Меню

Қашқадарё

22.10.2016 2091

ҚЎШИМЧА ДАРОМАД – ОИЛАГА МАДАД

Қарши туманида яшовчи Хайрулло Узоқов ҳам ишбилармон инсон. У рўзғорга кўпроқ наф келтириш мақсадида ўз томорқасида мўъжаз иссиқхона ташкил қилган. Бу ерда етиштирилаётган бодринг аллақачон сотувга чиқарилмоқда.

- Шу йили иссиқхона майдонини янада кенгайтирдим, чунки қўшимча фойда чўғини оширмоқчиман, - дейди суҳбатдошимиз. – Сентябрь ойининг илк кунида 4 сотих ернинг ҳаммасига бодринг уруғларини эккандик. Бироз аввал ҳосил олишни бошладик. Ҳар куни ўртача 50-60 килограмм маҳсулот териб олаяпмиз. Қишлоғимиздан ортмаяпти. Аҳолига сотаяпмиз, шу ердаги савдо дўконларига тарқатаяпмиз.

Хайрулло Узоқовнинг иссиқхона шароитида деҳқончилик қилишда тажрибаси катталиги бир қарашдаёқ билинади. Ҳар бир кўчат оралиғи 20 сантиметрдан ошмайди. Поянинг бодринг ниш урган қисмидаги палаклари узиб олинган. Шундай қилинса, ўсимлик ердан сўрилаётган озуқани бевосита ҳосилга йўналтирар экан. Бу эса бодрингларнинг тезда пишиб етилишига замин ҳозирлайди. Уста томорқачи кўчатларни суғоришда ҳам илғорлик намойиш этган. Иссиқхонада томчилаб суғориш тизими ўрнатилган. Бунинг натижасида сезиларли миқдорда сув тежалишига эришилмоқда. Асосийси, ушбу хонадоннинг барча аъзолари иссиқхонадаги юмушлар билан банд. Шундай бўлиши табиий, албатта. Боиси, томорқадан келаётган қўшимча даромад оилага мадад бўлаяпти, дастурхон тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшаяпти.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратларда: Хайрулло Узоқовнинг иссиқхонасида иш қизғин.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!