Меню

Қашқадарё

09.08.2019 1682

"ШОЯД, БИР ТУҲФА ЕТИБ, УНДАН СЎНГ ҲЕЧ ҚАЧОН БАХТСИЗЛИК КЎРМАСАНГИЗ..."

Қурбон ҳайити Иброҳим алайҳиссалом ҳамда ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган.

Иброҳим (а.с.) узоқ йиллар шавқ билан зўрға етишган фарзандини забҳ этишга, яъни қурбонлик қилишга амр этилди. У зот Аллоҳ таоло розилигини нафс хоҳишидан устун кўрди. Ўғли Исмоил (а.с.) ҳам бу хатарли имтиҳондан шараф билан ўтди. Унинг тилидан оталаридан ўтган, пайғамбарлик нури билан суғорилган қалб нидоси отилиб чиқди: "Эй ота! Буюрилган ишни бажаринг! Иншоаллоҳ, менинг сабр қилувчилардан эканимга ишонасиз".

Ҳожар онамиз ҳам ягона жигарбандини кимсасиз, ҳеч бир наботот ўсмаган саҳрода қолдириб улуғ синовдан матонат ила ўтди ва: "Агар Аллоҳ амр этган бўлса, У зот бизларни ноумид қилмайди", деди. Аллоҳ таоло Исмоил (а.с.) зурриётидан Муҳаммадни (а.с.) элчи ва пайғамбар этиб юбориш учун унинг ўрнига катта бир қўйни қурбонлик қилди ҳамда бу жойнинг инсонлар ва бутун олам учун муборак бўлишини ирода этиб, Байтуллоҳ билан обод қилди. Бинобарин, унга дунёнинг барча жойларидан минглаб қалблар интилади.

Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ таоло ўз иродаси билан динларнинг охиргиси бўлган ислом динини мукаммал ниҳоясига етказгани ва бу динга рози бўлгани, бандалари одамлар ичидаги энг олижаноб уммат бўлишганини яна бир бор эсга оламиз. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг видолашув ҳажларида улуғ бир ҳукм нозил бўлди. Бу Ҳақ таолонинг қуйидаги каломидир:

"...Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун исломнинг дин бўлишига рози бўлдим. Кимки, гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир".

Шунинг учун ҳам бу буюк кун ҳайит сифатида нишонлашга лойиқдир. Бу илоҳий ҳукм қувончи ва шодлиги Аллоҳга беадад шукур айтишни барчамизга вожиб этади. Зеро, шу куни бизларга Аллоҳнинг неъмати тўла-тўкис, мукаммал қилиб берилди. У зот бизларни зулмат қаъридан нурга олиб чиқди, динни бизларга ҳидоят йўли этиб, хавфу хатардан омонлик сари йўллади.

Ҳайит кунларида Аллоҳ таолога энг севимли иш қодир бўлган кишиларнинг Ҳақ йўлида қурбонлик сўйишларидир. Қурбонлик қилиш вожиб амаллардан. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилишдир.

Бу муборак кунлар, шунингдек, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни кучайтириш кунларидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлар ахлоқига мос ва хос бўлган ўзаро саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини ҳайит билан қутлаш, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатлар кўпроқ намоён бўлиши лозим.

Байрам кунларида ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларни ҳадялар бериб ёки ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш мусулмон кишининг бурчидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик киргизишдир" (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангиз", дедилар (Табароний ривояти).

Бандаларга туҳфа қилинган кунлардан бири Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни Қурбон ҳайити куни ҳисобланади. Ушбу фазилатли кунларда дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртимиздан ҳам минглаб ватандошларимиз Байтуллоҳда улуғ Ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Аллоҳ таоло уларга ўз раҳматини ҳайит либоси қилиб кийдирди, уларга фазли-карами билан мағфират нишонини тақди. Юртимиз ҳожилари Минода жам бўлиб, улуғ Раббиларининг туҳфаларидан шодланишмоқда. Ҳожилар бу муборак жойда Аллоҳ таолодан ўзлари, оилалари ва юртларини ҳифзу ҳимоясида сақлашини сўраб, астойдил дуолар қилишмоқда. Байтуллоҳни тавоф этган вақтларида тазарруъ билан кўзларидан тўкилган ёшлар сабабидан Аллоҳ таоло уларга раҳмат ва баракотларини нозил қилгусидур, иншоаллоҳу таоло. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган ҳадисда: "Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклидир", дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Қурбон ҳайити - улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва, умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим.

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайитини барчамизга муборак қилсин! Мустақиллигимизни мустаҳкам, юртимизни тинч, офиятини бардавом қилсин! Фарзандларимиз илмли, имонлик бўлсинлар! Хонадонларимизга, маҳаллаларимизга, Ватанимизга, барча мусулмонларга Яратган файзу баракотини ёғдирсин!

Бу ҳайит намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этиб, даражаларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин! Омин!

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!