Меню

Қашқадарё

08.11.2024 555

Шоҳиста Маматова -

республика кўрик-танлови совриндори

Тошкент шаҳрида бирламчи тиббий санитария ёрдами тизими ходимлари ўртасида ўтказилган  “Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи” республика кўрик-танловининг финал босқичида иштирок этган Миришкор туманидаги 25-оилавий поликлиника патронаж дояси Шоҳиста Маматова  “Оғир шароитда зудлик билан қарор қабул қилган патронаж доя” номинацияси ғолиби бўлди.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда тиббий бригадалар таркибида доя ҳамшираси штати жорий қилингани бирламчи тизимда оналар ва болалар саломатлигини асраш борасидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Бугун бу лавозимларда ишловчи ўрта тиббиёт ходимлари болалар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.

- Бутун мамлакатнинг энг маҳоратли доялари сафида бўлиш – катта бахт, албатта, - дейди Шоҳиста Маматова. – Менга тумандаги Нурафшон маҳалласида яшайдиган 964 нафар туғиш ёшидаги хотин-қизлар бириктирилган. Жорий йилги фаолиятим давомида 8 нафар ҳомиладор аёлдаги хавф омилларни эрта аниқлаб, ҳомиладор аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлом болалар туғилишига ўз ҳиссамни қўшдим. Меҳнатим кўрик-танловда эътироф этилиб, номинация ғолиби бўлдим. Бу эса мени янада масъулият билан ишлаш ва тинимсиз изланишга ундайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!