Меню
Қашқадарё
ШПАТЛЁВКА, АКРИЛ БЎЁҚЛАР ВА БОШҚА ҚУРИЛИШ МАТЕРИАЛЛАРИ
Шундан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан туманда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Президентнинг 2018 йил 29 мартдаги қарорига асосан туманда кичик саноат зоналари ташкил этилиб, айни пайтда у ерда қурилиш-бунёдкорлик ишлари якунланган ва аксарият тадбиркорлар ўз фаолиятини бошлашга ҳам улгуришган. Шунингдек, ўтган йилнинг 29 октябрида республика ҳукумати томонидан 2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланиб, унинг доирасида ҳудудда биргина саноат, хизматлар кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 129 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган эди. Ҳозирда ушбу лойиҳаларнинг аксарияти ишга туширилган.
Президентимизнинг 2019 йил 13 сентябрдаги "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисидаги фармони эса бу борадаги ишлар янада изчиллик билан давом этиши, туман яқин йиллар ичида бутунлай саноатлашган ҳудудга айланишини англатади.
Бир сўз билан айтганда, бугун Чироқчида тадбиркорликка бўлган қизиқиш ҳар қачонгиданда кучли. Буни янги-янги тармоқлар сони ортиб бораётганидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, маҳаллий тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашдан тортиб енгил саноат, нефть-кимё, қурилиш индустриясигача бўлган йўналишларни қамраб олишга эришиб, илгари Чироқчида тайёрланмаган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳам кенг ўзлаштиришмоқда.
"Ground mix products" масъулияти чекланган жамияти ҳам янги ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади. Тадбиркор Жамшид Шайманов ташаббуси билан таъсис этилган бу кичик бизнес субъекти истеъмолчиларга 12 турдаги қурилиш материалларини етказиб бермоқда.
- Ишни бу йўналишда бошлаганимиз бежиз эмас, - дейди жамият иш юритувчиси Тўлқин Шайманов. - Боиси, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Сифатли, рақобатдош қурилиш материалларига талаб юқори. Шундан келиб чиққан ҳолда, айнан қурилишда пардозлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни танладик. Бунинг яна бир муҳим томони, зарур хом ашёнинг 98 фоиздан ошиғи ўзимизда мавжуд. Масалан, ҳозир фаолиятимиз учун зарур бўлган асосий хом ашё - бўрни Китоб туманидан, гипсни Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан олаяпмиз. Қолган 2 фоизга яқин кимёвий қўшимчалар эса импорт маҳсулотлари ҳисобланади.
Тўлқин Шаймановнинг таъкидлашича, корхонанинг лойиҳа қиймати 700 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 250 миллион сўми имтиёзли банк кредити бўлса, қолгани тадбиркорнинг ўз сармоясидир. Бу маблағ ҳисобидан бир неча турдаги қурилиш-пардозлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий технология харид қилинган. Унинг суткалик ишлаб чиқариш қуввати 50 тоннани ташкил этади.
Корхона фаолият бошлаганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, бу ерда ишлаб чиқарилган шпатлёвка ва бошқа қуруқ қурилиш аралашмалари, қолаверса, акрил бўёқлар ички бозорда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Тадбиркорнинг кейинги мақсади эса қўшни давлатлар бозорларини ҳам ўз маҳсулотлари билан забт этишга қаратилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.