Меню

Қашқадарё

05.01.2017 3009

ШОҲСУПАНИНГ ЭНГ ЮҚОРИ ПОҒОНАСИДА

“ТЎРТ МАРТА ҒАЛАБАГА  ЭРИШДИМ”

Феруз ЙЎЛДОШЕВ,  профессионал боксчи:

- 2016 йил менинг ҳаётимда ва фаолиятимда ўзгача из қолдирди. Чунки шу даврда бир қатор ютуқларга эришдим. Таъкидлаш жоиз, профессионал боксдаги фаолиятимда шу кунга қадар тўққиз жанг ўтказиб, саккиз бор зафар қучдим ва бир марта мағлубият қайд этдим. Шу саккиз ғалабанинг тенг ярми, яъни тўрттасига ўтган йили эришдим. Бу мен учун катта натижа, деб ўйлайман.

Даставвал, 2016 йилнинг март ойида Россия Федерациясининг Грозний шаҳрида чеченистонлик Булад Бишиев билан рейтинг жангини ўтказдим ва очколар ҳисоби бўйича имкониятни бой бердим. Бироқ мазкур жанг тажриба ва иқтидоримни янада оширишимга кўмак берди. Машғулотларда мураббийим билан хатоларим устида ишладим, бу эса кейинги жангларда ўз самарасини берди. Хусусан, ўтган йилнинг май ойида ҳиндистонлик боксчи Мукеш Кумардан устун келдим. Августда Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида ташкил этилган рейтинг жангида мезбон мамлакат боксчисини, орадан бир ой ўтиб, яъни сентябрь ойида Екатеринбург шаҳрида ўтказилган жангда Озарбайжон вакили Мусаид Асадовни мағлубиятга учратдим.  

Айниқса, Қарши шаҳрида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган профессионал бокс кечаси ҳаётимда ўзгача из қолдирди. Ўша оқшомда қитъа чемпионлик камари учун грузиялик Михаил Солононки билан саккиз раундли жанг ўтказдим. Юртдошларимнинг қўллаб-қувватлаши бир томондан ўзимга бўлган ишончни, бошқа томондан зиммамдаги масъулият ҳиссини янада оширди ва мен катта устунлик билан ғалабани қўлга киритдим.

2017 йилда ҳам бир қатор мақсадларга эришишни кўзлаяпман. Ишончим комилки, бу йил ҳам мен учун  омадли йил бўлади.

“РЕЖАЛАРИМ УЛКАН”

Олим НОРМУРОДОВ, қўл жанги бўйича мамлакат терма жамоаси аъзоси:

- Болалик вақтимдан спортга, хусусан, қўл жангига қизиқардим. Бу спорт туридаги ажиб ва жанговар ҳаракатлар мени ўзига ром этганди. Тўққиз ёшимдан тажрибали мураббий Ботир Раҳмонов қўл остида шуғуллана бошладим. Бугунги ютуқларимда устозимнинг хизматлари беқиёс.

Ўтган 2016 йил фаолиятимда янги саҳифа очди. Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубогида биринчи ўринни қўлга киритдим, пойтахтимизда ўтказилган халқаро турнирда барча рақибларимдан устун келиб шоҳсупадан ўрин олдим. Айниқса, мамлакат чемпионати баҳсларига қизғин тайёргарлик кўрдик. Чунки мазкур мусобақа давомида жаҳон чемпионатига саралаш баҳслари ҳам ўтказиларди. Шу боис машғулотларда астойдил шуғулландим. Натижада мамлакат чемпиони бўлиб, жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритдим. Бу менинг энг катта орзуим эди.

14-15, 16-17 ёшли ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати Молдова пойтахти Кишинёв шаҳрида бўлиб ўтди. Қувонарлиси, 21 нафар спортчидан иборат мамлакатимиз терма жамоаси мусобақа давомида 7 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиқди. Ўз навбатида, мен ҳам 16-17 ёшлилар ўртасидаги баҳсларда 65 килограмм вазнда жангларга киришдим ва финалда россиялик рақибимни енгиб жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлдим. Бу катта бахт эди. Бундан ташқари, яна вилоятимиздан касби туманилик Ботир Ҳалимов ҳам олтин медалга эга чиқди.

Бугунги кунда Қарши олимпия захиралари коллежи ўқувчисиман. Устозим билан машғулотларга ҳар доимгидан ҳам жиддийроқ ёндашаяпмиз. Негаки энди ўз вазн тоифамда катталар ўртасидаги баҳсларда иштирок этаман. Жорий йилнинг февраль ойида жаҳон чемпионатида қатнашиш учун саралаш бўлиб ўтади. Саралашдан муваффақиятли ўтиб, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма олишни ва унда муносиб иштирок этишни кўзлаяпман.

Азизбек НОРОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!