Меню
Қашқадарё
Шимолликларни "нотаниш иситма" безовта қилаяпти
Душанба куни Шимолий Корея (КХДР)да юқори тана ҳароратидан шикоят қилган 269 минг нафардан ортиқ бемор ва яна 8 та янги ўлим ҳолати рўйхатга олинди, шу тариқа мамлакатда барча касалланганлар сони 1 миллион 483 минг кишидан ошди, дея хабар беради мазкур давлатга қарашли Марказий телеграф агентлиги.
Аввалроқ КХДР пандемия бошланганидан буён илк марта мамлакатда коронавирус юқтириб олиш ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берганди. Яъни, агентлик маълумотларига кўра, Шимолий Кореяда апрель ойи охиридан "нотаниш иситма" тарқала бошлаган. Давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларининг қатор хабарларидан мамлакатда коронавирус тарқалгани ҳақида хулоса қилиш мумкин, бироқ covid-19 билан зарарланганлар орасида юқори тана ҳароратидан азият чекаётган беморлар улуши қанчалигига оид аниқ маълумотлар келтирилмаган.
Марказий телеграф агентлиги давлат фавқулодда эпидемияга қарши кураш штаби маълумотлари асосида "касалликнинг ёйилиши ва даволаш ҳолати ҳақида" тарқатган хабарлардан ойдинлашадики, 16 майда КХДРда "юқори тана ҳарорати билан оғриган" одамлар сони қарийб 270 минг нафарга ошиб, 8 та ўлим қайд этилган, 170 минг нафардан ортиқ бемор тузалган.
Умуман, айни пайтда Жанубий Кореяда иситмалагани қайд этилган жами беморлар сони 1,5 миллион нафардан ошиб, уларнинг 900 минг нафарга яқини соғайган, қолганлар эса даволаниш курсларини давом эттирмоқда, ўлим ҳолатлари сони 60 га яқинлашган. Вирус тарқалишини тўхтатиш, қисқа муддатда "инфекция манбасини йўқ қилиш" учун КХДР раҳбари Ким Чен Ин буйруғи билан мамлакатнинг барча шаҳар ва аҳоли пунктларида чекловлар жорий этилган.