Меню

Қашқадарё

18.03.2022 1671

ШОИР ЮРАГИДА ЯШАГАН УММОН

Бебаҳо хазина

Абдулла Орипов деганда кўз ўнгимизда беихтиёр қалбларни ларзага солувчи, кўнгиллар торини чертиб ўтувчи шеърият дунёсини ўз қалами билан титрата олган улкан қалб эгаси гавдаланади. Унинг асрларда барҳаёт асарларида замон дарди билан ҳамнафас бўла олганлигини, зўрма-зўракиликдан қочиб, халқ муаммолари, инсоний дард тўлғонишлари билан шеърият аталмиш бебаҳо хазинани тенгсиз жавоҳирлар билан тўлдирганини илғаш қийин эмас. Абдулла Орипов шоирлик заҳматини Аллоҳ унинг зиммасига юклаган бурч деб билди.

Шоир ижодига назар ташлар эканмиз, унинг ўз ақидасига, ўзига ҳукм қилинган бурчга содиқ қолиб, қалбидан сўзлаганининг, халқ орзу-армонлари, интилишларининг ифодачиси бўлганининг гувоҳи бўламиз. У киши қаламига мансуб бўлган "Жаннатга йўл" номли драматик достондаги ушбу мисралар юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир:

Сен шоирсан, сенга Аллоҳ ёруғ нур берди,

Оташ берди, забон берди, ҳам улуғ юрак.

Тимсолингда бечоралар ўз дардин кўрди,

Бахтин кўрди, шодликларин кўрганлар бешак…

Абдулла Орипов шеъриятидаги ўзгачалик шунда эдики, қайси бир мавзуни олманг, бу улкан бисотдан, албатта, шунга мос бир сатр топилади. Шоир бор умрини, ҳаётда кўрган-кечирганларини, ўй-хаёлларини бус-бутун шеърга кўчирган, шеърга солган дейиш мумкин. Ватанга бўлган севги-муҳаббатини Ватан севгиси дея ўзгача ном билан таърифлайди:

Сев Ватанни, севгин борини,

Тоғларининг қоригача сев.

Ҳукм деб бил ихтиёрини,

Чексиз, тубсиз ғоригача сев.

Юқоридаги фалсафий мисралардаги сўз қўллаш маҳорати ҳам ўзгача тасвирланган. "Ҳукм" ва "ихтиёр" сўзлари, "тоғларнинг қори" ва "тубсиз ғори" каби жозибадор тасвирларда сўзлар ўртасида қарама-қаршилик билан бирга маъновий боғлиқлик ҳам бор.

Абдулла Орипов меҳр, ишонч, соғинч, вафо, садоқат, армон, хиёнат, иккиюзламачилик ва бошқа бир қанча инсонга хос туйғуларни теран ҳис қила олган ва гўзал сатрларда тизган ижодкордир. Шоир мисраларида хаёлга келмаган ўхшатишлар топганки, мисраларини ўқиганимизда беихтиёр кўз олдимизда тасвир гавдаланади.

Негадир ёш бола ва ёки бемор

Гуноҳ иш қилгандек боқар жовдираб.

Овозингни баланд қилдингми бир бор,

Улар ҳадик ичра қолар довдираб.

Соғинч - ҳаммамизга таниш туйғу. Барчамиз кимнидир соғинамиз ёки кимларнидир соғинтирамиз. Аммо "Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам" деганда шоир мутлақ ҳақ эди:

Соғинган одамнинг кўнглида доғи,

Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.

Ҳаётда шундай инсонлар борки, эл орасида ўз ўрнига, обрўйига эга  шахсларни кўра олмайдилар. Уларни ўзлари ҳаётда муваффақиятга эришишидан кўра бошқа бировларнинг ҳаётда учрайдиган омадсизликлари кўпроқ қизиқтиради ва қувонтиради. Ўзининг камчилигини кўра олмайди, аммо ўзгалар камчилигини ўз ютуғи деб билади:

Бировларни камситиб ерга  уришдан олдин

Каттакон кўзгу қўйиб, ўзингга қараб олгин.

Зарга ўралган билан кесак ҳамиша кесак,

Чолдевор ўртасида кўмилган бир хум олтин.            

Абдулла Орипов асарларининг асосий қисмини ўзбек шеъриятидаги етакчи шакл - бармоқ вазни ташкил этса-да, серқирра ижодкор сифатида арузда ҳам ижод қилиб, ғазал ва рубоийлар ёзган. Ўша ҳаммамиз учун таниш ва машҳур бўлган Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб "Баҳор қайтмайди" қиссаси қаҳрамони Алимардон Тўраев тилидан куйланган "Кетмакдаман" радифли ғазали ҳам шоир ижодига мансублиги кўпчиликка аён. Қайсидир маънода асарнинг жозибадорлигини оширишда мисралардаги нолалар қаҳрамоннинг ички кечинмаларини тасвирлашда, ҳатто асар сюжетида ҳам ушбу ғазалнинг ўрни беқиёсдир:

Яхши қол, эй дилбарим, дилда кадар, кетмоқдаман,

Ишқ аро энди ҳолим зер-у забар кетмоқдаман.

На ишонч-у, на қувонч-у, на кўнгилдан очма гап,

Барчасидан ушбу кун йўқдир самар кетмоқдаман.

Биринчи мисраларда қўлланган "кадар" сўзи кўпчилик томонидан "қадар" тарзида талаффуз қилинади. Аслида бу "кадар", яъни арабчадан олинган сўз бўлиб, ғам-ғусса маъносида келган. Ушбу ғазалда ошиқ йигитнинг ёридан кетиши ҳақидаги изтиробли кечинмалари тасвирланган бўлса, "Эмиш" радифли ғазалида келтирилган қуйидаги мисраларда шукроналикни, маънан етукликни юракдан ҳис этади:

Минг бор шукр айтса арзир, кимки омон эмиш,

Яратганга ношукурлик жуда ёмон эмиш.

Расулуллоҳ лутф айламиш саҳобаларга:

Ғазабини енголса ким чин паҳлавон эмиш.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Абдулла Орипов ижоди бир йўла ҳам бепоён саҳро, ҳам тубсиз уммон, ҳам серёғин булут, ҳам серҳосил дарахтдир. Унинг шеъриятидан ҳар бир яраланган қалб малҳам топади, ойнада гўё ўз аксини кўргандай бўлади. Унинг шеърияти инсон қалбида беихтиёр ижодга нисбатан меҳр туйғусини оширади, ҳаётга нисбатан муҳаббатни кучайтиради. Шоирнинг ҳар бир шеърида кимнингдир руҳи яшайди, ҳар бир мисраси қалб торларимиздан яралган ўтли сатрлардир ва доимо бизни ўзига оҳанрабодек тортиб туради.

Моҳигул ОЛИМЖОНОВА, 

Дилдора ШОДМОНОВА,

Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари



Абдулла Орипов хотирасига

Униб шеъриятнинг куртакларида,

Тонгнинг қулоғига шивирлади дил.

Она Қўнғиртоғнинг этакларида,

Илҳомнинг отларин чоптирди дадил.

 

Қалбини йўргаклаб адолат ила,

Вужудин эркалар илоҳий ҳислар.

Қутқулар сўйлабон тинмади сира,

Ҳасад сиртмоғини отиб иблислар.

 

Заминнинг сочини ўрганда йиллар,

Ватанга шодликдан мунчоқлар терди.

Сабрнинг тўнини кийган дадиллар,

Меҳрга қувончдан гулдаста берди.

 

Маърифат машъалин сўзла ёққанда,

Кимлардир маломат тошларин отди.

Тундаги юлдузлар хира тортганда,

Шеърият тонглари шоир-ла отди.

 

Миллатнинг дардини куйлабон дадил,

Қалбларга комиллик кўзгусин тутди.

Тафаккур бағрида яшабон якдил,

Ватаннинг бетакрор мадҳини битди.

 

Ижоди ҳар лаҳза отмоқда илдиз,

Жисми бўлмаса ҳам номи тирикдир.

Шеърий само ичра бу митти юлдуз,

Буюк каҳкашонлар ичра буюкдир.

 

Мисраси чарх уриб ижод боғида,

Қувончга тўлибон халқнинг вужудин.

Руҳи саксон баҳор қучар чоғида,

Шеърият нур ила йўллар мактубин.

 

Адабиёт боғида мангудир ёди,

Ул зот шижоати қоракўзларда.

Юрак китобидан ўчмас баёти,

Бобом шеърияти бизнинг қўлларда.

Севинч ОМОНОВА,

Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг 11-синф ўқувчиси, "Йилнинг энг ёш истеъдодли шоири" республика кўрик-танлови ғолиби, "Митти юлдуз жилолари" кўрик-танлови совриндори

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!