Меню

Қашқадарё

09.05.2019 1723

ШИЙПОНДА ЯШАГАН ОИЛА ЭНДИ УЙЛИ БЎЛДИ

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатдан ҳам шу мақсад - аҳолининг уй-жойга муҳтож қатламини самарали қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Ўтган йиллар давомида оғир оилавий шароити ҳисобга олиниб, кўплаб кишиларга шундай ёрдам кўрсатилди. Уларга ҳеч бир тўловсиз, яшаш учун барча мақбул шароити бўлган хонадонлар берилди. Вилоятимизда ҳам бу борада жиддий ишларга қўл урилди. Бултур Қарши шаҳри Шайхали маҳалласида 70 хонадонга мўлжалланган уй бунёд этилиб, эгаларига топширилганди. Куни кеча эса Кат маҳалласида барпо қилинган икки қаватли уйга ҳам оилалар кўчиб киришди.

Шу муносабат билан тантанали маросим ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, турли ташкилот ва идоралар мутасаддилари, ёшлар, хонадон соҳибларининг яқинлари қатнашди. Бу маросим хайру саховат айёми бўлмиш муборак Рамазон ойида бўлиб ўтгани ҳам бежиз эмас. Бинобарин, шу кунларда қилинган эзгу амаллар савоби янада улкан бўлади.

Тантанада 20 та оила вакиллари уй-жойдан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификат ва хонадон калитларини қабул қилиб олишди. Шунингдек, уларга қимматбаҳо совғалар ҳам тақдим этилди.

- Қизим  Дилнавоз учун жуда хурсандман, - дейди Қарши шаҳри Нахшаб маҳалласилик Гулнора Вороненкова. - 3 йилдирки, оғир касал, саратонга чалинган. Бир ўғли бор. Ўзи меҳнатга лаёқатсиз. Шу пайтгача 8 киши бир уйда тиқилиб, қимтиниб яшардик. Шароити ҳам ўзига яраша. Кўмак сўраб мурожаат қилгандик. Эътиборга олишди. Янги уйдан бир хона ажратиб беришди. Ҳали ҳам кўзларимга ишонолмаяпман. Ҳамма нарса етарли. Шинам ва қулай. Шу ишга бош-қош бўлган барчага чуқур миннатдорлик билдираман.

Айтиш жоиз, мазкур уй ўрни аввал қурилиши тугалланмаган боғча биноси бўлган. 30 йилга яқин фойдаланилмасдан келган. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфланиб, бир ва икки хонали 10 тадан хонадонга мослаштирилган. Зарур инфратузилма тармоғи қурилган. Атрофи ободонлаштирилган. Тез орада уй яқинида тикувчилик цехи иш бошлайди. Корхонага асосан хонадонда яшайдиган хотин-қизларни меҳнатга жалб қилиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, келгусида шу жойдан эҳтиёжманд оилалар учун яна 3 та икки ва кўп қаватли уй барпо қилиниши мўлжалланмоқда.

Маросим вилоятимиз санъат усталарининг бадиий чиқиши билан янада серфайз ўтди.

Тадбирда Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев ва вилоят ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқишди.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!