Меню

Қашқадарё

19.05.2018 1768

ШОЯД, КИТОБХОН БЎЛСАК

Тан олиш керак – мавсумбозликка ишқибозлик кўпчилигимизда у ёки бу даражада учраб туради. Қанча уринмайлик шу қусурдан халос бўлишимиз осон кечмаяпти. Мамлакатимиз раҳбари китобнинг инсон камолотидаги ўрнига атрофлича тўхталгач, аксаримиз китоб, китобхонлик ҳақида ваъзхонлик қилишни кундалик одатга айлантириб олдик, қўлига китоб ёки матбуот нашрини олса беихтиёр эсноқ тутадиган киши ҳам китобхонлик ҳақида оғиз кўпиртиришдан ўзини тиёлмаяпти. Анча-мунчамиз эса китобхонликдан рутба ясашимизга салгина қолди. Бунинг устига “зўраки китобхон”ликни касбга айлантириб олаётганимиз сон нечта.

Ўйлаб қоласан киши, нега бу қадар моддиюнчи бўлиб қолдик, дил ва тилни моғорлардан аритадиган бадиият оламига ошнолик учун ҳам шунча вақт юқоридан кўрсатма берилишини кутиб ўтириш шартмиди? Юртбоши ақл кўзини очадиган китобга, китобхонликка даъват этмаганида, ким билади яна қачонгача турмуш икир-чикирларига ўралашиб юрардик?

Сир эмас, яқин ўтмишдаги талотўп йиллар турмуш тарзимизни яхшилаш учун билим эмас, “йўли”ни топишни тақозо этгани китоб, китобхонлик нуфузи анча тушишига туртки берди. Аксаримиз кўчада қўй ёки эчки етаклаб бораётган, зил-замбил бозор тўрвасини аранг кўтариб кетаётган одамга кўзимиз тушса, шунчаки кунда-шунда воқелик сифатида деярли эътибор қаратмай, бир даста китоб қўлтиқлаб олган кишини кўрсак, антиқа томошага дуч келгандек ғалати назар ташлаб, “анақароқ шекилли” ёки “тавба, шу замонда ҳам китоб ўқийдиган киши бор экан-да” қабилидаги хаёлларга борардик. Бир муддат талаба, ўқувчилар орасида мукка тушиб, китоб титкилаётган тенгдошига:

- Қўй-э, бунча ўқиб, профессор бўлмоқчимисан, - дея масхара қилиш одатга айланиб қолгани ҳам бор гап.

Аслида халқимиз саводхон кишига давраларнинг тўридан жой бергани, қадрини баланд тутгани кексаларнинг гурунгидан бизга яхши таниш:

- Эҳ-ҳей, у замонларда саводи чиққан киши бармоқ букиб санарли даражада оз бўлса-да, узун қиш кечалари гапи қовушган дўст-ёрлар бош бириктириб, бир навоийхонлик, бедилхонлик қилишардики, бугун ундай давраларнинг қиёсини топиш душвор.

Қишлоғимизда Ражаб чўпон, Олти шоир деган кишилар яшарди, умрини сурув изидан юриб, яйловда ўтказишган бўлишса-да, эски куллиётлардан, Махтумқули, Машраб, Яссавий девонларидан ёд олган ғазаллари хиргойисига туннинг сарҳадлари торлик қиларди. Тағин ҳар бир ғазалнинг ҳар мисрасини бекаму кўст изоҳлаб беришларини тан олишдан бошқа чора тополмасди киши. Гапнинг қисқаси, ўша бедилхонлик, навоийхонлик қилинган кечалар ҳақидаги гурунгларни бугунги ёшларга айтиб берсангиз, беписандлик билан бурун жийириб:

- Шу ҳам мартабами, бошқа эрмак топишмагандир-да, - дейишлари тайин.

Узоққа бориб ўтирмайлик, яқин-яқинларгача ҳам умрларининг энг сара даври сабоқхоналар ўрнига, пахта даласида ўтадиган талабалар кўкка ўрлаган гулхан ёруғида туннинг сочи оқаргунча баҳри-байт (байт-барак ҳам дейишади) ўйнаб, шеър ўқишгани эртак эмас, айнан ҳақиқат. Баҳорги, ёзги таътил кунлари молини яйловга ҳайдаган болаларнинг қўйнида севимли китоби бўларди. Ўтлоққа ёнбошлаб қилинган мутолаадан сўнг уч-тўрт тенгқур ўқиган китобию севимли қаҳрамонлари ҳақида мунозарага киришарди.

Хўш, бугун-чи?! Бугун ахборот оқими шу даражада кенгайдики, энди одамларни китобга, китобхонликка қайтариш учун рағбат беришга тўғри келаяпти. Юртбошимизнинг Навоий вилоятига ташрифи давомида залда ўтирган фаолларга қарата:

- Керак бўлса, машина бериб бўлса-да, одамларни китоб ўқишга ўргатамиз, - деган сўзлари машҳур иборалардан бирига айланди.

Дарҳақиқат, мутойиба тарзида айтилган бу сўзлар замирида аянчли ҳақиқат – китобдан узоқлашиб кетганимизга ишора ётганлиги аксаримизга аён...

2

Китоб ўқиганлар “Спарк” минаяпти, “Спарк” минаётганлар ҳам китоб ўқияптимикин?

Топиб айтилган бу гапда ўзига хос мантиқ бор.

Шу йил февраль ойининг охири, мартнинг бошида қарийб ўн кун каттаю кичикнинг эътибори “Ёшлар” телеканалида жамланди. Йўқ, одатга айланган севги саҳналарига, ур-йиқитларга бой навбатдаги чет эл сериалини томоша қилиш учун эмас, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловининг навбатдаги кунига бағишланган ҳисоботдан баҳраманд бўлиш учун.

Қизиқиш шу даражада қучли бўлдики, қайси даврага борманг, гурунг шу мавзу атрофида айланди, айниқса,  икки босқичли мусобақа мутлақ ғолибига Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси берилиши мунозараларга қизғинлик бағишлаб қолмасдан, танловнинг ўта шов-шувли ва қизғин тус олишига, етти ёшдан етмиш ёшгача барчанинг эътиборини тортишига сабаб бўлди:

- Қаранг-а, китоб ўқиганга машина совға қилинар эмиш.

- Қайси иштирокчини энг зуккороғи деб ҳисоблайсиз?

- Мен хоразмлик йигитчага қойил қолдим, кўзи ожиз бўлса ҳам тўрт мучаси соғлар билан тенг баҳслашаяпти...

3

Айтиш мумкинки, икки ёш тоифаси – 14-19 ва 20-30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасидаги танловдан кўзланган асосий мақсад – ёшлар орасида мутолаа муҳитини яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёшларнинг билим, маънавият ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни адабиётнинг сеҳрли оламига етаклаб киришга эришишдир.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борган танловнинг ҳар тўртала шарти бош мақсадга эришишга сафарбар этилган эди. Масалан, иккинчи – “Бадиий китоблар билимдони” шартида иштирокчилар актёрлар томонидан ижро этилган эпизод ёки монолог қайси асардан олингани, унинг мазмун-моҳияти, ғоя ва аҳамиятини шарҳлаб беришган бўлса, “Мен севган адиб” деб номланган яна бир шартда мониторда кўрсатилган 50 та рақам ортида яширинган жаҳон адабиёти, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти вакилларидан ўзи танлаган тўрт рақам ортидагиси ҳаёти ва ижоди ҳақида уч дақиқа мобайнида маълумотлар келтиришди. Финал босқичи иштирокчиларнинг 1 дан 20 гагача бўлган рақамлар ортида яширинган маънавий-маърифий, тарихий соҳага оид китобларни танлаб, улар ҳақида ўз мулоҳазаларини ўртоқлашишидан бошланган бўлса, “Шеърият” шарти билан якун топди.

Биз бурро жавоблардан нақадар завқ олган бўлсак, айрим ҳолатларда ўзбек насри буюк намояндаси Шукур Холмирзаев, йигирманчи аср жаҳон адабиётининг энг ёрқин вакиллари Франц Кафка, Альбер Камю, Габриэль Гарсиа Маркес ҳаёти ва ижоди ҳақидаги саволлар жавобсиз қолганидан ранжидик. Ҳатто бир иштирокчи Нобель мукофоти совриндори, буюк ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол” романи ҳақидаги саволга:

- Бизга адибнинг “Чол ва денгиз” қиссаси берилган эди, бу романни ўқиганим йўқ, - дея жавоб бергани ҳафсаламизни бироз пир қилди. Ваҳоланки, ушбу қисса ва роман ўтган аср 60-йилларида ўзбек тилидаги илк нашридан ташқари бошқа барча нашрларда бир жилд остида эълон қилинган эди.

Тағин бир иштирокчининг:

- Махтумқули қаерда яшаган? - деган оддий саволга:

- Тошкентда бўлса керак, - деган мужмал жавоби кўпчиликнинг заҳархандасига сабаб бўлгани ҳам рост.

Гап у ёки бу иштирокчи саволларга қай даражада мукаммал жавоб берганида эмас. Бу борада иштирокчиларнинг ёшлиги, айримлари адабиёт оламига эндигина тетапоя қила бошлагани, бутун мамлакат диққат марказида туриш салобати босганини ҳам инобатга олиш керак. Баъзан киши ўзи билган оддийгина савол жавобидан ҳам адашиб кетиши мумкин. Муҳими, бугун танловда ғолиб бўлган Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи  оддийгина қишлоқ қизи Моҳинисо Шомуродова ҳамда Қўқон давлат педагогика институти талабаси Шарофат Исмоиловани деярли ҳамма танийди. Нафақат танийди, балки фарзанди уларга менгзашини астойдил ҳавас қилишади.

4

“Ўзбекнинг орзуси нима?” деган саволга ҳар биримиз сира иккиланмай:

- Фарзандининг камолини кўриш, - деб жавоб қайтаришимиз шубҳасиз.

Шу орзу-ҳавас йўлида ўғил-қизимизни қарич ёшидан оқ ювиб, оқ тараймиз, кўнгли ўксимасин дея истаган нарсасини муҳайё қилишга интиламиз, пешона теримизни сарфлаб, топганимизни тўкиб-сочиб туғилган кунларини, суннат ва бахт тўйларини данғиллама қилиб ўтказамиз, ҳали турмуш оғир-енгилини англаб етмаган чоғида оёғи тагига машина олиб бераётганимиз сон нечта, аммо аксаримиз фарзандимизга бир дона китоб совға қилишга келганда, феъли торлик қиламиз. Беш-олти йил муқаддам бир топарман-тутарман танишимга:

- Айтинг-чи, бирон маротаба фарзандингизга китоб совға қилганмисиз? - деб савол берганимда, у менга истеҳзоли тикилиб:

- Қўйинг домла, китоб ҳам совға бўлармиди, - деган эди.

Негаки ўша пайти оддий қишлоқ қизи кўп китоб ўқиганлиги учун машина эгаси бўлади, деса ҳеч ким ишонмасди. Танловни кўриб, деярли барчамиз бунга ишондик ва ҳайратландик. Яқинда мактабимизда ўтказилган “Китоб ярмаркаси”ни кузатиб, кўзим қувнади. Хабарни эшитган ота-оналар гуррос-гуррос мактабга келишиб, фарзандларига китоб харид қилишди. Зеро, барча ютуқларнинг калити – билим ва бадиий тафаккурда. Китобга ошно кишидан эса ҳеч вақт ёмонлик чиқмайди.

Абдунаби АБДИЕВ,

Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!