Меню
Қашқадарё
ШГКМни кенгайтиришга жорий йилда 250 миллион доллар ажратилади
Инвестиция лойиҳалари
2020 йилда "Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш" лойиҳаси доирасида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ва корхонанинг ўз маблағлари ҳамда хорижий кредитлар ҳисобидан 250 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига кўра, жорий йилда мазкур лойиҳани амалга оширишга миллий валюта эквивалентида 2 триллион 520 миллиард сўм сарфланиши назарда тутилган бўлса, ушбу сармоянинг 44 фоизи мажмуа ва компания, қолгани эса кредиторлар томонидан ажратилади.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ушбу инвестиция лойиҳасининг мақсади маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб катта бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали полимер ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, Шўртан газ-кимё мажмуасининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини такомиллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда хом ашё ва материалларнинг импортини камайтиришдан иборат. 2017-2021 йилларда рўёбга чиқарилаётган бу стратегик аҳамиятдаги ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши воҳамиздаги энг йирик саноат корхоналаридан бирида полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажмини йиллик 125 минг тоннадан 405 минг тоннагача кўпайтириб, ҳар йили 100 минг тоннагача полипропилен ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради. Умуман олганда, мажмуада полимерлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги билан таққослаганда 4 баравар ошади.
Айни пайтда Шўртан газ-кимё мажмуаси ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ва тозаланган метан газидан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларнинг бир-бирига уйғун ҳолда амалга оширилиши яқин келажакда ШГКМ негизида мамлакатимизда биринчи газ-кимё кластерининг яратилиши учун замин ҳозирламоқда. Яъни ҳудудда бунёд этилаётган "Uzbekistan GTL" заводида Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан етказиб берилган табиий газдан ишлаб чиқариладиган нафта ва суюлтирилган газ тағин мажмуага янада чуқур қайта ишлаш ва полимер маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун жўнатилади. Иккита йирик лойиҳа ижросида иштирок этаётган ёшлар эса халқаро даражадаги билим ва тажриба орттиришмоқда ва бу саноатнинг мазкур тармоғида мутахассисларнинг янги авлоди шаклланишига олиб келмоқда.
ШГКМ ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш лойиҳаси доирасида "Enter Engineering Pte Ltd" компанияси билан умумий қиймати 1,3 миллиард долларга тенг "калити билан" топшириш шарти асосида шартнома (EPC шартномаси) имзоланган. Корхонада барпо этиладиган объектлар "CB&I" ва "Chevron Philips" каби етакчи компанияларнинг энг замонавий газ-кимё технологиясидан фойдаланишга асосланган.
Мажмуа сайтида келтирилган маълумотларга кўра, ўтган йили корхонада 4 миллиард 196,4 миллион куб метр хом ашё гази қайта ишланиб, 3 миллиард 578,8 миллион куб метр тозаланган табиий газ, 116,8 минг тонна суюлтирилган газ, 103,7 минг тонна газ конденсати, 134,7 минг тонна полиэтилен гранулалари, 1,1 минг тонна олтингугурт, 4,5 минг тонна полиэтилен қувурлари, 32,8 тонна полиэтилен фитинглари ва 329,1 тонна томчилатиб суғориш тизими деталлари ишлаб чиқарилиб, деярли барчаси бўйича (полиэтилен қувурларидан ташқари) режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган.
Ўз мухбиримиз