Меню
Қашқадарё
ШИНАМ, КЎРКАМ ВА АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАР
Айниқса, ушбу ўзгаришлар қишлоқда намунавий лойиҳалар асосида барпо қилинаётган бири-биридан кўркам, шинам уй-жойлар мисолида янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Мазкур уйлар халқ фаровонлиги, юрт ободлиги рамзига айланмоқда, десак адашмаймиз.
Маълумки, қишлоқда шаҳарникидан қолишмайдиган шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ аҳли учун муносиб турмуш тарзини таъминлаб бериш мақсадида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қурилиши бошлаб берилганди. Бу сиёсат халқимиз томонидан улкан қувонч ва хайрихоҳлик билан кутиб олинганини қуйидаги рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 2009-2016 йиллар давомида биргина вилоятимиз ҳудудидаги 98 та массивда 7578 та ана шундай уй-жой қуриб фойдаланишга топширилди. Натижада шунча оиланинг бахтиёр ҳаёт кечириши таъминланди. Бундан ташқари, ушбу қишлоқ массивларида замонавий маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, дам олиш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш масканлари бунёд этилгани аҳолига кенг қулайлик туҳфа этгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши эса бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.
- Ушбу қарор билан тасдиқланган тегишли дастурга асосан қўшимча равишда қишлоқ жойларда арзонлаштирилган 3 турдаги якка тартибдаги уй-жойларни барпо этиш белгиланди, - дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Қашқадарё филиали бош мутахассиси Сардор Муродов. - Бунда аҳолининг реал талаб ва эҳтиёжлари, харид қобилияти эътиборга олингани барчанинг имкониятини янада оширди. Бундай уйларни барпо этишда энергия тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш кенгайди, мавжуд харажатларни оптималлаштириш ҳисобига уйларнинг таннархи пасайтирилди. Ўз навбатида, арзон уйларни қуриш ҳуқуқини қўлга киритган пудрат ташкилотлари бажариладиган ишлар ҳажми учун солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилади.
Тегишли дастурга мувофиқ, жорий йилда вилоятимизнинг қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар бўйича жами 1523 та уй-жой қурилиши мўлжалланган. Хусусан, янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 248 та кўп қаватли 2 ва 3 хонали, 410 та 1 қаватли 2 ва 3 хонали (0,02 га), 448 та 2 қаватли 4 хонали (0,04 га) арзонлаштирилган уй бунёд этилиши белгиланган.
- Тўрт нафар ўғлим бор, барчаси оилали, аммо уларга ер олиб, уй қуриб беришга қурбим етмади, - дейди Қарши туманида яшовчи Қўлдош Рўзиев. – Шу вақтгача ҳаммамиз 6 сотихли битта ҳовлида яшаб келаётгандик. Туманимизда арзонлаштирилган уйлар қурилишини эшитиб, дарҳол ҳокимликка ариза билан мурожаат этдик. Аризам ўрганиб чиқилиб, қаноатлантирилди. Йиғиб қўйган маблағимизни бошланғич бадал сифатида тўладик. Катта ўғлим бир йил деганда оиласи билан ҳамма шароитлари муҳайё, шинам ва қулай уйга кўчиб кирди. Қолганларига ҳам ана шу уйлардан олиш ниятидаман.
Дарҳақиқат, қишлоқларда уй-жой қуриш борасида ушбу янгича ёндашув аҳолининг кенг қатлами учун катта имкониятлар яратмоқда. Бунинг самарасида оилаларнинг ҳаёти янада фаровонлашиб, қишлоқлар обод гўшага айланмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.