Меню

Қашқадарё

01.11.2019 2160

ШИФОКОРЛАР НЕГА КАЛТАКЛАНМОҚДА?

 

Коса тагида нимкоса

Бугун беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ўз вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши, уларга тан жароҳатлари етказилиши оғриқли масалалардан бирига айланиб бормоқда. Бу каби ҳолатлар ижтимоий тармоқларда ҳам тез-тез тилга олинмоқда.

Жумладан, шу йилнинг 16 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалидан чақирувга биноан  Қарши шаҳри Депо кўчаси 28-уйга етиб борган фельдшер ва шифокор калтакланганидан хабарингиз бор. Ваҳоланки тез ёрдам бригадаси айтилган манзилга 6 дақиқада етиб борган. Бемор эса улар боришидан олдин омонатини топшириб бўлган. Шундай ҳолатда ким нима қила оларди?! Хонадон эгалари эса ёрдам кўрсатишга келганларни уриб-тепишдан ўзларини тийиб туролмаган. Натижада фельдшер ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, врач ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

 

Тиббиёт ходимлари - қонун ҳимоясида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги  шифокорларга тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари кўмагида "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Айни пайтда  депутатлар мазкур лойиҳани биринчи ўқишда қабул қилди.

Ушбу ҳужжат тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланишини кўзда тутади.

Беморлар ҳақида ким қайғуради?

Дарҳақиқат, кимнингдир ҳаётига дахл қилиш - шубҳасиз жиноят. Хизмат вазифасини бажараётган шифокорга қўл кўтариб, унинг ҳаёти, соғлиғига тажовуз қилиш ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган ачинарли ҳолат. Аммо масаланинг яна бир жиҳатини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ҳуқуқ талаб қилинар экан, бурч ва вазифаларни ҳам ёддан чиқармаслик зарур. Зотан, кимнингдир ўз бурчини бажармаслиги ўзгалар ҳаёти, саломатлигига раҳна солиши мумкин. Зеро, Жиноят кодексида ҳаракатсизлик ҳам жиноят сифатида баҳоланади.

Туғруқхонадаги "бер-бер"лар қачон барҳам топади?

Бехосдан телефоним жиринглаб опам айтиб қолди:

- Келинимни кеча туғруқхонага олиб келган эдик. Тўлғоғи оғир кечаяпти. Дўхтирлар "операция" қилиш керак, дейишди. Агар имкони бўлса озроқ пул олиб келолмайсанми? Киссамиздагининг чўғи пасайиб қолди...

Тезда туғруқхонага етиб бордим.

- "Фалончаева"нинг одамлари қани? Қани, келинглар, дея алоҳида хонага чақиришди. Ичкарига кириб кетган жияним бир оздан сўнг тарвузи қўлтиғидан тушиб, чиқиб келди ва онасига шипший бошлади.

- Инсофсизлар. Нақд 350 минг сўмни санаб олди. Ҳалиям инсоф қилаяпмиз, дейди.

- Қўй, куюнма, болам, пул топилади. Ҳарқалай хотининг, болангнинг жони соғ, шунисига ҳам шукур қил, - дея уни юпатди онаси.

 Кутиш учун ўтирган одамларга бир-бир разм соламан ва тахминан санай бошлайман. Чамамда, туғиш учун келган 15-20 аёлнинг яқинлари хушхабар кутиб эшикка термулиб ўтирибди. Шунда хомчўт қила бошлайман.  Бир кунда 10 кишининг кўзи ёриса, ҳар биридан шунчадан пул олса, қанча бўлади? Во ажабо...

Қабулхонадан ташқарига чиқиб, чақалоқларни кузатув хонасига назар ташладим. Бу ерда ҳам нарх белгиланган экан. Яъни "палата" ва болалар шифокорининг ҳар бирига 25 минг сўмдан, чақалоқни олиб чиққан ҳамшираларга эса ҳар ким "ҳимматига" қараб берар эмиш...

Рағбатга раҳмат шуми?

Айтиш керакки, бугун мамлакатимизда тиббиёт ходимларининг самарали меҳнат қилиши, уларни ижтимоий муҳофазалаш учун катта имкониятлар яратилмоқда. Тиббиёт ходимларининг маоши босқичма-босқич оширилмоқда, соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар барчани мамнун этаётир. Шунга қарамасдан, касб шаънига доғ туширадиган ҳолатлар рўй бераётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бунда биргина яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган Қарши шаҳар туғруқ мажмуасидаги тамагирлик ҳолатини эслаш кифоя.

- Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмагани каби тиббиёт соҳасида ҳам ўз нафсини беморлар соғлиғидан устун қўяётган ходимлар учраб турибди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш    бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Шерали Нурматов. - Тизимда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларни кучайтириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Шаҳар туғруқ мажмуасидаги ҳолат бўйича эса уч шифокор ва бир ҳамшира ҳамда тегишли қонун талабларига риоя этилиши борасида назоратни сусайтиргани учун бош шифокор Салима Ачилова эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Танганинг иккинчи томони

Шундай вазиятларда бурч, масъулият, ўз вазифасини сидқидилдан бажариш каби масалалар ҳақида ким ўйлаши керак? Вазифасига совуққонлик билан қараётган шифокорга ким чора кўриши лозим? Бугун шифокорларга тажовуз кўпаймоқдами, демак, соҳада ҳал этилиши шарт бўлган муаммолар бисёр. Жамиятда шифокорларга салбий муносабат шаклланганми, бунинг сабабларини аввало шифокорларнинг ўзидан излаш керак. Қачонки соҳада ялпи тўғри, ҳалол ишлашга ўтилади, кейин одамлар ҳам уларни ёппасига ҳурмат қила бошлайди...

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!