмонхоналар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарурлигини кўп бор таъкидлайди. Ёш ҳунарманд Дол Жумаевнинг фаолияти ҳам ана шу чақириққа тўла мос тушади. У ясаган сувенир ва совға буюмлари ҳам харидоргир, ҳам жозибали.
Ҳунарманднинг мўъжазгина устахонаси ўртасидаги катта стол устида от, бургут, кабутар, йўлбарс ва бошқа турли ҳайвон ҳайкалчалари, миллий усулда ясалган катта-кичик вазалар, воҳамизнинг тарихий обидалари акс эттирилган буюмлар терилган. Ҳар бир буюмда ёш устанинг дунёқараши, қизиқишлари ҳамда нозик диди намоён. Ранглар уйғунлиги, такрорланмас дизайни, деталларнинг жой-жойига қўйилгани уста маҳоратидан дарак бериб турибди.
- Ҳозирча аҳоли ва хорижлик сайёҳларни кўпроқ қизиқтирадиган буюмлар ясаяпман, - дейди Дол Жумаев. - Бунинг учун гипс, цемент, мармар кукунидан хомашё, ранглардан безак воситаси сифатида фойдаланаяпман.
Дол Жумаев бу ҳунарни хориж давлатидаги сайёҳлик йўналишида фаолият кўрсатувчи катта бир саноат корхонасида ишлаган чоғида ўрганди ва ўзи мустақил ишлай олишига ишонган куни юртга қайтди. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ёмон эмас, иш бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, турли кўргазмаларга таклиф этила бошлади. Эндиликда устахонасини кенгайтириш, кўплаб шогирдлар тайёрлаш ниятида.
- Мақсадим шу, одамлар Қашқадарё, Ўзбекистон гўзаллигини дунёнинг энг чекка жойида ҳам кўриш ва завқланиш имконига эга бўлишсин, - дейди ҳунарманд.
Сожида АЛЛАЁРОВА