Меню

Қашқадарё

26.10.2017 1705

ШИРКАТ РАИСЛАРИ ОГОҲЛАНТИРИЛДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғининг тегишли фармойишига асосан Қарши шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан ҳам аҳоли хонадонларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, электр энергияси ёки табиий газ ёрдамида ишлайдиган турли воситалардан белгиланган талаблар доирасида фойдаланиши бўйича кўздан кечириш, тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, октябрь ойининг ўтган вақти давомида Пахтазор миттитуманида жойлашган кўп қаватли уйларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилиб, аҳоли вакиллари билан профилактик тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, кўп қаватли уйлар подъездларига эшиклар ҳамда ёритиш деразаларига ойналар ўрнатилган бўлса, хонадонларни иситиш эҳтиёжи анча камаяди. Бу ишни амалга ошириш эса ўша уйга коммунал хизмат кўрсатувчи уй-жой мулкдорлари ширкати зиммасида. Аммо ўрганишлар давомида бир нечта кўп қаватли уйларда подъездларнинг ёритиш ойналари синганлиги, янгиси ўрнатилмагани аниқланди. Қолаверса, айрим фуқаролар кўп қаватли уйлар ёнида ноқонуний қурилишларни амалга оширган, атрофдаги ерларни сим тўсиқлар билан ўраб олишган. Бу эса ёнғин содир бўлган ҳолатларда фуқароларнинг, шунингдек, ўт ўчирувчиларнинг эркин ҳаракатланишига халақит қилади. Шу боис, ушбу кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи “Пахтазор”, “Пахтазор ҳақиқат” , “Ойдин”, “Наврўз” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раислари огоҳлантирилиб, мазкур камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш хатлари олинди.

Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан электр энергияси  ёрдамида ишлайдиган қўлбола воситалардан, суюлтирилган газ баллонларидан белгиланмаган тарзда фойдаланиш ҳамда электр симларини очиқ ҳолатда ишлатиш каби ҳолатлар аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан хонадон соҳиблари билан тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тадбир давомида шаҳардаги барча хонадонларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини кўздан кечириш белгиланган.

А.АЗИЗОВ,

Қарши шаҳар ЁХБ бошлиғи ўринбосари, майор

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!