Меню
Қашқадарё
ШАРТИ КЕТИБ-ПАРТИ ҚОЛГАН ҚУВУРДАН КУНИГА ТОННАЛАБ СУВ ИСРОФ БЎЛМОҚДА
Фотофакт
Қачонлардир ичимлик сувига "томчиси тиллога тенг" дея берилган таъриф уни исроф қилмаслик нуқтаи назаридан айтилган бўлса, бугунга келиб, дарҳақиқат, сувнинг қадри анча сезилиб бораяпти. Боиси, айни пайтда "қора олтин" сифатида баҳоланадиган нефть маҳсулоти - бензиннинг бир литри 5 минг сўмдан баландроқ бўлса, 1 литр сув савдо шохобчаларида 1,5-2 минг сўмдан сотилаяпти. Бири хом ашёни қайта ишлаш ёрдамида ажратиб олинади, иккинчиси эса табиий. Кўриниб турибдики, сув арзонбаҳо нарса эмас, қолаверса, "сув текин" деган ташбиҳлар ҳам айни дамда ўз аҳамиятини йўқотди.
Қувур етиб бормаган ҳудудлар аҳолиси ичимлик сувини машинада 100-200 минг сўмдан сотиб олишаётгани ҳам сув нархи нақадар қиммат эканини кўрсатиб турибди.
Шундай бир шароитда Қарши шаҳрида кунига тонналаб сув исроф бўлиб, ер қаърига сингиб кетаяпти, десак, эҳтимол ишонмаслигингиз, ёқа ушлашингиз-да табиий. Аммо бу бор гап. Шаҳардаги Хонобод кўчасида, илгариги банк коллежи ва академик лицей тарафда, халқ тилида "подстанция" дея аталадиган манзилдан юқорида қувур тешилиб, сиз суратда кўраётган манзаралар ҳосил бўлган.
"Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖдан суриштириб билишимизча, биз айтаётган манзил - 3-баландликка сув кўтариш иншооти 1976-1977 йилларда қурилган бўлиб, мазкур насосдан чиқувчи, 1020 миллиметр диаметрли ичимлик суви қувури Муборак газни қайта ишлаш заводини сув билан таъминлаш учун тармоқлашган экан. Ёши қарийб ярим асрга яқинлашган қувурлар бугун яроқсиз ҳолатга келиб қолибди ва унинг Хонобод кўчасидан ўтувчи қисмидан сув чиқиб, авария содир бўлган.
25 июнь куни аварияларни бартараф этиш гуруҳи айтилган жойда бўлиб, кўнгилсиз ҳолатга чек қўйибди. "Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖ томонидан қилинган иш бўйича тақдим этилган суратларда гарчи бир киши ишлаб, ўн киши томошабин бўлиб тургани акс этса-да, ҳартугул муаммо вақтида бартараф қилингани яхши.
Бироқ авария бартараф этилди, дегани билан бир неча метр наридан сув сизиб, бир ариқ бўлиб оқиб ётибди, "колодец"га шаршара мисоли қуйилиб турганини кўриб ачинишдан ўзга имкон тополмайсан.
"Биз бир мошин сувни 200 мингга сотиб оламиз, бу ёқда ариққа оқиб ётибди", дейди ўзини Косондан дея таништирган йўловчи.
Ўз-ўзидан савол туғилади: нега авария гуруҳи тешилган қувурнинг бир жойини ямашдию, бошқа жойига тегишмади?
Тусмолимизга кўра, ямалган жойдан сизаётган сув йўлга чиқиб кетган ва кўзга анча кўриниб қолган. Биз айтаётган жойдаги сув эса шундоққина ариққа қуйилиб турибди ва кўрган одам ичимлик суви исроф бўлаяпти, деган фикрга бормайди...
Аммо ариқдаги сув кеча ёки бугун оқмаяпти шекилли, узоқ йўлдан келаётгани сезилиб турган кишилар ҳам машинадан тушиб, баклашкаларини сувга тўлдириб олишаяпти. Демак, сув ариқники эмас, ичадиган сув эканини улар яхши билишади...
"Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖ вакиллари эскирган қувур жорий йил давомида тўлиқ янгиланишини билдирди. Бу яхши, бироқ унгача сув исроф бўлиб ётаверадими? Наҳотки унгача мантиқли, ақлга мос келадиган чора кўришнинг имкони бўлмаса?
Биз тегишли масъулларни кечиктирмай чора кўришга чақирамиз. Зеро, бизда кунига тонналаб сув исроф бўлаётган бир чоғда қаерлардадир унинг томчисига зор одамлар бор. Бунинг уволи ёмон бўлади, ёмон...
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.