Меню

Қашқадарё

10.09.2016 2106

ШУ ОСМОН, ШУ ЕР БИЗНИКИ

“Агар бу омиллардан бирортаси бўлмаса, ҳаёт қандай кечади?” деган савол илгари унинг хаёлига ҳам келмаган бўлса, кейинги асрларда бу савол ортидаги хавф ўзидан бот-бот дарак бера бошлади. Яъни ХХ асрнинг биринчи ярмидаёқ башарият олдида иқлим ўзгаришлари, тупроқ бузилиши, сув танқислиги, ҳайвонот ва ўсимлик  дунёсидаги йўқотишлар каби муаммолар бош кўтарди. Натижада, “Қизил китоб” деб аталмиш узундан-узоқ рўйхат тузилди, ер ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларини тежаш бўйича иш олиб борадиган турли ташкилот ва тузилмалар пайдо бўлди. Олим ва мутахассислар бор эътиборини мазкур муаммоларни ҳал этиш йўлларини излашга қаратишди. Бугунги кунда халқаро миқёсда фаолият олиб борадиган кўплаб ташкилот ва тузилмалар, ҳаракатларнинг аъзолари – экспертлар, биолог ва эколог олимлар, табиатни севувчи кўнгиллилар ўзлари яшаб турган ҳудудларда атроф-муҳитни ҳимоялаш, одамларнинг табиатга муносабатини ўзгартириш мақсадида кўплаб акциялар, хайрия тадбирлари, тарғибот ишларини амалга оширмоқдалар.

Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF - World Wildlife Fund) ана шундай халқаро ташкилотларнинг энг нуфузлиларидан бири бўлиб, 1961 йилнинг 11 сентябрида ташкил этилган. Таркибида 28 миллий ташкилотни ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан 5 миллионга яқин аъзоларни жамлаган мазкур йирик тузилма фаолияти дунёнинг турли минтақаларида юзага келаётган энг долзарб табиат муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган.

Ташкилот тузиш ғояси илк маротаба Швейцариянинг кичик шаҳарчаси Моргеда туғилган. Ўша пайтда бу ғояни кўтариб чиққан Люк Хоффман, Питер Скотт ва Гай Монфор ташкилотнинг бу қадар катта нуфузга ва қамровга эга бўлишига ишонмагандилар. Бироқ уларнинг эзгу ишларини қўллаб-қувватловчилар сафи тобора кенгая борди. 1962 йилда ташкилот ўзининг илк акциясини ўтказди. Унда ташкилот аъзолари барча мамлакатларни ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича Бутунжаҳон хартиясини имзолашга даъват этиб чиқишди.

Жонивор ва қушларни, ўсимлик дунёсини ҳимоя қилиш, атмосфера софлигини сақлаш, сув ресурсларини тежаш ва бошқа шу каби глобал муаммоларни ечиш мақсадида бошланган ҳаракатлар таъсири ортиб борди. Орадан 10 йил ўтгач, 1971 йилда эса ташкилот фаолияти жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Шу йили ташкилот молиявий мустақилликка эришди. Жамғарманинг ўша пайтдаги президенти, Голландия шаҳзодаси Бернард жаҳоннинг энг эътиборли минг нафар кишисига мурожаат этиб, уларни ташкилотни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёввойи табиатни ҳимоя қилиш мақсадида 10 миллион доллар миқдоридаги маблағ тўплашга кўмак беришга чақирди. Натижада, шунча маблағ тўпланди ва бу жамғармага молиявий асос бўлиб хизмат қилди.

Бугунги кунда жамғарма алоҳида биологик турлар, тупроқ, ландшафт, сув ва ҳавони муҳофаза этиш билан шуғулланади. Ташкил этилганидан шу кунга қадар жамғарма ташаббуси билан 2 мингдан кўпроқ лойиҳалар амалга оширилди. “Операция: йўлбарс”, “Денгизлар яшаши керак”, “Кампания: тропик ёмғирли ўрмон” сингари лойиҳалар шулар жумласидан. Ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини ўрганиш бўйича илмий экспедициялар уюштириш, муҳофаза қилишга мўлжалланган янги жойлар бунёд этиш мақсадида ерларни ижарага олиш, миллий боғ ва қўриқхоналар, денгиз қўриқхоналари ташкил қилишга кўмаклашиш жамғарманинг асосий вазифаларидан биридир. Фонд томонидан табиатни муҳофаза қилиш ишига ҳисса қўшган кишиларни рағбатлантириш мақсадида олтин медаль таъсис этилган.    Жамғарманинг рамзи сифатида жаҳон “Қизил китоб”ига киритилган ноёб жонивор – катта панда сурати танланган. Бу рамзни ҳайвонот боғида пандани томоша қилган ташкилот асосчиларидан бири Питер Скотт танлаган.

Жамғарма ҳар икки йилда бир марта “Тирик сайёра” деб номланган маърузасини эълон қилади. Бу маърузалар дунёдаги экологик ҳолатни ўзида яққол акс эттириши билан аҳамиятли. Маърузаларни тайёрлаш билан Лондон зоология жамияти олимлари ҳамда экологик тадқиқотлар Бутунжаҳон тармоғи мутахассислари шуғулланади. Улар бир нечта омиллар: йўқолиб бораётган жониворларнинг табиий популяцияси, сув ресурсларига бўлган эҳтиёж, инсон томонидан ўзлаштирилган табиат бойликларининг ҳолати, энергия тежамкорлиги ва муқобил манбалардан фойдаланиш аҳволига кўра сайёрамизнинг “саломатлиги” қай даражада экани ҳақида дунё аҳолисига хабар берадилар.

Маълумки, мамлакатимизда ҳам табиатни муҳофаза қилиш масаласига катта эътибор қаратилади. Айниқса истиқлол йилларида бу ҳаракат кескин кучайди. Мамлакатимизда ерлар деградацияга учрашининг олдини олиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жониворлар ва ўсимлик дунёсига тўғри муносабатда бўлишни кафолатлайдиган бир қатор қонун ва меъёрий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилаётгани бунинг ёрқин исботидир. Биргина мисол, жорий йилнинг 13 июлида янги таҳрирдаги “Ўсимлик  дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакатимизда табиатга оқилона ёндашувни шакллантириш, ўсимлик дунёсини муҳофаза этишда муҳим дастуриламал бўлиши шубҳасиз. Қолаверса, амалда бўлган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар табиатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётир.

Табиат – инсоннинг уйи. У онадек азиз, муқаддас. Табиатни ҳимоялаш – ўз-ўзини муҳофазалаш, эртанги кунини кафолатлашдир. Буни чуқур  англаган ҳолда атроф-муҳитга, табиат инъомларига тўғри муносабатда бўлиш эса ҳар бир инсоннинг бурчи. Зеро, биз табиат фарзандларимиз.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!