Меню

Қашқадарё

03.11.2018 1913

“ШУНЧА ЙЎЛДАН НИМА ИСТАБ КЕЛДИНГ, НИСО?”

Ҳаёт – қалбимизнинг акси, ичимизнинг кўриниши. Биз ҳаёт ҳақида фикр юритар эканмиз, хулосалар, ўзимиз учун ҳақиқат деб ҳисоблаган бари гапларимиз кўнглимизни акс эттираркан. Ва мана шу вақтнинг ўзи умримизнинг кейинги куни учун дебоча бўларкан.

Бу ҳиссиёт, ҳаётга муҳаббат менда болаликдан шаклланган, десам адашмайман. Анча хаёлпараст эдим. “Бир бор экан, бир йўқ экан”дан бошланиб, қаҳрамонлари муроду мақсадига етиб тугагучи эртакларни доимий ўқирдим. Ва ҳаётимиз ҳам худди мана шундай кетишига қаттиқ ишонардим.

Бир кун мактабдан онамнинг уйига (ота-онам ажрашиб, бошқа-бошқа оила қуриб кетишгач, тоғамникида, бувимнинг қўлида қолганман) бормоқчи бўлдим. Узун тупроқ йўлдан онамни соғиниб кетиб борар эканман, йўлда бир улоқча пайдо бўлди. Қизиқиб қараб турсам, у мен келган йўлга интилиб, маърарди. “Бугун бозордан олиб келувдик, онасига пулимиз етмади”, деди бир бола. Ўтириб, улоқчани қучоқладим. Унинг бўйнида жуфт қўнғироқчаси бор экан, киприклари узунлигидан бўйнимни қитиқларди. У қучоғимда ҳам онаси қолган томонга қараб, тинимсиз маърарди. “Онанг келади, уни топамиз”, дея шивирладим қулоғига. Шу зайл бироз туриб, кейин онамнинг уйига кетдим. Ортимдан анча вақтгача митти улоқчанинг изтиробли овози эшитилиб турди.

Мана шу менинг энг катта ёлғоним эди. Қайтишда ҳам улоқча ҳақида ўйладим. Менинг онам бор, қаерда яшаши аниқ, ёнимда доимий бўлмаса-да, кўришиб турамиз, улоқчанинг онасини эҳтимол аллақачон сўйиб юборишгандир, деган ваҳимага ўралашиб қолдим. Мен катта денгиз олдида нариги соҳилга ўтолмай турган қайиқдек довдирардим. Эртакларда болалар ота-оналари билан яшарди. Тиниқлашдим. Кейин бироз тасаввурларим ўзгарди. “Ҳаёт – эртак эмас”...

Менга 18 ёшимда... 1-гуруҳ ногиронлигини беришди. Маълумотим йўқ, ота-онам бошқа болалари билан. Баҳайбат дунёнинг олдида навқирон умрим анча ғариб, анча кўримсиз эди. Тақдиринг шу экан, зериксанг, телевизор кўр, китоб ўқи, дейишди. Аллақаердан ногиронлар аравачаси ҳам етиб келди. Унга қараш мен учун, 17 йил югуриб юрган қиз учун ғоят оғриқли эди.

Тўрт девор ичида ўксиниб ўтказаётган кунларимнинг бирида мен ўзим, ҳаётим, келажагим учун энг муҳим қарорни қабул қилдим. Қандай орзулар қилган бўлсам, ҳаммасига эриша оламан. Тик туриб бўлмаса, аравачада ўтириб, ҳамманинг меҳрини қозонаман, деб ширин орзу қилардим ва доим жилмайиб қўярдим. Дунёга шунчаки келмаганимни ич-ичимдан ҳис этганим сари ғайратим жўшаверди.

Умид билан қўлимга қалам олдим. Тўрт йил тинимсиз ёздим. Ёзганларимни газеталарнинг орқа муқовасидан таҳририят манзили деб кўрсатилган жойга юборавердим. Дастлабки икки йил бари уринишларим бесамар кетди, ҳеч бир нашрда ижодий ишларимни босишмади. Менга ёзишдан бошқа овунч ҳам, эрмак ҳам бўлмагани учун йўлимда давом этдим. Аста-секинлик билан ёзиш борасида билимларга эга бўлдим ва яна ич-ичимдан жуда катта вулқон отилишга шай турганини ҳис этдим. Мен тобора ўз йўлимни топиб бораётган эдим. Гарчи, соғлиғимда бирор ижобий ўзгариш сезилмаса-да, ижод оламига ҳарна овундим. Мақолаларим билан 2015 йил “Юрт келажаги” республика ёшлар танловида, кейин кетма-кет “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”, “Юксак маънавиятли авлод” фестивалларининг вилоят босқичида ғолиб бўлдим. Марказий   нашрлар билан алоқа ўрнатдим, устозлар меҳри, дўстлар муҳаббатидан кўнглим юксалаверди. Тўлиб-тошиб, учиб ёза бошладим.

Энди аравачага ҳам муносабатим ўзгарди. Мен унга шундоқ қараб, катта залга, катта одамлар олдига, нуфузли мукофотни олишим учун чиқишимиз керак, дердим ичимда.

Бир кун ўтирган жойимда оёғимни синдириб олдим. Юролмайдиган одамнинг оёғи қандай синиши мумкин, деб ҳамма ҳайрон. Ҳатто бу ҳолдан ўзим ҳам таажжубда эдим. Оёғим сингулик ҳеч бир ҳаракат қилмаганимни яхши билардим. Тўрт ой яна тўшакка михландим, яна Румий бобони соғиндим. “Румий бобо, ҳатто Сизнинг сўзларингиз ҳам кўнглимга таскин беролмай қолаётган лаҳзаларда қандай яшайин?”, дердим.

Шу билан соғлиғим яхши бўлмай қолди. Кун-кундан оғирлашавердим. Орқа миямда ўсимта борлигини билардим ва у энди қўлларимга ҳам таъсир ўтказаётган эди. Шундай оғриқлар бўлар эканки, ҳатто шеър ҳам, энг илоҳий саналган адабиёт ҳам кўнглингни юпатишга ожиз қоларкан. Негадир тўкилгим келди. Устозимга хат ёзар эканман, кўзимдан етти йиллик изтироб оқарди. Мактубимдан сўнг, соғлиғимга қаратилган ишлар бошланиб кетди, ўзим кутганимдан ортиқ эътибор бўлди. Бу орада I республика ёш ижодкорлар форумида иштирок этдим. Йил охирида “Йилнинг энг яхши ёш ижодкори” йўналишида “Ёшлар иттифоқи мукофоти”ни беришди. “Халқлар дўстлиги” санъат саройида исмим жаранглаши билан ич-ичимдан гуллаб кетдим.

Саломатлигимни тиклаш учун бошланган хайрия акцияси ўтказилаётган вақтларда Зомин семинарида иштирок этдим. Устозларга қарасам, уларнинг нигоҳларида улкан хайрихоҳликни кўрдим. Туркия давлатида текширувлардан ўтишим учун керакли маблағ йиғилди.

22 сентябрда Ўзбекистондан учиб кетдик. Мен ичида умид билан бирга улкан хавотирда кетаётган қизни судраб борардим. Чунки, шунча йўл босиб бораяпмиз, шунча одам кузатиб турибди, агар умид йўқ дейишса, бувимга нима дейман, унинг кўзларига қандай қарайман, дердим. “Сендан, Ўзингдан келадиган ҳамма нарсага розиман, Сенинг тарозинг ҳеч қачон хато ишламаган. Балки мени Румий бобомни кўриб келиш учун жўнатаётгандирсан?” деб Аллоҳга ҳасрат қилиб боравердим. “Фақат ичимда умид бор, умид бор-да, Худойим” дейман. Йўллар яна хаёлимни чалкаштиради.

Истамбулга айни тунда қўнганимиз ва ниҳоятда толиққанимиз учун бир кеча ўша ерда тунаб қолишга, эртасига денгизни бир кўриб, Анқарага кетишга аҳд қилдик. Мен қачонлардир фақат орзу қилган денгиз саёҳатимиз ниҳоятда кўнгилли ўтди. Денгиз бўйида балиқ тановул қилиб, кўм-кўк ва чексиз осмон узра учиб-қўнаётган чағалайларга қараб, бу дунё учун мен, менинг ёзганларим заррадан зарра эканини ҳис этдим.

Биз учта клиникада текширувдан ўтдик. Биринчи клиникада умид бор, операция қиламиз, реабилитациядан кейин оёққа туради, дейишди. Бошим айланиб, юрагим титилиб кетди. Иккинчи клиникадаги профессор шундоқ юзимга қараб, “Нисо, шунча йўлдан нима истаб келдинг?”, деди. Яна юрагим титилди. Бу сафар бошқача. Демак, бу доктор умид йўқлигини айтиш учун гапни айлантираяпти, деб ўйладим. “Шу озгина, озгина бўлсаям ижобий томонга ўзгарсам бўлди”, дедим. “Унақа ка-а-атта нарса сўрамайман”, дедим. Бу етти йилдан бери юролмаётган қизнинг илинжи эди. Профессор таажжубда жилмайиб қўйди ва умид борлигини, фақат бу бирданига бўлмаслигини айтди. Операция уч босқичда ўтказилиши, аввал ҳаётимга хавф туғдираётган ўсимтани олиб ташлаш зарур эканини билдим. Кейин нотўғри турган суякларни тўғирлаб, улар орасидаги сиқилган нервларни очиш керак экан. Агар ўсимта олинмаса, қўллар ҳаракатини чеклаш билан бирга кўриш, гапириш  фаолиятига ҳам таъсир ўтказаркан. Операциялардан сўнг, оёқларимнинг кучга кириши учун бир мунча муддат кетаркан. Операция нархини эшитиб, бироз довдираган бўлсам-да, қалбимдаги умид ундан анча баландроқ эди.

Юрагимни даст кўтариб, Румий бободан суюнчи олишга бордим. Шундоқ остонада “Румий бобо, мен келдим”, дедим. Қабрлари бошида дуо қилар эканман, на ҳасрат қилгим келди, на оғриқни ҳис этдим. Мақбарада бир маромда сокин най овози эшитилиб турар экан. Баъзилар ерда ўтириб, баъзилар деворга суяниб, икки қўлларини дуога очишган. Турли миллат ва элат вакилларига қараб шуни англадимки, Ер юзидаги жамики одамларни битта кўнгил, орзу, умид деган тушунчалар бирлаштириб турар экан. Кўнёда ўтган ҳар бир лаҳзам умримнинг энг навқирон лаҳзаси бўлиб қолди.

Шундоқ қарасам, Худойимнинг тарозиси яна ва яна тўппа-тўғри ишлаяпти. Агар мен ётиб қолмаганимда ҳеч нарсага эришолмасдим, бир нарса ёзолмасдим. Худо менга дардни истеъдодимни юзага чиқариш учун берганлигини ҳис этаяпман. Агар оёғим синмаганида мен ҳалигача шундоқ ўтираверган, даволаниш ҳаракатини кўрмаган бўлардим. Ўзи дард берди, аммо меҳрибон, ғамхўр оилани ҳамроҳ этди. Шунча йилдан бери бу оилада яшаб, бирор марта ножўя гап эшитмадим. Жиянларим ўз опасидек, янгам ўз боласидек меҳр берди. Сабри учун бувимга таъзимдаман. Аллоҳимга минг шукур.

Келажак учун бугундан режалар     тузяпман. Ижод ўз йўлида давом этаверади. Мен бир марказ очмоқчиман, унда нотиқ бўлиб фаолият юритмоқчиман. Руҳан тушкунликка тушган, умидсиз инсонларнинг ҳаётига нур олиб кирмоқчиман. Тушган пуллар ҳисобига беморларга ижтимоий кўмак бераман. Марказнинг асосий мақсади – ҳар бир кишига ўзининг бахтли ва фаровон ҳаётга муносиб эканини англатиш. Мана шу синовлардан ўтиб олсам, мен босиб ўтган йўл марказга келувчилар учун бир ишонч бўлади. Мени олдинда декабрь ойининг ўзида учта операция кутиб турибди. Ҳаммасини уддалашимга ишонгим келаяпти.

Бугун тушимга ҳуу ўша улоқча кирибди. Бўйнида ўша қўшалоқ қўнғироқча. Онаси қолиб кетган йўлга қараб маърармиш. Мен уни овутармишман: “Онанг келади, ҳозир келади...” Улоқча, унинг онаси, менинг онам ва мен... Ҳаёт эртак эмас, дейишга ҳақсизман. Ҳаёт ҳар биримизга янги имкониятлар, янги умидлар эшигини ҳар тонгда очар экан, биз ўз хатти-ҳаракатларимиз, феъл-атворимиз ва дунёга муносабатимиз орқали йўлимизни танлаймиз. Менга ҳеч нарса керак эмас, дейман ўзимга ўзим. На обрў, на шон-шуҳрат. Шеър нима, шоир ким?! Мукофотлар нима ўзи, давралар, гуллар, олқишлар, муҳаббатлар...

Мен шундоқ тупроқ йўлда оёқяланг юришни жуда-жуда соғиндим...

Бахтинисо МАҲМУДОВА,

Чироқчи тумани Олмазор қишлоғи

ТАҲРИРИЯТДАН: Бахтинисонинг шифо топишига кўмаклашишни истаган саховатпеша юртдошларимиз эътиборига қуйидагиларни маълум қиламиз:

Бахтинисо Маҳмудованинг телефон рақами: +998 91 9452793

CLICK, PAYME: 8600 1404 6526 8465

Юридик шахслар учун:  “Ипак Йўли” АТБ,

2312 0000 3000 0111 9119 МФО: 01119

Дардлар келди булут бўлиб,

Даво мени тушунгайму?

Кетолмадим сукут бўлиб,

Наво мени тушунгайму?

Дилни дўстга бориб айтдим,

Аламимни ёриб айтдим.

Юзин бурди. Ҳориб қайтдим,

Хато мени тушунгайму?

Кетсанг, тўрт ён – йўл, дедилар,

Сендан безган мўл дедилар.

Гиналарни қўй, дедилар,

Вафо мени тушунгайму?

Кўзларимга тугди тугун,

Эрталарим келди бугун.

Руҳим боғин кузлатган ул

Садо мени тушунгайму?

Ё раб, дейман, кўкка боқиб,

Мени чақир, борай оқиб.

Юрагини ойда ёқиб,

Само мени тушунгайму?

Бахтинисо МАҲМУДОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!