Меню

Қашқадарё

05.09.2024 2836

ШУКУРДА БАРЧА ГЎЗАЛЛИКЛАР МУЖАССАМ

Сараланган сатрлар

Улуғ аллома Абул Муин Насафий ҳақида гап бораркан, асосан у зотнинг адашган фирқаларга раддиялар берганини айтишади. Бироқ айнан кимларга, қандай раддиялар бергани хусусидаги савол одатда очиқ қолади.

"Табсират-ул адилла", "Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд", "Қасийдул қавоид фи илмил ақоид", "Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод", "Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ", "Баҳрул калом" сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган зот - Абул Муин Насафий минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашнинг ўзига хос намунасини кўрсатган эди.

Ислом оламида "Ҳақиқат қиличи" номи билан танилган буюк ватандошимиз ибоҳия, хорижия, мўътазилия, қадария, жабария каби ботил фирқаларнинг хатоларини оят, ҳадислар ва ақлий далиллар орқали исботлаб бериб, динимиз софлигини сақлашга катта ҳисса қўшган.

Қуйида алломанинг "Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд", "Қасийдул қавоид фи илмил ақоид" асаридан диққатга молик айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, бу асар бир муддат илгари Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан кам нусхада чоп этилган, шу боис кенг миқёсда оммалашмасдан қолган, халқ ичига кириб бормаган. Демак, ушбу китобни қайта нашр этиш эҳтиёжи бор. Қолаверса, бир неча йилдан сўнг Абул Муин Насафий ҳазратлари таваллудига минг йил тўлади. Шу муносабат билан алломанинг барча асарлари жамланиб, катта тўплам ҳолида нашр қилинса, нур устига аъло нур бўлади.

*  *  *

Борлиги ҳам, йўқолиши ҳам мумкин бўлган нарсанинг мавжудлиги эса ўз-ўзича бўлмайди. Демак, унинг йўқликдан кейин бор бўлиши, шундан кейин, йўқолмай мавжуд туриши бир қодир зотнинг хослаши сабабидандир. Мана шунинг учун қурувчиси бор бўлмасдан туриб, бино барпо бўлмайди.

Демак, бу оламни ҳам пайдо қилган ва мавжуд қилиб қўйган яратувчиси бор.

*  *  *

Оламнинг пайдо қилувчиси ва яратувчиси бор экан, албатта, бу яратувчи битта. Агар яратувчи иккита бўлса, улар ўртасида қарама-қаршилик вужудга келади. Бу бир-бирини тўсиш эса ҳар иккисининг ёки улардан бирининг пайдо бўлганига далил бўлади. Чунки агар улардан бири бир шахсда тирикликни яратишни хоҳласа ва иккинчиси ўша шахсга ўлимни яратишни истаса, зиддият бўлади.

...Агар улардан бирининг истаги амалга ошса, иродаси ҳосил бўлмаган зотнинг ожизлиги маълум бўлади. Ожизлик эса пайдо қилинганлик аломатларидан ҳисобланади. Демак, бу оламда икки яратувчининг борлиги тасаввурга сиғмайди. Демак, зарурий (қатъий) жиҳатдан яратувчи битта.

*  *  *

Муътазилиянинг: "Агар Аллоҳ   таолонинг каломи азалий бўлса, Аллоҳ таоло азалда буюрувчи ва қайтарувчи бўлар эди, ҳолбуки, йўқ нарса учун буюриш ва қайтариш аҳмоқликдир. Чунки бир киши, агар фарзанди туғилса, уни Зайд деб номлашни мақсад қилса, сўнгра ҳалиги бола туғилмасдан туриб, "Эй Зайд, менга сув олиб кел!" деса, у аҳмоқдир. Демак, ғойиб зот ҳақида ҳам шу кабидир", деган ҳужжатларига қарши биз деймиз: "Бу ҳақиқатларни билмаслик натижасида содир бўлувчи бир шубҳадир. Чунки йўқ нарсага ҳозир бажариш вожиб бўлиши учун буюриш ёки ҳозир тўхташ вожиб бўлиши учун қайтариш бекор ва аҳмоқликдир. Аммо ўша нарса мавжуд бўлган пайтда бажариш ёки сақланиш вожиб бўлиши учун буюриш ёки қайтариш эса аҳмоқлик эмас, балки ҳикматдир".

*  *  *

Доно яратувчи Аллоҳ расул ва набийларининг тили орқали кўп буйруқ ва қайтариқларни туширди. Бу буйруқларнинг ҳаммаси ҳам инсонларга фақат бўйсунганида фойдалидир. Наҳийлар - қайтариқлардан   тийилиш билан эса инсондан зарарлар даф бўлади.

Кўзи ожиз инсонни у учун фойдали, кўзлаган мақсадига етказувчи тўғри йўлдан юришга буюрса - кўмаклашса, шунинг баробарида уни ҳалокатга тушириши мумкин бўлган ўнгга ёки чапга бурилишдан қайтарса, бу меҳрибонлик ва раҳматдир. Бундай инсонларга ёрдам беришнинг имкони, фойдаси йўқ, деб ҳисоблайдиганлар эса, шубҳасиз, мумкин ва мумкин эмасликни ажрата олмайдиган нодондир.

*  *  *

Ишончнинг бир шарти - имон. Шукурда барча гўзалликлар мужассам. Шу сабаб ақл шукурга чақиради. Куфр ва нонкўрликдан сақланиш ҳам худди шундай.

Аммо ақл неъматлар ва унга тенг келадиган шукур миқдорини билишга қодир эмас. Шундай экан, буни баён қилиб берувчи шариат - қонун-қоида керак бўлади. Токи ақл эгаси унга амал қилишга, унинг қайтариқларидан чекиниб, буюрганларини бажариш учун имкон топсин. Аллоҳ таоло тавфиқ берувчидир.

*  *  *

Қатъий ва ишончли илмни ҳосил қилувчи кўплаб ривоятлар бор. Шулар орқали пайғамбарлар қўлида ғайриоддий воқеа-мўъжизалар вужудга келиши исботланади. Бу мўъжизалар таёқнинг илонга айланиши, нурли қўл, денгизнинг ёрилиши (Мусо алайҳиссалом мўъжизалари), сўқир ва пес-моховларни тузатиш, ўликларни тирилтириш (Исо алайҳиссалом мўъжизалари), тошдан туя чиқариш (Солиҳ алайҳиссалом мўъжизаси), жинлар, шайтонлар ва қушларни бўйсундириш (Сулаймон алайҳиссалом мўъжизалари) каби ишлар эди. Шундай қилиб, пайғамбарларнинг элчилиги уларнинг даъволари орқасидан содир бўлган мазкур мўъжизалар билан ҳам исботланган.

*  *  *

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳиссий мўъжизалари у зоти шарифда мавжуд, табиий жараёнлардан юқори бўлган ажойиботлардир. Улар орасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг зотидан ташқари бўлган мўъжизалар бор. Масалан, ойнинг бўлиниши, чақирганларида дарахтнинг келиши, у зотга тошнинг салом бериши одатдан ташқари ғаройиб ҳодисотлардир.

Шунингдек, икки бармоқлари орасидан сувнинг оқиб чиқиши, дарахт кундасининг оҳ уриши, туянинг шикоят қилиши, пиширилган қўйнинг гувоҳлик бериши, озгина сувни кўп одам ичиши, пайғамбарликдан аввал у зотга соябон бўлган булутлар ва бошқа сон-саноқсиз мўъжизалар ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг фақат ўзларидагина бўлган мўъжизалар ҳам бор. Ташқаридан ичкарига, ичкаридан ташқарига кўчадиган нур, икки елкалари орасидаги пайғамбарлик муҳри, у зот ўрта бўйли бўлсалар-да, икки узун кишининг олдига борганларида иккисидан ҳам узунроқ кўринишлари, у кишининг ўн тўрт кунлик ойдан ҳам чиройли экани, у кишининг мушку анбардан ҳам хушбўйроқ, ипакдан ҳам мулойимроқ эканликлари шулар жумласидандир.

*  *  *

Умар (розияллоҳу анҳу) хутба ўқиётганида, Аллоҳнинг каромати билан Наҳованддаги қуршовда қолган ўзининг қўшинини кўрди ва қўшиннинг бошлиғи Сория ибн Умарга: "Тоққа чиқинглар, тоққа чиқинглар", деб хутба орасида гапириб юборди. Қўшин жангдан қайтгандан сўнг: "Умар (розияллоҳу анҳу)нинг овозини эшитдик, шу сабабли омон қолдик", деб иқрор бўлди.

Холид ибн Валид (р.а.)нинг каромати:

Аллоҳ у кишига шундай каромат берганди. У Ҳийра  шаҳрида заҳар ичди, лекин унга зарар етмади.

Сулаймон алайҳиссалом дўстининг каромати бундан-да ажойиброқ. У Қуръонда ҳам зикр қилинган. Милоддан илгари тахминан учинчи асрда Яман мамлакатининг Сабаъ шаҳрида Билқис исмли аёл ҳукмронлик қилган. Бу аёл Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбарлиги ва даъват қилаётган динининг қандай дин эканини билиш учун ўзининг ўн икки минг одами билан Сулаймон алайҳиссаломнинг олдига келди. Етиб келишига олти чақиримлар қолганда, Сулаймон алайҳиссалом уларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатди. Малика Билқиснинг фаҳм-фаросатини синаш мақсадида қўл остидаги халойиққа қараб: "Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолда келишларидан илгари қайси бирингиз менга унинг (яъни Билқиснинг ўз шаҳрида қолган) тахтини келтира олур?" деди. Шунда жинлардан бир паҳлавони айтди: "Мен уни сенга ўрнингдан туришингдан илгари келтирурман. Албатта, мен бунга қодир ва ишончлидирман". Китоб (лавҳул маҳфуз)дан огоҳлиги бўлган бир зот эса: "Мен уни кўзинг ўзингга қайтганича, яъни кўз очиб юмгунча келтирурман",  деди.

*  *  *

Муътазилийлар: "Ҳаром ризқ эмас. Ризқнинг маъноси - мулк. Инсон Аллоҳ бошқа бировга ризқ қилиб қўйган нарсани қўлга киритишга, шу орқали Аллоҳ бир жонзотга ризқ қилиб қўйган неъматнинг унга етиб бормаслигини таъминлашга қодир", дейди. Бу - ботил ақида.

Аслида, ҳаром ҳам ризқ. Ҳар ким ўз ризқини ҳалол бўлса ҳам, ҳаромдан бўлса ҳам тўла олади.

*  *  *

Муътазилийлар шундай дейди: "Агарда мағфират фақат шафоат билан бўлиб, усиз афв содир бўлмас экан, демак, бандадаги улкан гуноҳлар шафоат билан кечирилмайди.

Бу масала хусусидаги далил ушбу ояти каримага асосланади: "Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас" .

Агар улкан гуноҳ содир қилган кофир бўлмаган киши шафоат туфайли нажот топиши мумкин бўлганида кофирлар қиладиган ишларнинг ёмонлигини айтиш пайтида бошқалар ҳам илова қилинмас эди" .

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилинади: "Менинг шафоатим умматларим ичидаги улкан гуноҳ қилувчи кишилар учундир".

Мана шу ҳадиснинг ўзи муътазилийларнинг "шафоат тоат аҳли - мўъминлар учун", деган сўзларини ботил қилади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!