Меню
Қашқадарё
ШОИР ШАХСИ ВА ИЖОДИГА ХОС САМИМИЯТ АБДУЛЛА ОРИПОВ ҲАҚИДА ЯРАТИЛАЖАК ҲУЖЖАТЛИ ФИЛЬМНИНГ ТАМАЛ ТОШИ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ
"Имконим бўлиши билан китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Ўша куни 1 соатча бўш вақтим пайдо бўлиб қолганди, Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасида жанг тарихини ўқидим. Буюк саркардамиз қандай ғалаба қозонгани менга жуда қизиқ эди. Тўхтамиш ҳам осонликча ютқазмаган экан, бунда Амир Темур бобомизнинг юксак ҳарбий тактика ва стратегияси, довюраклиги иш берган. Ўзимга ҳам ёзволдим, Амир Темур жангда 7 та усулни қўллаган экан".
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида юртдошларимиз билан жонли мулоқоти асносида билдирган ушбу фикрлари замирида чуқур маъно-моҳият мужассамдир. Давлатимиз раҳбари бу ўринда барчамизни:
бир томондан, инсон қадрини эъзозлаш ва хотирасини ҳамиша ёд этишга;
иккинчи томондан, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш ва Ватанимиз обрў-эътиборини дунё майдонида юксалтиришдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшган юртимиз фарзандларининг ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйишга;
учинчи томондан, Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс сари дадил одимлашида улкан аҳамиятга эга устувор хусусиятлар ҳисобланувчи китобхонлик ва маърифатпарварликни ҳар томонлама рағбатлантиришга чорламоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига оид фильм ишлаш ҳақида киночиларимизга алоҳида топшириқ бергани бу фикрларнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Давлатимиз раҳбари: "Мен у инсонни яхши танирдим, кўп ҳамсуҳбат бўлганман. Битта шеър ёзиш учун ўнта китоб ўқирдилар. "Колумбда бор аламим маним, Ўзбекистон ватаним маним!" деган ўтли сатрлар бекорга туғилмаган", дея таъкидлади.
Абдулла Орипов ҳақидаги фильмда, Президентимиз уқтирганидек, "Абдулла аканинг Тошкентга боргани, қийинчиликлар кўргани, шунга қарамай ижодидан чекинмагани кўрсатиб берилиши керак. Фильм охирида Абдулла Орипов тимсоли ёшларга мурожаат қилсин". Мутасаддиларга фильмни халқимизга тақдим этиш учун бир йил муддат берилди.
Мамлакатимиз раҳбари, шунингдек, Қарши шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Косон тумани фаоллари томонидан Абдулла Орипов номи билан боғлиқ ижодий танлов уюштириш юзасидан билдирилган таклифни маъқуллади. Президентимизнинг фикрича, бундай танловни аввал Қашқадарёда ўтказиш, кейин бутун мамлакат бўйича намуна қилиш зарур.
Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси ниҳоятда қадрланади. Атоқли шоиримизнинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Шу маънода, Юртбошимиз халқимизнинг ардоқли шоири хотирасини абадийлаштириш борасида илгари сурган аввалги ташаббуслар натижалари ҳақида мухтасар сўз юритиш айни муддаодир. Бу ўринда, албатта, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори доирасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталамиз.
Хусусан, Абдулла Орипов хотирасига бағишлаб пойтахтимизда тантанали адабий-бадиий кеча, халқаро илмий-назарий конференция ва вилоятлар марказларида турли анжуманлар ташкил этилди. Шунингдек, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда "Адиблар хиёбони"да таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида севимли шоиримиз ижодига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари кўпчиликнинг ёдида қолди.
Янада муҳими, Абдулла Ориповнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик "Танланган асарлар"и, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърий тўпламлари, "Абдулла Орипов замондошлари хотирасида" китоби нашр этилди.
Абдулла Ориповнинг архивида қанчадан-қанча эълон қилинмаган шеърлари ҳам сақланиб қолган. Шоирнинг 2021 йили "Adabiyot" нашриёти чоп этган навбатдаги китоби айни шундай шеърлардан иборат. Раҳматлик Устознинг турмуш ўртоғи Ҳанифа кеннойи Мустафо қизи ва кенжа фарзанди Рухсора Орипова нашрга тайёрлаган ушбу тўпламга ўз вақтида муаллиф томонидан "Шоирнинг туғилиши" деган ном танлангани бежиз эмас.
Чунки китобга шоирнинг асосан 1957-1965 йиллар оралиғидаги илк ижод намуналари, айрим шеърларининг қўлёзмалари ҳам киритилган. Адабиётшунос олимлар ва шеършунос тадқиқотчилар учун бу қўлёзмаларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Айни чоғда, шоир юрагининг уришини гўёки сездириб турадиган қимматли дастхатлар китобхонни ҳам бефарқ қолдирмайди.
Атоқли шоиримиз 80 ёшга тўлган даврда мухлислар унинг бетакрор ижодий мероси, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарларидан яна бир бор завқ-шавқ олиш ҳамда ҳали ҳеч ким ўқимаган янги шеърларини мутолаа қилиш имконига эга бўлдилар.
Аслида ҳам, Абдулла аканинг янги китоблари, бир томондан, дилимизни қувнатса ва бадиий дидимизни чархласа, иккинчи томондан, ўзининг сермазмун ҳаёти, бетакрор ижоди ва қизғин ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутган улуғ Устоз хотирасини миннатдорлик билан ёд этишга хизмат қилади.
Қолаверса, улуғ шоир хотирасига бағишланган яна кўплаб китоблар чоп этилди. Таниқли адабиётшунос олимлар Илҳом Ғаниев ва Нодира Афоқованинг "Абдулла Ориф фалсафаси" китоби шундай янги нашрлар сирасига киради. 2021 йилда "Muharrir nashriyoti" томонидан чоп этилган ушбу китоб шоир ижодини ичдан нурлантириб, элга манзур қилиб турган қирралар, бадиий сўз қудрати, миллий ҳис-туйғулар ва умумбашарий ғоялар, жайдари фалсафалар, серқатлам маънолар, метафорик образлар инсон тақдири, давр, илоҳий таълимотлар билан уйғунликда таҳлил ва талқин этилгани билан алоҳида ажралиб туради.
Каминанинг академик Қаландар Абдураҳмонов ва шоир Ғулом Мирзо билан ҳаммуаллифликда ёзган "Ўзбекистон - дилбар Ватаним" китоби ҳам юртимизда улуғ шоир таваллудининг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги қутлуғ ишга қўшган камтарона ҳиссамиздир. Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, Президентимизнинг халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимизни равнақ топтириш йўлидаги буюк эътибори ва изчил ғамхўрликларини алоҳида эътироф этишга бурчлимиз.
Бинобарин, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, "Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш - Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон - кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас".
Бугунги кунда жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда "Янги Ўзбекистон" ибораси тилга олинаётгани бежиз эмас. Бу кейинги даврда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, илм-фан, маърифат, маънавият соҳалари вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, интеллектуал бойликнинг қадр топаётгани халқимизнинг тарихи, тийнати, менталитети, асрий қадриятлари, орзу-умидлари билан бевосита боғлиқ.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда - Абдулла Қодирий, Наманганда - Исҳоқхон Ибрат, Жиззахда - Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним, Қаршида - Абдулла Орипов, Марғилонда - Эркин Воҳидов, Нукусда - Ибройим Юсупов, Андижонда - Муҳаммад Юсуф, Гулистонда - Ҳалима Худойбердиеванинг махсус ижод мактабларига асос солинди. Ўз навбатида, иқтидорли болалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Қарши шаҳрида бунёд этилган Абдулла Орипов музейини ҳаммуаллифларим билан бирга бир неча бор зиёрат қилдик. Севимли шоиримиз номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатдаги учрашувларда иштирок этдик.
Ушбу мактабда, аввало, бадиий ижод билан шуғулланадиган - кўзлари ёниқ, истиқболи ёруғ ёш истеъдод соҳиблари билим олаётганига бевосита амин бўлдик. Энг муҳими, ана шу навқирон йигит-қизларнинг барчаси устоз Адулла Ориповнинг ижодини нафақат севиб ўрганмоқда, балки таржима ва тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланмоқда.
Бу ерда сабоқ бераётган ўқитувчиларнинг ўзлари Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ижодининг шайдолари экани айни муддаодир. Айниқса, таълим масканининг инглиз тили ўқитувчилари атоқли шоиримиз шеърларини хорижий тилларга таржима қилиш борасида астойдил иш олиб бораётганидан ниҳоятда қувондик.
Дарвоқе, яқиндагина "Фан зиёси" нашриёти томонидан чоп этилган "Митти юлдуз ёғдуси" тўпламида Президент таълим муассасалари агентлигининг Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчиларининг ижод намуналари жамланган. Бу шеър ва ҳикояларни мутолаа қилиб, мактабда шаклланган ижодий муҳитнинг қай даражада эканига холис баҳо бериш мумкин. Айни шу баёз ҳам устоз шоиримизнинг таваллуд кунига яна бир мўъжаз совға бўлди.
Китобимизга "Ўзбекистон - дилбар Ватаним" деган жарангли номни танлашда ҳам атоқли шоиримизнинг машҳур "Баҳор" шеъридаги:
"Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон - дилбар Ватаним", -
деган мисраларга асосланганмиз. Бинобарин, Абдулла ака бутун умр Ватанимиз табиати ва инсонларини, эл-юртимиз тарихи, бугунги куни ҳамда келажагини ҳассос руҳ ва юксак даҳолик билан тараннум этган.
Устоз билан узоқ йиллик ўзаро ижодий ҳамжиҳатликдаги фаолиятимиздан эсдалик бўлмиш ушбу китоб ҳақида бир қадар батафсил тўхталганимизнинг сабаби шуки, бугун Абдулла Орипов орамизда жисман йўқ бўлса-да, руҳан барҳаёт.
Қолаверса, яна бир муҳим сабаб бор: Президентимиз топшириғи асосида тасвирга олинадиган ҳужжатли фильм ижодкорларига эзгу тилакларимизни билдиришдир. Абдулла Орипов ҳақида халқимизга манзур бўладиган самимий фильм яратишнинг муҳим омилларидан бири - улуғ шоир ҳаёти ва фаолиятининг барча қирралари очиқ, холис ҳамда теран кўламда қамраб олинишига боғлиқ, деган фикрдамиз.
Абдулла Ориповга замондош бўлган улуғ ижодкор - Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов таъкидлаганидек, "Шеъриятнинг буюк қудрати унинг ишонтириш кучидадир. Биз ҳар бир шеър ортида унинг эгасини кўрамиз, унинг маънавий оламини тасаввур этамиз, ўша шеър ортида турган одам ўзининг самимияти билан, ҳалоллиги билан бизни ўз туйғуларининг чинлигига ишонтирмоғи керак".
Хулоса қилиб айтганда, Абдулла акадан ана шундай улуғвор, ишончли ва қудратли ижод маҳсуллари халқимизга, бутун инсониятга маънавий мерос бўлиб қолди. Абдулла Орипов нафақат атоқли шоир ва таржимон, айни чоғда, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи, таниқли давлат ва жамоат арбоби, дилкаш ва оқибатли инсон сифатида ҳам хотирамизда абадий сақланиб қолажак.
Акмал САИДОВ,
академик