Меню

Қашқадарё

12.10.2023 6052

ШОН КЎРМАЙ "ЖОН БЕРГАН" ТАРҒИБОТЧИЛИК

Президент қарори асосида жорий қилинган, бироқ ими-жимида йўқотиб юборилган лавозимга мухтасар назар

 

Қарор ва ижро

Болаларга мўлжалланган "Даҳшатли Мешполвон" фильмини кўрмаган одам кам топилади орамизда. Эсингизда бўлса, Мешполвон қаттол ўлпончилар таъзирини бериб қўйгач, саройда солиқ ундирувчиларнинг каттасига қандай чора кўришни муҳокама қилади. Бир вазир уни итларга талатиш керак, деса, бошқаси қорни шишиб кетгунча ювинди ичириш лозимлигини таъкидлайди. Сепкилшоҳ эса "инсоф" қилиб, шуям одамгарчиликданми, келинглар, адашган жигарбандимизни ўзимиз ими-жимида йўқ қилайлик, дея камтарлик қилади.

Бундан икки йил аввал умумтаълим мактабларида жорий қилинган ва ими-жимида йўқотиб юборилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи ҳақида гап бораркан, ўша фильм воқеалари беихтиёр ёдга келаверади.

Нега жорий қилинган эди?

Қайд этиш зарур, Президентнинг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этиларкан, катта мақсадлар кўзланган эди.

Жумладан, 2021 йил 1 апрелдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги асосида иш бошлаган тарғиботчи ижодий қобилиятга эга ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш билан шуғулланиши; ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан мунтазам танишиб бориши, уларга ижодий жиҳатдан йўл-йўриқ кўрсатиши; ижодий тўгараклар ташкил этиши ва режа  асосида маҳорат сабоқларини олиб бориши; ёрқин истеъдодга эга бўлган ўқувчи-ёшларни Халқ таълими (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими) вазирлиги, Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловларга жалб қилиши, уларнинг ижодий ишларини адабиий нашрларга, альманахларга тавсия этиши белгиланганди.

Қолаверса, истеъдодли ижодкор ўқувчиларни атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали келажакда уларнинг ижод мактабларида таълим олишларига мотивация бериш; турли адабий, ижодий танловлар,  фестиваль ва бошқа тадбирлар ташкил этиш; китобхонликни ривожлантириш ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш; таниқли ёзувчи ва шоирларни жалб қилиш орқали умумтаълим мактабларида адабий-бадиий кечаларни ташкил этиш ҳам айнан ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар зиммасига юкланганди.

Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналарини тарғиб қилиш орқали ўқувчи-ёшлар онгида умуминсоний ва миллий қадриятларни шакллантириш, ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, бадиий адабиёт, ижодий жараёнларга қизиқтириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож, тарбияси оғир болаларнинг маънавий-руҳий ҳолатини яхшилашга ёрдам бериш ҳам айни шу лавозим эгаларининг мақсад-дастурига кирарди.

Тасаввур қилинг: юқорида айтилган мақсадларнинг ақалли ўндан бири рўёбга чиққан тақдирда ҳам ижодга иштиёқманд, қобилиятли болалар, ёшлар билан ишлаш тизими гулистон бўлиб кетиши керак эди. Бироқ...

Оз эмас, кўп эмас, нақ 15 миллиард сўм

Шу ўринда хомаки ҳисоб-китоб қилиб олсак. Қашқадарёдаги мактабларда 1200 дан ортиқ тарғиботчи фаолият кўрсатган бўлса, уларнинг бир ойлик маоши учун сарфланган маблағ оз-эмас, кўп эмас, миллиард сўмдан ошиб кетаркан. Ҳар бир тарғиботчи 0,5 ставка асосида 1 миллион 100 минг сўмдан маош олган бўлса, 1200 тарғиботчи учун давлат бюджетидан бир ойда 1 миллиард 320 миллион сўм (солиқларни чегириб ташлаганда) сарфланган бўлиб чиқади. Энди буни бир йил миқёсида тасаввур қилиб кўринг. Уларга худди педагоглар сингари таътил учун ҳам пул тўлаб берилганини ҳисобга олсак, биргина вилоятимизда тарғиботчилар учун йилига 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилгани аён бўлади.

Хўш, шунча маблағ ўзини оқладими-йўқми?

1) Оқлади!

Аввало, шуни эътироф этиш керак, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари томонидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда ҳар бир умумтаълим муассасасига тегишли тавсиялар асосида ижодкорлар - ёзувчи, шоир, журналист ҳамда она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари бириктирилди.

Шу орқали кўплаб мактаблар ўқувчилари таниқли ижодкорлар тажрибаларидан баҳраманд бўлишга улгурди. Ижодий учрашувлар, тўгараклар, оммавий ахборот воситалари орқали дунё юзини кўрган кўрсатувлар, мақолалар, репортажлар умумтаълим муассасаларига ўзига хос янги ҳаво олиб кирди. Аввал мактабдаги бирор тадбирни телевидение ёки бирор сайтда чиқариш маълум харажат, ҳаракат талаб этса, эндиликда бу вазифани тарғиботчиларнинг ўзи осонлик билан эплашди.

Кўплаб ижодкор ёшларнинг китоблари чоп этилди. Фақат телевизорда кўринадиган машҳур адиб ва шоирлар айнан ижодий учрашувлар баҳона мактабларга қадам ранжида қилди.

Қолаверса, тарғиботчиларнинг аксарияти "қалам" бор эмасми, мактабнинг ўзига хос "реклама"сини ҳам йўлга қўйди. Яхши тарғиботчилар  сабаб кўп мактаблар ўз ҳудудида маълум мавқега эга бўлиб олди.

Ўз ўрнида тарғиботчилар турфа мухбиру блогерларнинг ҳар турли ҳарбу зарбларига ҳам муносиб жавоб қайтариб турди. Бу ишга астойдил киришганлари эса ҳали обуна, ҳали  бошқа нарсани баҳона қилиб келадиган "текширувчи"ларнинг "думини тугди". Мактабни танқид қилиш кўйидаги "блогерман" деганининг оғзига урди ва мактаб жамоаси бемалол ўз ишини қиладиган муҳит яралишига ҳисса қўшди.

Шу ўринда энг муҳим жиҳатни айтмасак бўлмас. Биламизки, ижодий жараёнга сарфланган маблағ дарҳол натижа кўрсатмайди. Натижаси аниқ шаклда намоён ҳам бўлавермайди. Дейлик, бирор қурилиш учун пул тиксак, бирор ойда натижасини кўрамиз: кўкка бўй чўзган иморат маблағ қаерга кетганини кўрсатиб туради. Ижод эса шундай жараёнки, у йиллар ўтиб, одамлар дунёқараши, дид ва савиясида акс этади.

Бинобарин, бир мактаб тарғиботчиси учун бир йилда 10-15 миллион сўм сарфланган бўлса ва шу меҳнатлар самарасида бир неча йилдан кейин Абдулла Орипов, Эркин  Воҳидов даражасидаги ижодкор етишиб чиқса, шунинг ўзи жуда юқори натижа бўлади. Улар жамиятга берадиган маънавий нафни миллиардлар билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди. Шу маънода тарғиботчилик вазифаси улкан, узоқ марраларни кўзлагани билан эътиборга молик эди.

Шу ўринда айтиб ўтиш даркор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида жорий йил мартида Нишон туманидаги 18-мактаб ижодий-маданий масалалар бўйича  тарғиботчиси Маъмура Тўраева Зулфия мукофоти билан тақдирлангани ҳам тарғиботчилар ишига берилган ўзига хос баҳо, эътироф, десак хато бўлмайди.

 2) Оқламади!

 Аксарият тарғиботчиларнинг асосий иш жойи ТВ, газета-журнал, сайт бўлгани учун, гарчи улар ҳафтасига 20 соат дарс берадиган ўқитувчи каби болалар билан ишлаши қайд этилган бўлса-да, ҳеч қайси тарғиботчи мактабда бунча вақтини ўтказмади ва бунинг имкони ҳам йўқ эди. Шунинг учун аксар тарғиботчилар асосан ҳафтада 2-3 марта мактабга бориб, зиммасидаги вазифаларни бажаришга интилди. Бориб-бориб, ойда бир, 3-4 ойда бир борадиган ҳам бўлишди. Ҳатто икки йил тарғиботчи бўлиб ишлаб, бирор марта мактабга бормаган, ҳамма ишини директор билан телефонлашиб ҳал қилиб юрган тарғиботчилар ҳақида ҳам эшитдик. Табиийки, ишга бу каби муносабат билан бирор натижага эришиб бўлмасди. Тарғиботчи мактабга бормаса-да, ойлик олаверар, шундоқ ҳам, унинг иштирокисиз ҳам эришилган ютуқ-натижаларни ўзиники қилиб, қоғоз-қаламни жойида қилиб қўйса, кифоя эди.

Ўтган йили Қарши шаҳрида ишлайдиган журналистлардан бири Нишон туманидаги Нуристон шаҳарчасида жойлашган мактабда ишлашга рози бўлиб, тегишли масъуллардан тавсия хати сўраб юрганини билдик. Хомчўт қилиб кўрсак, агар у ҳафтада икки марта мактабга борса ҳам оладиган ойлиги йўл кирадан ортмас экан. Хўш, нега у шуни била туриб, тарғиботчилик қилмоқчи эди? Сабаби оддий: мактабга бирор марта бормайди, бояги 1 миллион 100 минг сўм ойма-ой пластик картасига тушиб  турса бўлди! Мактаб ҳаётини онда-сонда бир ёритса ёритди, бўлмаса, шуниям сўраб-тергайдиган кимса топилмасди.  

3) Наридан-бери бўлди!

Биласиз, мактабларда ўқувчию ўқитувчилар билан боғлиқ ғалва кўп бўлади. Қўлида қалами бор одамнинг шундай жойга ҳафтада икки-уч марта келиб туриши эса чўпдан ҳадиги бўлган директорга маъқул тушмаслиги аниқ. Нафақат вилоят, балки республика миқёсида таниқли журналистлар, ижодкорлар тегишли тавсияномага эга бўлиб, суҳбатдан ўтиб бориб, мактабда ишлай деса, директорлар томонидан ҳар хил нарсалар баҳона қилиниб, таниқли ижодкорларни мактабга сиғдиришмади.

Масалан, Байрам Али деган ёш ёзувчи йигитни бутун мамлакатда билишади. Шу ижодкор Қамашидаги мактабга тарғиботчиликка қўйилиб, мактабга бориб ишлай деса, директор қўймабди. Айтарли сабаб ҳам йўқ. Яна бир тарафи, адибнинг шу жойда ишлашга кўзи ҳам учиб тургани йўқ эди.

Қизиғи, шу ижодкор бошқа мактабда ишини давом эттириб, "Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи" танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритди! Шогирди эса Президент соврини учун ўтказиладиган "Ёш китобхон" танлови республика босқичида иштирок этиб, билим ва иқтидорини намойиш этди.

Ишлайман, болаларга илмимни, ўрганганларимни ўргатаман, деган тарғиботчилар ҳамма жойдаям бирдай қадрланмади ва улар ҳам ўзида борини тўла рўёбга чиқара олмади.

Хўжайин кўп, эга йўқ эди...

Лавозим жорий этилгандаёқ қизиқ вазият юзага келди: тарғиботчилар Ёзувчилар ёки Журналистлар уюшмалари тавсияси асосида ишга қабул қилинади. Республика Маънавият ва маърифат маркази уларнинг фаолиятига кўмак беради. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса маош тўлайди. Аммо аниқ эга ким: бу ҳақда бирор жойда қайд этилмади. Яъни ишга олинишдан тортиб фаолият кўрсатиш ва ишдан олишгача бўлган умумий жараён қайси идора назоратида бўлади - бу ҳақда вазирлик, уюшмалар ва Марказ томонидан имзоланган қўшма қарорда ҳам аниқ ёзиб қўйилмади. Шу боис ҳар ким ўзини эгадай тутди ва мушкул вазият,      муаммоли ҳолат юзага келганда, ҳамма ўзини четга тортадиган вазият пайдо бўлди.

Мисол учун, яхши ишламаган ёки мактабга умуман бормайдиган тарғиботчини ишдан ким олади, унинг  фаолиятига ким баҳо беради: аниқ режа, чора-тадбир белгиланмагани ва ҳуқуқини яхшироқ биладиган қаламкашлар билан тортишиб ўтирмаслик учун ҳеч қайси идорадагилар бош оғритиб ўтиришни истамади ва барча иш ўз ҳолича қолиб кетди.

Тугатилишига сабаб нима?

Кўп тарғиботчилар ўзаро суҳбатларда 0,5 ставка қачон бутун бўлиши ҳақида сўрар, бу кетишда шу ярим ҳам йўқ бўлиб кетмаса эди, деган фикрлар-да йўқ эмасди. Юқорида айтганимиздек, ишга масъулият билан қаралмаётганини тарғиботчиларнинг ўзлари ҳам бинойидай сезиб турар, шу сабаб тарғиботчи лавозими тугатилиши ҳақида хабарлар чиққанда кўпчилик буни табиий қабул қилди. Чамаси ишламай ойлик олавериш кўп тарғиботчиларнинг виждонини қийнаб улгурганди.

Гап шундаки, Президентнинг 2023 йил 1 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори изоҳ қисмида умумтаълим  муассасаларидаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими тугатилиб, 2528 штат бирлиги янги агентлик тизимига ўтказилиши қайд этилди. Шу билан жорий ўқув йили барча мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимисиз давом этмоқда.

Шу ўринда бир савол туғилади: мамлакатда мавжуд мактаблар сони 10 мингдан кўп ва шуларнинг барида тарғиботчи фаолият кўрсатган, 2023 йил 1 июндаги қарор асосида 2528 та штат янги агентлик ихтиёрига ўтказилган бўлса, қолган 7 мингдан зиёд ўрин бўш эмасми?

Қолаверса, 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифаси 2023 йил 1 июндаги қарор асосида тугатилгани тўғрисидаги ҳаволани кўрмаяпмиз.

Демак, 7 мингдан зиёд тарғиботчининг ҳар бирини 2 тадан мактабга бириктириб, улар ишини давом эттириш мумкинми-йўқми? Бунга тўсқинлик қиладиган норма қаерда бор? Устига-устак, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зиммасидаги вазифалар орасида айнан тарғиботчилар зиммасига юкланган вазифаларни ҳам кўрмаяпмиз. Шунчаки, қўйнидан тўкилса қўнжига: мавжуд штатлар бир ердан бошқасига кўчирилаяпти, холос...

*  *  *

Тўғри, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ишида камчилик ва хатолар кам бўлмади. Бироқ, юқорида айтганимиздек, улар бераётган фойда ҳам чакана эмас. Шундай экан, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими тугатилмаслиги керак. Ишга тайинлашда хўжайин кўп бўлганидек, фаолиятига ёрдамлашиш, ишламаса, вазифадан озод этишга ҳам масъуллар аниқ кўрсатилиши керак. Икки йил тарғиботчилар ишини тизимга солишда синов вазифасини ўтади. Ниҳол энди-энди бўй чўзиб, мева тугишга шай турганда, таг-томири билан қўпориб ташлаш мантиқдан эмас ҳар ҳолда...

Бекзод САЙФИЕВ 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!